Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мақола мазмуни сарлавҳада акс этиши керак

Газеталарнинг кўриниши, бошқача айтганда, дизайни бир-бирига ўхшамагани каби материалларни тайёрлаш услуби ҳам бири бошқасини такрорламайди. Самарқандда чоп этилаётган шаҳар ва туманлар нашрларини бир-бир варақлаб, сарлавҳалар мисолида ўзига хос бўлган жиҳатларини топишга ҳаракат қилдик.

“Самарқанд” газетасининг сарлавҳа танлаш услуби киши эътиборини тортади. Хусусан, 17 сентябрда чиққан сонида 7 та материалга сўроқ гап сарлавҳа қилиб танланган: “Нега давлат тилида иш юритмаяпсиз?”, “ННТ фаолиятида қандай муаммолар бор?”, “Темир йўл атрофининг инновацион ландшафт дизайни нима?”, “Бола боғчага бормаган кунлар учун тўлов борми?”, “Аҳолини рўйхатга олиш тадбирига қачон тайёр бўламиз?”, “Ходимларга нима учун компенсация тўланмаган?”, “Мавсумга тайёрмизми?”.

“Past Darg’om haqiqati” газетасида анчадан буён сарлавҳалар лотин алифбосига асосланган ёзувимизда берилмоқда. Айниқса, “Мактабда дарс соати “талаш” бўлмайди”, “Сайланмаган “сенатор” сингари халқ  тилига яқин ва оддий сарлавҳалар газетанинг ўқишлилигини оширишга хизмат қилган.

Эътиборни тез тортадиган, халқчил ва оддий сарлавҳаларни “Жомбой тонги”, “Иштихон овози”, “Пахтачи” газеталарида (кейинги сонларида) ҳам учрашини ижобий ҳолат, дейиш мумкин.

“Бозорнинг эгаси “чекчи”ми?”, “Одамар нега “суд”дан қўрқишади?”, “Иккинчи” бўлиш қийин” сингари лўнда сарлавҳалардан фойдаланиш “Иштихон овози” газетасининг ютуқларидан саналади.

Газетачиликда яна бир жиҳат бор. Газета ўз ҳудудидан келиб чиқиб мақола эълон қилиши маълум маънода унга бўлган эътиборни оширади, десак янглишмаймиз. Масалан, Каттақўрғон ҳаёти, иқтисоди ва бошқа жиҳатлари ҳақида маълумотларни ўша ҳудуднинг нашрларидан излаш, топиш тўғрироқ бўлади. Бунга ҳудудлардаги босма нашрлар эътибор беришлари мақсадга мувофиқ. Масалан, “Пахтачида таълим олган генерал” (“Пахтачи” газетаси), “Руслан Шарипов ижодини Жомбойдан бошлаган эди” (“Жомбой тонги” газетаси) сингари мақолаларни ўқувчи қизиқиш билан охиригача ўқиб чиқишига шубҳа йўқ.

Публицистика услубининг яна бир хусусияти шундаки, унда қисқалик асосий ўринни эгаллайди. Лўнда, тушунарли, ихчам ёзиш асосий талаблардан бирига айланмоқда. “Қўшчинор” газетасининг 16 сентябрь сонидаги “Ҳалоллик вакцинаси” сарлавҳали мақола ана шу услубга мисол бўла олади. “Маънавият сабоқлари” рукнида берилган ушбу мақола эскича, келинг “анъанавий” дейиладиган услубда берилганда, балки ўз ўқувчисини топмаган бўларди. Лекин маънавият, қадриятлар ҳақида умумий тушунча ва сўзларни қўллашдан қочиб, ўзига хос услубга ёндашилгани мақоланинг ўқишлилигини оширган.

“Жомбой тонги” газетасида “Маҳалла раислари нега ишдан кетди?”, “Болалигимдаги сабоқ ва бугунги экология”, “Билиб босилган тикон” сарлавҳали мақолалар шундай услубда ёзилгани учун ҳам газетхонларга манзур бўляпти, дейиш мумкин. Қолаверса, нашрнинг телеграм ва фейсбукдаги саҳифаларида берилаётган ана шундай материаллар нафақат туман, балки вилоят ва республиканинг бошқа ҳудудларидаги муштарийларга ҳам маъқул келмоқда.

Афсуски, сарлавҳа танлашда узундан-узоқ жумлаларни қўллаш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. Сарлавҳани бир нафасда ёки бир кўз югуртиришда ўқишга улгурмаса, ўқувчининг ҳафсаласи пир бўлади, газетани шунчаки варақлаб қўя қолади. “Туманда ўтган олти ойда қанча аҳоли иш билан банд бўлган?” (“Қўшчинор” газетаси), “Вақтдан ютган деҳқон тарвуз ва кунгабоқардан қанча даромад олмоқчи?” (“Жомбой тонги” газетаси), “Сизга фуқаролар мурожаати ва мухбирларнинг муносабати “бир тийин”ми?” (“Пайариқ ҳаёти” газетаси) каби мақолалар шулар жумласига киради.

Шунингдек, “Эътиборсизлик – суицидга сабаб бўлмоқда”, “Садоқат тимсоли” (“Пахтачи” газетаси), “Ёш авлод тарбияси йўлида” (“Каттақўрғон ҳақиқати”) каби сарлавҳалар ҳам кишининг эътиборини тортиши қийин.

Бундан ташқари, битта саҳифада, умуман, битта сонда сарлавҳа сифатида бир сўзнинг такрор қўлланилиши ҳам нотўғри. Бунга “Пайариқ ҳаёти” газетасининг 9 сентябрдаги сонини мисол қилиш мумкин экан (“Дефолиацияда муаммо”, “Муаммо муаммолигича қолмасин”).

Сарлавҳа танлашда тил имкониятларидан кенг фойдаланиш ҳам маҳорат талаб этади. Вақт ўтгани сайин мақола ёзиш ва унинг сарлавҳасини танлашга бўлган талаб ҳам ўзгариб бораверади. Бунда газетхон эҳтиёжи ва талаби муҳим ўрин тутади. Даврий нашрларда фаолият кўрсатаётган ҳамкасбларимиз буни ўз вақтида илғаб, эътиборга олишса, фойдадан холи бўлмайди, албатта.

Манноб Ибодуллаев,

Самарқанд вилояти ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси бошлиғи.