Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мулоқот якунлари бўйича брифинг ўтказилди

Самарқандда ўтказилган “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви якунлари бўйича оммавий ахборот воситалари вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари ҳамда Афғонистон ташқи ишлар вазири иштирокидаги ялпи мажлислар муваффақиятли ўтганини таъкидлади. Минтақа давлатлари ҳамда Ҳиндистон ва Афғонистоннинг ўтмиши, келажаги ҳам муштараклиги эътиборга олинса, “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқотига Афғонистоннинг қўшилиши ва бу учрашув Самарқандда ўтиши тарихий аҳамият касб этди.

Учрашув ҳамраиси, Ҳиндистон ташқи ишлар вазири Сушма Свараж мазкур тадбир мулоқот иштирокчиси бўлган давлатлар ҳамда Афғонистон ўртасидаги муносабатларда янги давр бошланаётганини намоён этганини таъкидлади. 

Ҳиндистон, Афғонистон ва Марказий Осиё давлатлари тарихан бир-бирига яқин ва қардошлик алоқалари билан билан боғланган. “Ҳиндистон – Марказий Осиё” мулоқоти бу тарихий муштараклик бугун ҳам изчил давом этиши кераклигини кўрсатмоқда. Ҳиндистон Бош вазири Нарендра Моди кейинги йилларда барча Марказий Осиё давлатларида бўлиб, ҳамкорликни янада ривожлантириш юзасидан муҳим келишувларга эришди. Бу ташрифлар Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни кенг кўламда давом эттириш имкониятлари мавжудлигини тасдиқлади. Мазкур йўналишдаги ҳамкорликда Афғонистон муҳим ўрин тутади. Шу жиҳатдан, ушбу давлатда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётни тиклашдан Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатлари бирдек манфаатдор. Шу мақсадда мулоқот иштирокчи давлатлари ўртасида Бизнес кенгаш тузиш таклифи илгари сурилди.

Учрашувлар якунлари бўйича ташқи ишлар вазирларининг Қўшма баёноти қабул қилингани қайд этилди.

 Матназар Элмуродов, Ғолиб Ҳасанов, Алишер Исроилов (сурат), ЎзА.