Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Муҳаммад Абдул Ҳамид: Имом Бухорий мажмуасини зиёрат қилиш – улкан шараф

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.Абдуҳакимов ҳамроҳлигида 18 июнь куни Самарқанд шаҳрига ташриф буюрди.

Самарқанд темирйўл вокзалида олий мартабали меҳмонни Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов кутиб олди.

Муҳаммад Абдул Ҳамид дастлаб Ислом Каримов мақбара мажмуасини зиёрат қилиб, Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти хотирасига ҳурмат бажо келтирди. Қуръон тиловат қилинди.

Шундан сўнг Бангладеш Президенти бошчилигидаги делегация Пайариқ туманидаги Имом Бухорий ёдгорлик мажмуаси ва халқаро илмий-тадқиқот марказига ташриф буюрди.

Меҳмонларга мазкур мажмуаларда амалга оширилган қурилиш-бунёдкорлик ишлари ҳамда айни пайтда ҳудудни янада обод қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлар ҳақида маълумот берилди.

Муҳаммад Абдул Ҳамид Ўзбекистонда Президент Шавкат Мирзиёев  томонидан муқаддас Ислом дини ривожига беқиёс ҳисса қўшган муҳаддислар, буюк алломалар меросини ўрганиш ва кенг тарғиб этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини эътироф этди.

– Ислом оламининг энг буюк муҳаддиси деб улуғланадиган Имом Бухорий ҳазратлари қадамжосини зиёрат қилганимдан қалбимда жуда катта фахр ва ғурур туймоқдаман, – дейди Бангладеш Халқ Республикаси Президенти Муҳаммад Абдул Ҳамид. – Бизда барча мусулмонлар энг саҳиҳ ҳадисларни Имом Бухорий тўплаганини яхши билади ва бу зот мангу ором топган масканни зиёрат қилишни орзу қилади. Мен бугун шундай шарафга эришганимдан бахриёрман. Мажмуа ёнида бунёд этилган халқаро илмий-тадқиқот маркази ва бу ердаги музей буюк аллома ҳақидаги тушунча ва тасаввурларимни янада бойитди. Жуда гўзал ва бетакрор маскан яратилибди. Ушбу ташриф учун кенг имконият яратган Ўзбекистон раҳбариятига самимий миннатдорлигимни билдираман.

Самарқандга ташриф давомида Бангладеш Президенти Регистон мажмуаси, Амир Темур мақбараси ва бошқа диққатга сазовор масканларда бўлди.