Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Матбуот ва ахборот агентлигининг номи ўзгарди ва у Президент Администрацияси таркибидаги тузилмага айлантирилди

Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлиги 1 февралдан бошлаб Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига айлантирилиб, энди Президент Администрация таркибидаги тузилма бўлмоқда, унинг директори лавозими эса давлат раҳбари маслаҳатчисининг биринчи ўринбосарлигига тенглаштирилмоқда. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар бермоқда.

Бугун Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигини ислоҳ қилиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Унга кўра ЎзМАА энди Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги деб аталади.

Идора Вазирлар Маҳкамаси юрисдикцияси остидан чиқарилиб, давлатнинг ахборот сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалиётга татбиқ этиш соҳасидаги ваколатли органга айлантирилмоқда.

Янги агентликнинг асосий вазифалари сифатида оммавий ахборот воситаларини ривожлантириш, вазирликлар матбуот хизматлари ишини яхшилаш, давлат органлари очиқлигини таъминлаш белгиланмоқда.

Барча давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари Агентликнинг ахборот соҳасидаги топшириқларини бажаришга мажбур.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигига 2018 йил 28 ноябрдан буён Комил Алламжонов раҳбарлик қилиб келмоқда. Бунгача у Президент матбуот котиби лавозимида ишлаган эди.

Агентликка директор этиб тайинланган Алламжонов «Ушбу муассаса журналистлар фаолиятининг эркинлигини кафолатловчи ҳамда сўз ва матбуот эркинлигини ривожлантиришга кўмаклашувчи ташкилот сифатида шаклланишига бор кучимни сафарбар этишга ҳаракат қиламан», деган эди.