Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Мардикорлар ўгайми?

Бўш пайтларимда гоҳ-гоҳида ёлланма ишчи сифатида мардикор бозорига чиқиб тураман. Орамизда турли тоифадаги одамлар бўлади, ҳатто аёллар ҳам бор. Менга ўхшаган кишиларнинг сони кўпайса кўпаядики, сира камаймайди.

Бунга шаҳар ва қишлоқларимиздаги қурилиш, ободончиликларнинг тобора ортиб бораётгани сабабдир. Илгарилари пул топиб, рўзғор тебратиш учун бозорга чиққанлар унчалик кўп бўлмасди. Ҳеч ким машинага қараб югурмас эди, бемалол ўтиришарди. Ҳозир-чи? Ишловчилар сони кўпайган сари мардикор бозорларда тартиб ҳам, инсоф ҳам қолмаяпти. Тартибсизлик шуки, мардикорлар назорат остига олинмаганликлари боис кўча-кўйни ифлос қилишмоқда, кўп ҳолларда транспорт қатновига халақит беришяпти. Иш берувчилар ҳам турли тоифадаги кишилар. Мардикорларни ишлатиб, яхши қарайдиган, келишилган пулини айтилган вақтда берадиганлари ҳам бор. Бироқ айримларнинг қўлига тушган ишловчиларнинг аҳволи вой бўлади. Қанча ишласангиз, "Яна-яна", дейди. Овқатдан қисади. Ётиб-туришлари учун шароит яратмайди ва ҳоказо.

Мен бу ижтимоий масалага беҳуда қай­ғураётганим йўқ. Кўрган-билганларим ва кузатишларимдан нега мардикор бозорларини тартибга солиш, арзон-гаровга ёлланаётган ишчиларни ҳимояга олиш мумкин эмас, деган савол ўйлантиради мени. Бу борада анчадан буён ўйлаб юрган айрим мулоҳаза, таклифларимни билдирмоқчиман. Мардикорликка чиққан ёш-яланглар бир ердан келиб қолган одамлар эмас, ўзимизнинг фарзандларимиз. Улар ишлашга, ишлаганда ҳам қонуний ишлашга ҳақлидирлар. Инсон қадр-қимматини камситишга ҳеч кимнинг хақи йўқ. Бунга қонунларимиз ҳам йўл қўймайди. Ҳамма нарса қонун билан ҳимояланган бўлсин дейман-да. Тоғни урса, талқон қиладиган бу йигитлар ичида нопок, дангасалари ҳам бор, албатта. Таклиф шуки, мардикор бозорларини назорат қиладиган идораларга биркитиш лозим. Ҳар бир ишловчининг рўйхати шакллантирилиб, ойлик бадал тўлашга жалб қилиш керак. Мардикор учун шахсини, бир жамиятга аъзолигини тасдиқловчи ҳужжат чиқариш даркор. Бу билан уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари ҳимоя қилинади ва иш стажига қараб имтиёзли кредит олиш имкони туғилади.

Мардикорларга иш берувчи шахсларни ҳам, хусусан, бир неча ишчиларни ойлаб ишлатувчи, меҳнат ҳақини "конверт" усулида берувчи прораб, бино соҳибларини ҳам солиққа тортиш керак. Ҳозирги кунда бундай тоифадаги "тадбиркор"лар кўпайиб кетган.

 Аҳтам ЭЛМУРОДОВ,

Қўшработ тумани, Тоз қишлоғи.