Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Навоий ва Бобурга эҳтиром

“Диёрим аҳли бирла ёрдин бошимға юз меҳнат,

Не тонг, бошим олиб кетсам қўюб ёру диёримни.

Бу сатрларни битган Ҳазрат Мир Алишер Навоий ва Заҳириддин Муҳаммад Бобур ижодини ўрганишга бўлган қизиқиш улар яшаган даврларданоқ бошланган. Бу икки буюк қалб соҳибларининг ижоди нафақат адабиёт, балки бошқа фанларнинг ривожи учун ҳам ўз ўрнига эга. Масалан, биргини “Хамса” ва “Бобурнома”нинг ўзиёқ фикримизни тасдиғ этади.”

Самарқанд шаҳридаги Концерт залида Алишер Навоийнинг 578 ҳамда Бобурнинг 536 йиллиги муносабати билан ўтказилган тадбир филология фанлари доктори Дилором Салоҳийнинг шундай сўзлари билан бошланди.

Ўзбекистон ёшлар иттифоқи вилоят кенгаши фаоллари, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими, корхона ва ташкилот ходимлари, таълим муассасалари ўқувчилари ҳамда маҳаллий аҳоли иштирок этган тадбирда Самарқанд санъат коллежининг ўқитувчи-ўқувчилари томонидан концерт дастурлари намойиш этилди.

Тадбирда икки мутафаккирнинг ғазалларига басталанган куй-қўшиқлар ижро этилди. Шунингдек, илк бор Тоҳир Абдураззоқов бошчилигидаги оркестр жамоаси томонидан куйга солинган Алишер Навоийнинг “Ишқ” ғазали томошабинларда катта қизиқиш уйғотди.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ.