Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Матбуот котибининг "бозори чаққон" бўлиб кетди. Нега?

Бугун журналистларнинг “бозори чаққон” бўлиб кетди! Ҳайрон бўлманг, бу ҳақиқат! Вилоят ҳокимлигида яқинда бўлиб ўтган ижро аппарати йиғилишидан сўнг, жуда кўп ташкилотлар ўзларига матбуот котиблари излаб юришганмиш...

Бугун деярли ҳар бир “ўзини ҳурмат қилган” ташкилотда матбуот котиби деган лавозим жорий этилган. Ҳозир журналистлар ахборот олишда унчалик қийналишмайди. Котибни топиб, мақсадини айтса, кифоя! Раҳбарнинг қабулини кутиб, “сарғайиб” ўтиришга ҳожат йўқ! Қандай маълумотни исташингиз эса, масаланинг иккинчи жиҳати. Ўз-ўзидан маълумки, негатив маълумотни олиш учун бироз “тер тўкишингизга” тўғри келади. Ахир ким ҳам айбини элга ошкор этадиган маълумотни қўшқўллаб “жарчига” тутқазиб қўярди... Агар ОАВ ходими  профессионал, ўз касбининг устаси бўлса, қўлга киритган кичик фактлардан ҳам унумли фойдалана олади. Матбуотчилардан ахборот яширадиган ё сўралган маълумотни бермайдиган ташкилот ва муассасалар эса кўпинча танқидларга нишон бўлаверади.

Ахборот асрида яшаяпмиз ахир! Журналистлардан бирор нарсани яшириб кўринг-чи! (Яширин нарса ҳамиша қизиқ туюлаверади!) Аммо бироз хафа  қиладиган жиҳати ҳам йўқ эмас. Маълумот ва фактлардан фойдаланиладию, манбани айтишни унутиб қўйишади, шоввозлар!

Шундай қарашлар ҳам бор – матбуотда ёки интернетда ташкилот ҳақида бирор танқидий маълумот берилса, унинг матбуот хизмати бунга қарши ёки эълон қилинган фактларни асослаб (албатта ижобий томондан) муносабат билдириши  керак. Матбуот котибларининг бор-йўқ хизмати шундангина иборатми?

Бундай қарашларнинг пайдо бўлишига ҳам аслида уларнинг ўзлари айбдор. Бошқа пайт уларнинг мавжудлиги деярли сезилмайди-да!

Ташкилотларга бу хизмат нега керак? Фаолиятимиз нимадан иборатлиги хусусида  ҳуқуқий ташкилотнинг матбуот хизмати мисолида қисқа тўхталиб ўтсак.

Ташкилотимиз (Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари вилоят ҳудудий бирлашмаси) ҳуқуқшунослари, асосан, истеъмолчилардан тушган ариза ва шикоятлар билан ишлайди. Ҳар бир ариза ортида бир инсон тақдири, унинг ўй-ташвишлари туриши барчага маълум. Ҳуқуқий тарғибот эса фаолиятимизнинг асосий йўналиши. Ҳал этилган ариза ва шикоятлар ёки олиб борилган ўрганиш мониторинг хулосалари бўйича интернет сайтларига маълумотлар йўллаймиз, радиода  хабарлар ўқиймиз, мини студиямизда тайёрланган лавҳа ва сюжетларни фейсбукдаги расмий саҳифамизга ҳамда телеграмдаги гуруҳларимизга жойлаймиз. Турли соҳалар бўйича ўтказилган мониторинг хулосалари  асосида тайёрланган танқидий-таҳлилий ҳужжатли фильмлар вилоят ва туманлар ҳокимликлари йиғилишларига ҳам тақдим этиб борилади. Иш ҳажми кичкина эмас, шунингдек, зерикишга ҳам ўрин йўқ! Бу иш биргина Матбуот хизмати  зиммасига оғирлик қилади,  шу боис туман ва шаҳар жамиятларида ҳам матбуот сектори мутахассиси лавозимлари жорий этилган.

Университетда бирга таълим олган дўстим телевидениедаги узоқ йиллик фаолиятидан сўнг,  матбуот котиби бўлиб иш бошлаган дастлабки пайтларда “Бу иш ҳудди арининг уясига ўхшаркан, чидай олармикинмиз” деб антиқа таъриф берганди.

Дарҳақиқат, бу ишда Оммавий ахборот воситаларининг деярли барча йўналишлари мужассам – интернет журналистикаси, телевидение, радио, газеталар ва ҳоказо.

Бугун матбуотда, ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган матбот хизматлари фаолиятини такомиллаштириш борасида эълон қилинган қарор лойиҳаси кўпчилик ҳамкасбларимизни ростакамига қувонтирди, десак муболаға бўлмайди. Бир устозимиз айганидек, “Матбуот котибларининг ҳам елкасига офтоб тегадиган  бўлибди!”

Қарор лойиҳасида белгиланганидек, ҳар бир ташкилотда матбуот хизматининг моддий - техник базаси тўлиқ шакллантирилиб, вип-интернет, видеокамера ва студия билан қуроллантирилса, матбуот котиби бошлиқ ўринбосари лавозимига тенглаштирилса  ва маошларига 50 фоиз устама қўшиб берилса, бу имкониятлардан қувонмай бўладими?

Ижтимоий тармоқларда кенг муҳокама этилаётган яна бир жиҳат -  кимлар матбуот котиби бўлиши масаласи. Айтиш лозимки, осонни кўзлаб ташкилотда узоқ йиллар  меҳнат қилган, тизимни яхши билган ходимни матбуот котиби қилиб тайинлаб қўя қолмасдан (ёзишни аста-секинлик билан ўрганиб олаверади, демасдан), шу соҳага қизиққан ва соҳани мунтазам ёритиб борадиган профессионал журналистларни ишга олиш самаралироқ, назаримизда. Негаки, улар ташкилотнинг “хос”  ходимига айланиб қолишмайди. Ҳар қандай шароитда касбига содиқ қолиб, холис ва ҳаққоний ахборотни тақдим этади, ўзи журналист бўлгани учун журналистларни қандай маълумотлар қизиқтиришини жуда яхши билади.

Замонавий билимларни эгаллаганлиги - компьютер саводхонлиги ва интернетда ишлай олиши (тил билса-ку, нур устига нур!) ҳам муҳим жиҳатлардан бири.

Ҳақиқатан, бу хизмат ходимлари ташкилот имижини яратишда асосий даъвогарлар. (Реклама десам, энсангиз қотиши мумкин, лекин қайсидир маънода, улар ўз ташкилотларининг рекламаси билан шуғулланадиган шахслар-да!) Балки, шундай даврлар келар, уларга қараб, ташкилотга  баҳо беришар!

Юқоридаги саволга жавоб топилгандек...

Нима дедингиз?

Гулчеҳра Бердиёрова,

Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя

қилиш жамиятлари Самарқанд  вилоят  

ҳудудий бирлашмаси бўлим бошлиғи.