Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мудҳиш ЙТҲда 2 нафар ўзбекистонлик ҳалок бўлди

Мамлакатимизнинг Қозон шаҳридаги Бош консулхонаси берган маълумотга кўра, 2020 йил 16 январь куни “Нижний Новгород – Арзамас – Саранск – Исса – Пенза – Саратов” трассасида, Саратов вилояти ҳудудида ичида 8 нафар йўловчи, жумладан, 5 нафар Ўзбекистон фуқароси бўлган микроавтобус иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисаси оқибатида ҳамюртларимиздан 2 нафари вафот этди, 3 нафари эса Саратов шаҳридаги вилоят клиник шифохонасига жойлаштирилди. Бу ҳақда ТИВ Консуллик-ҳуқуқий департаменти хабар берди.

Бош консулхона мазкур вазиятни назоратга олди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва тиббиёт муассасаси билан доимий алоқада бўлиб турибди.

Консуллик-ҳуқуқий департаменти марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдиради ва Россиянинг Волгабўйи федерал округи (Бошқирдистон Республикаси, Киров вилояти, Марий Эл Республикаси, Мордовия Республикаси, Нижегород вилояти, Оренбург вилояти, Пенза вилояти, Перм ўлкаси, Самара вилояти, Саратов вилояти, Татаристон Республикаси, Удмуртия Республикаси, Улянов вилояти, Чувашия Республикаси) ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига улар зарурат туғилган ҳолатларда Қозон шаҳридаги мамлакатимиз Бош консулхонасига қуйидаги телефон рақамлари орқали мурожаат қилишлари мумкинлигини маълум қилади: +7-843-526-55-64, +7-843-526-55-65.