Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муддатидан олдин пенсияга чиқиш мумкинми?

Собир МАҲМУДОВОқдарё тумани.

Қонунга асосан пенсионерга ҳисоблаб чиқариб қўйилган, лекин унинг томонидан ўз вақтида талаб қилиб олинмаган пенсия пули пенсияни олиш мақсадида мурожаат этилганидан олдинги ўн икки ойдан ошмаган давр учун тўланиши белгиланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 2012 йил 8 сентябрдаги 252-сонли қарори билан тасдиқланган низомга асосан пенсия жамғармаси бўлимининг айби билан ўз вақтида олинмай қолган пенсия пули ўтган давр учун муддати чекланмаган ҳолда тўланади. Бунда ўтган давр учун тўловлар бирйўла тегишли ойлар учун ҳисоблаб чиқариб қўйилган ва олинмаган пенсия суммаларига мос миқдорда тўланади.

Мисол учун, фуқаро 2016 йилнинг февраль ойида Россия Федерациясига чиқиб кетиб, Ўзбекистонга 2018 йилнинг апрель ойида қайтиб келганида унга ўз вақтида олинмай қолган пенсия фақат ўтган 12 ой учун бирйўла тўлаб берилади. Бунда 12 ойлик пенсия миқдори барча оширишларни ҳисобга олган ҳолда тўланади.

***

Беш йилдан бери ишсизман, пенсияга чиқишим учун икки йил қолди. Мен муддатидан олдин пенсияга чиқишим мумкинми?

Исроил ҚАМАРОВПайариқ тумани.

Қонунга асосан технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан ишдан озод этилган ва ишсиз деб эътироф этилган шахслар (эркаклар - 58 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 25 йил бўлганда, аёллар - 53 ёшга тўлганда ва иш стажи камида 20 йил бўлганда) пенсия олиш ҳуқуқига эга бўладилар.

Фуқаро ёшга доир пенсия тайинлаш учун зарур бўлган ҳужжатларга қўшимча равишда бандликка кўмаклашиш марказининг шахсни ишсиз деб эътироф этиш тўғрисидаги тақдимномасини ҳам тақдим этиши лозим.

Ушбу тақдимнома муддатидан олдин ёшга доир пенсия тайинлашга асос бўлиб ҳисобланади.

Шоҳруҳ САЙДИЕВбюджетдан ташқари пенсия жамғармаси вилоят бўлими бош мутахассиси.