Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Меҳмондорчилик, бозорлик, даволаниш... Панжикентлик ва самарқандликлар чегарадан нима мақсадларда ўтмоқда?

Бугунги кунда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасида чегаралар очилгач, фуқаролар чегара божхона постидан тез ва муаммосиз ўтишмоқда.

Айримлар чегарани кунига ҳатто бир неча марта кесиб ўтишмоқда. Nеws.tj мухбири “Саразм”-“Жартепа” ўтказиш пунктида бўлиб, улардан нима мақсадда қўшни мамлакатга боришлари ҳақида сўров ўтказди.

ШОХРУҲ ШАРИПОВ: “Мен Самарқанддан қайтяпман. У ерда опаларим яшайди. Чегара очилмагунича биз 20 йил давомида бир-биримизни кўрмадик. Имконият туғилди дегунча, улар меҳмонга келишди, энди эса биз меҳмон бўлдик. Жиянларимизни, яқинларимизни, дўстларимизни кўрдик. Яшаш шароитлари билан танишдик, шаҳар айландик, муқаддас жойларда бўлдик. Ҳаммаси жуда қизиқарли кечди”.

САЪДУЛЛО ОБЛОБЕРДИЕВ: “Биз оиламиз билан Искандаркўлдан қайтяпмиз, у ерда беш кун дам олдик. Бизга у ернинг табиати, хизмат кўрсатиш даражаси маъқул бўлди, жойлари ҳам жуда гўзал. Биз Ургутданмиз. Панжикент, Мўғиёна, Шўрча, Рудакийда яшаётган қариндошларимиз билан 25 йил кўришмаганмиз. Энди тез-тез меҳмонга борамиз”.

УРЖУНОЙ ЭСАНОВА: “Мен Панжикентда, қариндошларим Самарқандда яшайди. Узоқ йиллардан сўнг, биз ниҳоят кўришдик. Ҳозир мен Самарқанддаги шифохонада бўлиб қайтяпман. Бир ойдан буён даволаниб келаман. Ҳар икки кунда шифокорга учрайман. Тиббиёт ходимларининг муносабати жуда яхши, чегарачилар ҳам хушмуомалали”.

ШАРОФАТ АБДУМАЛИКОВА: “Панжикентдаги бозордан кўрпача тикишга мато олдим, у ерда арзонроқ. Тўйга тайёргарлик кўряпман-да, келин тушираман. Яхшиямки, чегара очилди. Исфарада менинг холам яшайди. У киши билан 25 йил кўришмаганмиз. Энди истаган пайтим меҳмонга боришим мумкин”.

АҲРОР РАҲИМОВ: “Панжикентликман, “Самарқанд” халқаро аэропортига боряпман, у ердан Москвага парвоз қиламан. Аэропорт яқин, чипталари ҳам қиммат эмас. Жартепа ва Самарқандда қариндошларим бор. Эсимда, илгари қариндошларимизни кўриш роса азоб чекканмиз. Бунинг учун виза қилдириб Бекобод орқали ўтиб, 400 километр йўл юрганмиз. Энди эса Самарқандгача бир қадам бўлиб қолди”.

ҚОБИЛ АҲМЕДОВ: “Самарқанддан Панжикентга ўз машинамда тўйга кетяпман. Самарқанд нонидан совға учун олволдим. Қуруқ қўл билан бориб бўлмайди-ку… Чегарадан неча марта ўтганимни саноғига етолмайман. Панжикентда холам ва туғишган опам яшайди”.