Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муфтий Усмонхон Алимов ўзи таълим олган Иштихондаги мактабга китоблар совға қилди

Бу ҳақда xs.uz хабар бераяпти.

Президентимизнинг китоб мутолааси орқали ёшлар таълим-тарбиясини яхшилашга оид ташаббусига мос равишда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ўзи таълим олган Самарқанд вилояти, Иштихон тумани, Орлот маҳалласида жойлашган 70-умумтаълим мактабига шахсий кутубхонасидан бадиий-оммабоп ва диний-маърифий адабиётларни совға қилди.

Ушбу китоблар мактаб ўқувчиларининг янада чуқур билим олиши, дунёқараши кенгайиши ва маънан камолга етишига катта хизмат қилади.

Муфтий ўқувчи-ёшларга маърифатли инсон бўлиш учун, аввало, ёшликда пухта илм олиш зарурлиги, кўп китоб мутолаа қилиш кераклиги, мактаб таълимини яхши ўзлаштириш муҳимлигини айтиб, “Ёшликда ўрганилган илм тошга йўнилган нақш кабидир” деган нақлни изоҳлаб берди. Имом Бухорий бобомизнинг “Дунёда илмдан бошқа нажот йўқ ва бўлмагай”, деган ҳикматининг мазмун-моҳиятини ёшларга тушунтирди.