Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нарпай туманидаги мактаб директорлари спорт залига ёшларни қўймаяпти. Вилоят ҳокимининг топшириғи нега бажарилмади?

2019-2020 ўқув йили яқинлашяпти. Навбатдаги ўқув йилига мактаблар қай даражада тайёр, таъмирлаш жараёни қандай, бу муаммоларнинг олдини олиш учун қандай ишлар амалга оширилмоқда? Шу саволга жавоб топиш мақсадида Нарпай туманидаги айрим мактабларда бўлдик.

– Туманда 68 та мактаб, 2 та мактаб филиали ҳамда 1 та «Баркамол авлод” болалар маркази бўлиб, жами 35 минг 68 нафар ўқувчи таҳсил олади, – дейди туман халқ таълими бўлими мудири ўринбосари Эркин Пўлатов. – Жорий йилда инвестиция дастури асосида 3 та мактабни мукаммал таъмирлаш учун 4 миллиард 792 миллион сўм ажратилди. Айни пайтда бу ишлар амалга оширилмоқда. Яна учта мактаб «Обод қишлоқ” дастурига киритилган. Шунингдек, маҳаллий бюджет ҳисобидан 16 та мактабни жорий таъмирлаш учун 1 миллиард 30 миллион сўм йўналтирилди. Қолган мактаблар эса ота-оналар ва тадбиркорлар ҳомийлигида ўқув йилига тайёрланяпти. 

Маҳалла раиси «янги”, мактаб директори-чи?

47-умумий ўрта таълим мактабидамиз. Мактабнинг кириш қисмида фойдаланиш мумкин бўлган анчагина ер майдонининг қаровсиз, қақраб ётгани киши эътиборини тортади. Бино ичкариси ҳам кўзни қувнатар даражада эмас. Тўғри, синфхоналарни таъмирлашга ҳаракат қилинган, аммо асосий масалалар эътибордан четда. Фойе ва синфхоналардаги ёриткич чироқларининг бир нечтаси ишламайди. Компьютерлар сақланадиган хона қуёш нуридан ҳимояланмаган...

– Мактабимиз 2007 йилда 230 ўринга мўлжаллаб қурилган бўлиб, айни пайтда 424 нафар ўқувчи икки навбатда таҳсил олади, – дейди муассаса раҳбари Муҳаррам Омонқулова. – Мактаб ҳомийлар томонидан ажратилган 8 миллион сўм маблағ асосида таъмирланди. Қолган камчиликларни ҳам навбати билан бартараф қиламиз.

Президентимиз илгари сурган беш муҳим ташаббус негизида асосан, ёшлар тарбияси ётади. Шу ташаббуслар асосида ёшларнинг китобга меҳрини ошириш, ахборот технологияларини ўргатиш, уларни ҳам жисмонан, ҳам руҳан соғлом қилиб тарбиялаш зарур. Вилоят ҳокими Э.Турдимов яқинда ёшлар билан бўлган учрашувда мактаблардаги компьютерлар ва спорт жиҳозларидан фойдаланиш учун шароит яратиш зарурлигини таъкидлаганди. «Мактаблардаги спорт инвентарларини авайлаб, олиб қўйиш керак эмас, улардан ёшлар фойдалансин. Майли, эскириб, адо бўлсин, янгисини олиб берамиз”, деганди вилоят ҳокими.

Хўш, вилоят ҳокимининг айтганлари биз борган мактабларнинг қай бирида амалга ошди? Афсуски, бунга амал қилган мактаб директорини учратмадик. Ёки вилоят раҳбарининг топшириғи мактабларгача етиб бормаган.

Мазкур мактаб директори М.Омонқулова бизни компьютер синфи, кутубхона ва спорт майдонлари билан таништирди. 16 та замонавий компьютер бор, аммо интернетга уланмаган, истовчиларга эса фойдаланиш учун рухсат йўқ. Тўғри, муассаса раҳбари хоҳловчилар компьютердан фойдаланяпти, деди. Аммо мазкур мактаб жойлашган Тепа маҳалласидаги аҳоли билан гаплашганимизда улар баъзида мактабнинг футбол майдонидан фойдаланишини, бироқ компьютерлар билан ишлашга мутлақо рухсат берилмаганини айтди. Маҳалла раиси Яхшигул Сафарованинг ҳолат бўйича фикрлари билан қизиққанимизда у бу вазифада жорий йилнинг май ойидан буён ишлаётгани ва ёшлар айни пайтда мактабда мавжуд имкониятлардан фойдаланаётганидан бехабар эканини айтди.

Мактаб кутубхонаси илтимосларимиздан сўнггина очилди. Кутубхона раҳбари эса хонасида йўқ. Ёзги таътил сабаб келмаётган бўлиши мумкин, бироқ директорнинг айтишича “районо”да (мактаблардан кимнидир топа олмасангиз билингки у “районо”да бўлади) экан. Кутубхонадаги айрим китоблар пала-партиш тахланган, газета ва журналларнинг сақланиши ҳам талаб даражасида эмас.   

