Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Мирзо Улуғбек” дарвозасидан салом бериб киринг!

Яқинда ижтимоий тармоқлар орқали Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов Самарқандда туризмни ривожлантириш бўйича жамоатчиликнинг мулоҳазалари билан қизиқиб, таклиф билдиришларини сўради.

Модомики, юртимиз равнақига барчамиз масъул эканмиз, нафақат мулоҳаза билдириш, бу борада фидойилик ҳам қилишимиз лозим.

Тошкент шаҳрининг кириш дарвозаси ҳисобланмиш “Тошкент” автовокзалидан Самарқанд томонга кетмоқчи бўлсангиз, йўловчилар дарҳол сўрашади: “Улуғбек”да тушмайсизми? ”Улуғбек”гача олиб бораман”.

Жавоб ҳам шунга яраша: “Улуғбек”дан ўтиб тушаман” ёки “Кетдик Улуғбеккача”.

Муҳтарам замондош ,бунга сиз ҳам сира ажабланмайсиз, чунки унга аллақачон ўрганиб бўлгансиз. Жаҳон илм фани-ю,тамаддунида шундай из қолдирган улуғ бобомиз номини шунчаки эрмакдай гапирамиз, бунга уялмаймиз ҳам.

Аслида Самарқанд шаҳридаги автомобиллар турар жойи – Мирзо Улуғбек номидаги бекат, аталиши тилимизда эрмакдай айланиб, ушбу бекатга улуғ алломанинг номи қўйилиши тўғримикан, деган ўйга бордим. Қўйилган бўлса, нутқимизни тўғрилаб, улуғ аллома шаънига ҳурмат билан гапирсак, нур устига аъло нур бўлармиди?

Энди Мирзо Улуғбек номи билан аталадиган автобекатдаги аҳвол билан танишинг. Машина Самарқанд шаҳрига кираверишдаги тепаликдан ошгач, узоқ юрмай, ушбу бекатга етиб борасиз. Бекатда турли савдо мажмуалари жойлашган. Бир неча ошхоналар кеча-кундуз ишлайди. Машҳур Самарқанд нонлари сотилади.

Хуллас, исталган нарсангизни буердан топасиз. Қўшни Навоий, Бухоро, Хоразм, Қорақалпоғистон Республикасидан келаётган меҳмонлар учун бу айни муддао. Улар шу ернинг ўзида истаган нарсаларини сотиб олишади. Ҳатто, ”қиттак-қиттак” қилмоқчи бўлганларга ҳам “имкон” бор.

Транспорт воситаларининг тирбандлиги айниқса, ёши катта отахон-онахонларни жуда қийнайди, болали аёллар, шошиб турган йўловчи дейсизми, баъзида Жиззах, Тошкент томонлардан келган автоуловлар атрофни босиб кетса, катта трассадан тўхтовсиз ўтаётган машиналар йўловчини гангитади.

Самарқанд шаҳридан келиб, Улуғбек бекатида тўхтаб йўловчиларни тушириб олмоқчи бўлган, транспортларга жой топилмайди.

Бу ёқда Нукус, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларидан келган автобуслар харидор талашиб тирбандликни оширади.

Уларнинг нархи байрам кунлари ошиб кетса, одатдаги кунларда арзимас пулга айланади. Улар билан байрам кунларида одамгарчилик, самимият, ўзбекчиликдан гапириб ўтирманг.

Баъзида 90 га кирган отахон дуо қилса ҳам, нархини туширмайди. Бекобод, Гулистон , Янгиер, Тошкент, Жиззах, кейинги пайтда пайдо бўлган водий таксичилари сизни юришга қўймайди. Уларга мижоз ва пул керак.

Аниқ прейскурант нарх йўқ ва белгиланмаган. Қанча қиммат бўлса, уларга шунча яхши. Шу боис, чўнтаги кўтармайдиган инсон йўлга чиқиб қолса, бунинг устига, ёши каттароқ бўлса денг, улардан узоқроққа бориб йўлдаги Тошкент томонларга иш билан кетаётган машиналарга қўл кўтаради.

Уларда баъзида арзон нархларда кетиши мумкин. Бу атрофдаги таксичиларга ёқмайди.

Бундан анча бурун каминани ҳам бу ерда машина туртиб юборди. Китобларим сочилиб, йиқилиб тушдим. Ўнг қўлим синди, қонга беландим. Тўғриси, қоидани мен буздимми, шофёрми, аниқ билмайман, тирбанд машиналар ичидан ўтаётгандим.

Ўзим шофёрнинг фарзанди бўлганим учун ҳеч нарса даъво қилмадим. Ҳатто уриб юборган машина эгасининг қаерданлиги-ю, кимлигига ҳам эътибор бермадим. Фақат қўлимнинг тузалиб кетишини Худодан тиладим. Уриб кетган машина эгаси мени “сизлаб-сизлаб” эртасига, касалхонага бир келди-ю, қайтиб қорасини ҳам кўрсатмади.

Эсимда қолгани Кадан қишлоғиданман, дегани. Шундан буён бу воқеа эсимга тушса, бу ерни аллақачон тартибга келтириш вақти етмадимикан, деган ўй сира тинчлик бермайди!

Бизнингча, бу ерда янги замонавий автотураргоҳ барпо этиш керак. Атрофни кенгайтириш, таксичиларни, Тошкентга кетувчиларни алоҳида, водий вилоятлари, Жиззах, Сирдарё йўналишларини алоҳида жойлаштириш керак. Савдо нуқталари ва ошхона, туристик панно ва рекламалар дид билан жойлаштирилмоғи, талабларга жавоб берадиган қўшимча ҳожатхона қуриш керак.

Кечқурунлар бу ер яна ҳам тартибсиз жойга айланади, ҳайдовчилар қоидани хоҳлаганича бузишади. Оқибатда яна қанча инсонларни машина уриб, туртиб юбормайди, деб ким кафолат беради?

Қолаверса, янги бекат ёнига Самарқанд шаҳрига кириш рамзи сифатида катта рамзий дарвоза ўрнатилса. Кейинчалик тарихий ва замонавийликни мужассамлаштирган янги лойиҳалар кўпайиб, Улуғбек автобекатидан то Самарқандга Тошкентдан кириб боришдаги тепаликка қадар чўзилиб, йўлнинг иккала чеккаси ҳам ободонлашса.

Бу лойиҳаларга Самарқанд Архитектура ва қурилиш институтининг олимлар ҳам ўз лойиҳаларини таклиф этишса, жуда ҳам ажойиб ва эзгу иш бўлар эди.

Самарқанд – ер юзининг сайқали. Қолаверса келаётган сайёҳлар турмуш тарзимиз, муомала маданиятимиз,транспорт бошқаришимиз ва нутқимизгача эътибор беради.

Бутун жаҳон бизга интилиб турган бир пайтда кўз ўнгимизда расадхонаси қад кўтарган улуғ алломанинг номини худди эрмакка айтгандай, гапирамиз.

Мабодо, ушбу лойиҳалар амалга ошиб, замонавий ва кенг , жаҳон андозаларига мос бекат, ишга тушса, бу ерда Самарқанд шаҳрига эшик – катта дарвоза ўрнатилса, ундан катта эҳтиром, эзгу салом билан киринг, азиз замондошим!

Ўлжабой Қаршибой, ЎзА.