Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Мутолаа: Чўлоқ қашқир

Қоя тош тагида ётган икки бўри ўлжа умидида буталар оралаб сайҳонлик томон йўл олди. Шу пайт узоқдан ёлғиз улоқнинг маъраган овози эшитилди.

Бўрилар тузоқ учун қўйилган улоққа яқинлашиб, гўё хавфни сезгандай ҳаводан ҳид олди. Шу пайт бўрилардан нарироқдаги қоя тош ортидан кетма-кет гумбурлаган овоз янгради. Бу овчилар милтиғининг овози эди. Бўриларнинг бири ўша заҳоти жойида йиқилди. Орқа оёғидан ўқ еган иккинчи бўри бир йиқилди-да, қочганча довон ошиб, кўздан ғойиб бўлди.

Орадан кунлар ўтиб, овчилар ҳужумидан омон қолган бўрининг яралари битди, аммо чўлоқ бўлиб қолди.

Эрталаб молларга хашак бериш учун келган Туроб бобо қўрада бўғизланиб ётган эчкиларни кўриб “Уйим куйди”, деб бақириб юборди. Навбатдаги талафотнинг овозаси бутун қишлоққа тарқалди. Чошгоҳга яқин ўн-ўн беш чоғли қишлоқдошлар Туроб бобоникига йиғилди. Мақсад – қасоскор бўрини тутиш.

- Энди нима қиламиз? Уни бир амаллаб йўқ қилмасак, бизга тинчлик йўқ, – гап бошлади Нарзиқул чол.

- Қопқон қўйсак-чи? - ўтирганларга савол назари билан қаради Жўра оқсоқол. – Балки хўракка илинар?!

- Бўлмайди, - бош чайқади Туроб бобо. – Ўнта эчкимдан бирортасини емаган. Отақулнинг сигирини бўғизлади, емади. Салимнинг бузоғини ўлдирди, емади. Хўракка илинармиди.

- Бўлмаса нима қиламиз? – деди ўтирганлардани бири.

Ўртада сукунат чўмди. Хонада фақат печдаги қора човгумнинг қайнаш олдидан чиқарган товуши эшитиларди.

- Бўлмаса чала қолдирган ишларингни ўзларинг охирига етказингларда, - дея Райимқул овчи билан Садр овчига юзланди Жўра оқсоқол.

- Биламан, бу бизнинг хатомиз, нима қилайлик, гумдон қилиш учун лаънатининг изини ололмаяпмиз, - ўзини оқлашга уринди Райимқул.

Хуллас, бўрини овлаш икки овчига қолди.

Кечаси, ётар олди эринибгина ёғишни бошлаган қор эрталабгача тўпиқни бўйлади. Тонг ёришганда Садр билан Раимқул чўлоқ қашқирни излаб тоғ томон йўл олди. Садр овчи пешин пайти тоққа санчилган қоя тошда чўнқайиб ўтирган ўша чўлоқ бўрига дуч келди. Райимқул бу пайт ҳамроҳидан анча орқада эди. Садр орқасига қарай-қарай, тоғ тепасига кўтарилди. Хаёлида бўри унинг шу ердалигини сезган, ҳозир ортидан келади-ю, унга ташланади. Милтиғини ўқлади ва пастга қараб ҳайқирмоқчи ҳам бўлди. Шу пайт тепасидаги тошда унга тикилиб турган бўрини кўриб, шошганидан суринди ва милтиғи қўлидан чиқиб, пастга учиб кетди. Дарров сакраб турди. Ундан уч-тўрт қадам нарида чўлоқ бўри унга ёни билан қараб турарди. Бир томон тик жарлик, иккинчи томонда қашқир. Торгина майдон. “Энди қалайсан?”, дегандай бўри унга тикилиб турибди. Мана, қаршисида қуролсиз, ожиз инсон турибди. У овчига ташланди. Аммо ўлжасига етиб бормасдан ўқ зарбидан ерга йиқилди. Садр нима бўлаётганига тушунмай, ўгирилиб қараса, ортида Райимқул турибди. Бўри бор кучини йиғиб, ўрнидан турди ва рақибларига қаради. Икки қадам нарида чарчаган, ундан баттар ҳориган овчи оёқларини кериб турарди. Умрининг сўнгги лаҳзаларида қашқир инсон ғолиб бўлганини англади ва жарлик сари ўрмалай бошлади. Жар ёқасида қашқир сўнгги бор увлади ва ўзини пастга отди.

Бобораҳмат МУҲАММАДИЕВ,

Нуробод тумани.