Яна бир ҳолат. Спорт зали ва ундаги инвентарлардан ёшлар фойдаланиши керак. Бу мактабда эса аксинча. Яъни, спорт зали поли ранглаб, чиройли қилиб қўйилган ва унда ҳам оёқ изини кўрмайсиз. Спорт инвентарлари эса кичик бир хонада қалашиб, чанг босиб ётипти. Ундан фойдаланишга ҳеч кимнинг ҳадди сиғмайди, шекилли.

Мазкур ҳолат юзасидан мактаб раҳбаридан изоҳ сўраганимизда «Болалар бу ердан мунтазам фойдаланади, бугун ҳам улар машғулотга келиб кетди”, деган жавобни айтди.

Тумандаги 50-умумий ўрта таълим мактабида янги ўқув йилига яхши тайёргарлик кўрилган. Мактаб синфхоналари, спорт зали ўқув йилига тайёрланган. Мактаб ҳудуди ҳам ободонлаштирилган ва экин майдонларининг бўш турган жойи йўқ. Бироқ мазкур мактабда ҳам юқоридаги мактабда кузатилган камчиликларни кўриш мумкин.

Компьютерхонадаги 27 та компьютерларнинг чанг босиб ётганига қараганда у ерга яқин орада ҳеч ким кирмаган. Спорт залидаги инвентарлар фойдаланишга тайёрлаб қўйилган бўлса-да, афсуски, бу ерга ҳам ёшлар киритилмагани шундоқ кўриниб турипти.

– Мактабга маҳалла ёшлари ҳар кун келади, – дейди мактаб директори Абдурасул Азимов. – Бугун ҳаво иссиқ бўлгани учун болалар вақтли кетишди. Йигит-қизлар китоблардан ҳам, компьютерлардан ҳам, спорт майдонидан ҳам фойдаланяпти.

Очиғи, спорт залига қараб директорнинг сўзлари ҳақиқатлигига ишонгинг келмайди. Негаки, мазкур мактаб спорт залига ҳам яқин кунларда биров кирмагани аниқ.  

«Мактаб спорт зали таъмирланди, энди ҳеч кимни киритмайман”

Бу сўзларни тумандаги 57-умумий ўрта таълим мактабида бўлганимизда муассаса раҳбари Акрам Орзиқуловдан эшитдик. Унинг айтишича, мактабнинг спорт зали яқиндагина таъмирлангани учун у ерга янги ўқув йили бошланмагунча ҳеч кимни киритмаслигини айтди.

Мактаб директори бу фикрида собит бўлиб келяпти, шекилли, спорт залига яқин ўртада биров кирмагани кўриниб турипти. Спорт инвентарлари эса чекка бир хонада пала-партиш, чанг босиб ётипти. Мактаб раҳбарига кеч бўлса-да, вилоят ҳокимининг гапини етказдик, амал қиладими йўқми буни вақт кўрсатади.

Мактабнинг жорий таъмири учун маҳаллий бюджет ҳисобидан 50 миллион сўм маблағ ажратилган. Айни пайтда ҳожатхонада қурилиш ишлари давом этяпти. Синфхоналар мавсумга тайёр эмас. Аксарият хоналарнинг ёриткич чироқлари ишламайди, парталарни чанг босган. Айрим ишлар «бўлади-да” қабилида амалга оширилган. Ободонлаштириш ишлари ҳақида мутасаддилар ўйлаб ҳам кўрмаган бўлса керак. Атроф бегона ўтлардан тозаланмаган, ортиқча нарсалар талайгина. Шунингдек, фойдаланиш мумкин бўлган ерлар бўш, ташландиқ ҳолатда ётибди. Энг ачинарлиси, спорт майдонларига ҳеч ким эътибор қаратмаган.

Туман марказида жойлашган мактабда 19 та компьютер бўлса-да, улар интернетга уланмаган.  Компьютерхонада қуёш нурини қайтарувчи пардалар ҳам йўқ. Ҳа айтганча, мактаб биносида бир соатча турган бўлсак ҳам кутубхонадаги ҳолатни кўришнинг имкони бўлмади. Директорнинг айтишича, кутубхона раҳбари иш билан “районо”га кетган экан. «Районо” ходимларига юзланганимизда эса бу саволга жавоб ололмадик.

Хуллас, янги ўқув йили бошланишига ҳали вақт бор. Шундай экан, мутасадди ташкилот раҳбарлари бундан хулоса чиқариб, кўрсатиб ўтилган ва бошқа муаммоларни бартараф этишга виждонан ёндошса, кутилган натижага эришиш мумкин. Бу эса, албатта, таълим сифати ва самарадорлигига олиб келади. МАҚСАДЛАРИМИЗ ҳам шу аслида.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

Zarnews.uz мухбири.