Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нафақат ОАВ, балки ноширлик-матбаа, кутубхона фаолияти учун ҳам масъул

Президент Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигининг асосий вазифалари қуйидагича белгиланди:

• фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлигига доир конституциявий ҳуқуқларининг рўёбини таъминлайди, оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиради, медиа-бозорда улар учун тенг шароитлар яратади, журналистлар ҳуқуқларини ҳимоя қилади;

• оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятининг ривожланишини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш чора-тадбирларини ишлаб чиқади;

• давлат органлари ва бошқа ташкилотларга улар фаолиятининг очиқлигини таъминлашда, давлат хизматчиларига оммавий ахборот воситалари билан очиқ, оммавий ўзаро ҳамкорлик қилиш маданиятини сингдиради;

• мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг миқёсли ислоҳотларни хорижий ишбилармон доиралар, тадбиркорлар, салоҳиятли инвесторлар, давлат ва жамоат арбоблари орасида тарғиб этади ва кенг хабардор қилиш масалаларида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, Ўзбекистон Республикасининг хориждаги дипломатик ваколатхоналари билан ўзаро ҳамкорлик қилади;

• тармоқ корхоналарининг моддий-техник базасини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш, шунингдек, замонавий стандартлаштириш ва сертификатлаштириш тизимлари, инновацион ғоялар ва технологияларни жорий этиш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқади ва амалга оширади;

• китоб нашр этиш, электрон ва аудио китоблар яратиш, китоб мутолааси маданиятини ошириш, хорижда ўзбек адабиётини оммалаштириш соҳасида дастурий чора-тадбирларни ишлаб чиқади ва уларнинг амалга оширилишини таъминлайди;

• журналистлар ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона корхоналари ходимларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга қаратилган комплекс чора-тадбирларни амалга оширади, тармоқнинг муҳандислик-техник мутахассисларини тайёрлашда кўмаклашади, уларнинг ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоясини таъминлайди;

• республика ахборот хавфсизлигини таъминлашда иштирок этиш ҳамда ахборот соҳасидаги хатар ва таҳдидларга қарши ўз вақтида ва муносиб равишда курашиш чораларини кўради;

• Агентлик ваколатига тааллуқли масалалар бўйича халқаро ҳамкорликни ташкил этади.