Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Марказдаги маърифий суҳбатлар

Президентимиз Шавкат Мирзиёев шу йилнинг 11 январь куни вилоятимизга ташрифи чоғида Пайариқ туманидаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ҳадис илми мактаби билан танишиб, бу ерни ҳар бир юртдошимиз зиёрат қилиши мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди.

Ўтган бир ой давомида марказга 3 мингдан ортиқ маҳаллий ва хорижий сайёҳ келди. Айни пайтда сайёҳлар сафи кун сайин ортиб бормоқда.

Куни кеча Самарқанд давлат чет тиллари институтининг таржима назарияси ва амалиёти факультети араб тили йўналиши ўқитувчилари ва талабалари марказ меҳмони бўлди.

Тадбир иштирокчилари дастлаб, Имом Бухорий ёдгорлик мажмуасини зиёрат қилишди. Шундан сўнг, халқаро илмий-тадқиқот маркази ҳамда Ҳадис илми мактабида бўлиб, бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик, ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишди.

Имом Бухорийнинг марказ музей фондидан жой олган “Саҳиҳи Бухорий” китобининг қадимий қўлёзма нусхаси ва буюк муҳаддиснинг айни пайтда дунёнинг турли мамлакатларида сақланаётган ноёб асарларининг нусхалари уларда катта қизиқиш уйғотди.

Марказ конференция залида “Жаҳолатга қарши маърифат” ғояси остида “Юксак маънавиятли авлод ҳеч қачон йўлдан адашмайди” мавзусида давра суҳбати ҳамда марказ илмий ходимлари томонидан нашр этилган  китоблар тақдимоти ўтказилди.

Марказ директорининг илмий-тадқиқотлар бўйича ўринбосари Ш.Умаров сўзга чиқиб, мазкур даргоҳнинг ташкил этилиши, фаолияти, вазифа ва мақсадлари тўғрисида маълумот берди. Буюк алломаларимиз меросини ўрганиш, кенг тарғиб этиш, нуфузли халқаро тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни йўлга қўйиш борасида амалга оширилган ишларга тўхталди.

– Давлатимиз раҳбарининг топшириқлари ва марказ олдига қўйилган вазифалар ижроси бўйича илмий ходимларимиз томонидан “Имом Бухорий таърифи”, “Одоблар хазинаси”, “Ўрта аср шарқ алломалари энциклопедияси”, “Абдулҳамид Кеший ҳаёти ва ижоди”, “Ҳақиқат ниқобидаги ёлғон”, “ИШИДнинг ботил ғоялари ва уларга раддиялар” каби йигирмага яқин китоблар нашр қилинди, – деди марказ нашрлар бўлими бошлиғи Отабек Муҳаммадиев. – Бугунги кунда Имом Бухорий бобомизнинг учта – “Биррул волидайн” (Ота-онага яхшилик қилиш), “Холқ афъол ал-ибод” (Бандалар феълларининг яратилиши) ва “Сулосиётул Бухорий” (“Саҳиҳул Бухорий” асаридаги санади уч ровийли ҳадислар) китоблари таржима қилиниб, таҳрир ишлари олиб борилмоқда. “Имом Бухорий ҳаёти”, “Муҳаддислар султони”, “Имом Бухорий мажмуаси” китоб-альбоми, “Алоуддин Усмандий Самарқандий ҳаёти ва илмий мероси”, “Иброҳим Саффор Бухорий ҳаёти ва илмий мероси” каби китоблар нашрга тайёрланмоқда.

Бу китобларни ўқиган кишилар, айниқса, ёшлар ҳеч қачон тўғри йўлдан адашмайди ва уларда турли ахборот хуружларига нисбатан соғлом мафкуравий иммунитет ҳосил бўлади.

Зоҳир ЮСУПОВ,

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот

маркази кичик илмий ходими.