Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Машҳур япон адиби Ясуси Иноуэ: "Самарқанд ҳақида асар ёзмаслик ёзувчи учун гуноҳ"

Тарихий китобларни варақласангиз, Самарқанд тарихи ҳақида кўплаб маълумотлар борлигига гувоҳ бўласиз. Институтда ўқиб, япон тилини анча-мунча ўргандим-у бу тилда ёзилган китобларни варақлай бошладим. Қўлимга Япониянинг машҳур ва таниқли ёзувчиси Ясуси Иноуэ (1907-1991)нинг китоби тушиб қолгач, унда "Самарқанд", деган сўзни ўқиб, очиғи, ҳаяжонланиб кетдим. Чунки XX асрда ижод қилган, бугунги кунда Япониянинг миллий бойлиги, дея таърифланган ёзувчининг бизнинг юртимиз, айниқса, Самарқанд ҳақида ёзгани ҳар қандай ўзбек кишиси қалбида ифтихор уйғотади.

Китобни варақлайман: Ясуси Иноуэ Самарқанд ҳақида мўъжаз асар яратган, "Самарқанд атрофига саёҳат", дея номланган асарда 1965-1968 йилларда Самарқандга саёҳат қилганини хотирлаб: "Номлари Марказий Осиё тарихининг ажралмас қисми бўлган Самарқанд, Бухоро ва Тошкент, саҳролар билан ўралган Ашхобод, Урганч ва Хива каби қадимий шаҳарларда бўлдим", дея таъкиган.

Шунингдек, бу асарда қуйидаги жумлаларни битади: "Саёҳатимнинг қувонтирадиган жиҳатларидан Самарқанднинг тарихини ўйлашим, ўткир қарашларда кўра олишга муваффақ бўлганимдир… Англадимки, Самарқандга келган ёзувчининг бу шаҳар ҳақида асар ёзмаслиги - гуноҳ".

У саёҳати давомида археологик қазилма ишлари олиб борилаётган уч тарихий жой – Панжикент, Оқ Бешим ва Афросиёб харобалари, қадимий Самарқанд жойига борганлиги ҳақида ёзади.

Адиб мазкур асарида бадиий макон ифодасида табиат тасвирига ҳам кенг ўрин беради: “Ўрта Осиёдаги икки машҳур дарё – Амударё ва Сирдарё тарихда Окс ва Яксарт (Сайхун) номлари билан машҳур. Улар чўлга хос дарёлар. Сирдарёни оқим бўйлаб тепадан кўрганман, унинг сув ҳажми жуда катта. Шундай бўлиши ҳам аниқ эди, зеро, у пахта далаларини суғорадиган Фарғона водийсидаги каналларни тўлдиради, бироқ кимдир унинг қуйи йўналишларини кузатса, ирмоқлардан каттароқ туюлади. Дарҳақиқат, бунинг сабаби дарё оқим бўйлаб оқар экан, суви нафақат ёрқин қуёш нурларида буғланади, балки саҳронинг ўзи ва дарё қирғоқларида ўсаётган дарахтлар томонидан ютилади. Шундай ҳолат Амударёда ҳам кузатилди ва мен уни пастга томон оққанини кўрдим. Кўҳна Самарқандни сув билан таъминлайдиган дарё эса тоғ ирмоқларидан пайдо бўлган мўъжизавий сув оқими. Тарихда зар сочувчи, деб таъриф берилгани айни ҳақиқат!".

Ясуси Иноуэ бу  асарида Самарқанд ҳақида ҳикоя қилиш орқали уни дунё тамаддунининг чин маънодаги ноёб бойлиги эканини кўрсатиб берган эди.

Гулмира САТТОРОВА,

Самарқанд давлат чет тиллар институти талабаси.