Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Матиз”га ўқ узган “Каптива” ҳайдовчиси қўлга олинди

Ғиждувон тумани “Қўрғон” маҳалласида яшовчи, 1989 йилда туғилган фуқаро Ф.И. маст ҳолда Ғиждувон тумани марказидаги “Кактус” кафеси олдига “Каптива” русумли, давлат рақами 80 М 222 МА бўлган автомашинаси билан келиб, ушбу кафе олдида турган, фуқаро М.Р. бошқарувидаги “Матиз” русумли автомашина ойнасини қўлидаги пневматик тўппонча билан отиб синдирган.

Шунингдек, ҳайдовчи М.Р.га ҳам пневматик тўппончани қурол сифатида намойиш қилиб, безорилик жиноятини содир қилган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Ф.И.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 277-моддаси 2-қисми “в” банди (совуқ қурол ёки кишининг соғлиғи учун амалда шикаст етказиши мумкин бўлган нарсаларни (қурол сифатида намойиш қилиб, уларни қўллаш билан қўрқитиб ёхуд қўллаб безорилик содир этиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, у ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган.

Ушбу модда билан айбдор деб топилган шахсга 300 соат мажбурий жамоат ишларидан уч йилгача озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазо турлари қўлланилиши мумкин.

Дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.