Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Методист таклиф беради: Интеллектуал беллашувларда ҳам шаффофлик керак

Таълимдаги шаффофликнинг сифатга хизмат қилиши, айниқса, халқимизнинг кайфиятига нечоғлик таъсир этиши мумкинлигини ўтган йили олий таълим муассасаларига кириш имтиҳонлари - тест синовларининг адолат мезонлари асосида ташкил этилгани кўрсатиб берди.

Шу тизимни умумтаълим мактаблари ўқувчилари ўртасида ўтказилаётган "Билимлар беллашуви", фан олимпиадаларида ҳам қўллаш мавриди келди, назаримда.

Мамлакатимиз илм-фани тараққиётини белгилаб берувчи бундай танловларнинг туман ва вилоят босқичларида жамоатчилик вакиллари, ўқитувчилар ва ота-оналарнинг иштирокини таъминлаш, беллашувлар ўтадиган бинолар, синфларга кузатув ускуналарининг ўрнатилиши нафақат ўқувчида, балки уларнинг яқинларида ҳам илм эгаллашга бўлган қизиқиш, интилиш ва ишончни мустаҳкамлайди. Муҳими, илм олиш ёки билим бериш масъулиятини кучайтириш баробарида, бу каби танловларда ижтимоий адолатнинг шаклланишига хизмат қилади.

Дилноза ТОШЕВА,

Пахтачи тумани халқ таълими бўлими методисти.

 Таҳририятдан: Муаллиф бугуннинг долзарб мавзусини кўтарган. Дарҳақиқат, мамлакатимиз таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўқувчи-талабалар, уларда фаолият юритаётган ўқитувчи-мураббийлар ўртасида бир қатор танловлар жорий этилганки, бу юқорида таъкидланган долзарб мақсадларга хизмат қилади. Аммо "Билимлар беллашуви", фан олимпиадалари ва бошқа турли йўналишлардаги танловларни ўтказиш, ташкил этишда очиқлик, шаффофлик таъминланмаётгани аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

Сиз, муштарийлардан, таълим жонкуярлари ва ота-оналардан бу борадаги таклифлар, жаҳон андазаларига мос келадиган тажрибаларингизни ўртоқлашишингизни сўраймиз.