Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мен нима ва кимдан қўрқаман? (Жулқунбой бобога ўхшатма)

Айниқса, менинг қўрқадиганим, ёзишдан қўрқаман. Сабабки, уни газета-журналларда чиқмай қолишидан қўрқаман. Чоп этилса биров ўқимаслигидан қўрқаман. Янаки, ўқиган кимса лабини тишлаб, “Чакки қилибсан...” дейишлигидан қўрқаман.

Яна бундан бошқа қўрқадиган икир-чикирларим:

— Шаҳар кўчаларидан ёмғир ёққанда юришдан, машиналар устимга сув сачратишидан қўрқаман. Яна қўрқаманки, бу йилги ёмғирли ҳавода сув босган кўчаларда қолиб кетишдан қўрқаман.

— Бирор автоуловга чиқсам, ҳайдовчини йўлдаги чуқурларни териб ўтаман деб, автоҳалокат содир қилишидан қўрқаман. Яна қўрқаманки, йўлдаги “колодец” номлиғ нимарсаларнинг баъзисида қопқоқ йўқлигидан, баъзиси эса текис йўлда чипқондек  чиқиб қолганидан қўрқаман...

 — Болаларимнинг очиқ-сочиқ кийинган ҳамшаҳарларимдан ўрнак олишларидан қўрқаман! Яна қўрқаманки, йўналишли автобусдаги чипта сотувчи йигитлардан юз сўм пулимни сўрашдан қўрқаман. 

—  Дам олиш кунлари ички туризм сабаб зиёратчилар талотўпида қолиб кетмай деб Амир Темур мақбарасига киришдан қўрқаман. Яна қўрқаманки, бирор хорижлик сайёҳ сигарета чекиш учун жой сўраб қолса, махсус жойлар йўқлиги сабаб нима деб жавоб беришдан қўрқаман.

Ҳарҳолда менинг ҳам қўрқинчларим ўзимга етарлик…

Аслиддин. 2019 йил. Апрель ойининг ўн тўққизи.