Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Навоийнинг ёркентлик издошлари

Хитой ва Туркистон халқлари тарихида муҳим жараёнларни бошидан кечирган Ёркент хонлиги ҳудудида XVI-XIX асрларда маданий ҳаёт ва адабий муҳит юксак даражада камол топган. 2007-2009 йиллар давомида Хитойда олиб борган илмий изланишларимиз давомида Ёркент хонлиги даври адабий муҳитига Алишер Навоий самарали, ҳар жиҳатдан таъсир кўрсатганлиги, буюк мутафаккир бобомизнинг адабий мероси Ёркент  ва Қашқарда фаолият олиб борган адиблар иқтидорининг сайқал топишида муҳим ўрин тутганлиги ҳақидаги маълумотларни топдик.

Бу муҳитда ҳазрат Навоий ижодидан таъсирлангани ҳолда қатор таниқли адиблар "Хамса" достони, ғазал ва рубоийларига монанд кўплаб назира шеърлар, мухаммаслар яратган.

Қуйида Алишер Навоий ижодий мактаби таъсирида вояга етган, улуғ шоир асарларига ҳамоҳанг тарзда ижод қилган ва мутафаккир анъаналарини давом эттирган айрим адиблар ҳақида мухтасар маълумот келтириб ўтамиз. Бу адиблар ҳақидаги кенг маълумотлар ўзбек адабиётшунослигида деярли учрамайди.

Султон Саидхон (1487-1533). Ёркент хонлигининг асосчиси (1514 й.) ва хони (1514-1533). Мирзо Бобурнинг қариндоши, иқтидорли шоир, адабий тахаллуси – Саидий.

Муҳаммад Ҳайдар Мирзо Дўғлот (1499/1500-1533) нинг 1541-1546 йилларда ёзилган "Тарихий Рашидий" асарида Саидхоннинг бадиий салоҳияти ҳақида шундай дейилади: "Настаълиқ хатида чиройли ёзарди. Имлоси форсийда ҳам, туркийда ҳам, арабийда ҳам тўғри ва бекаму кўст эди. У туркийда чиройли қилиб иншо тузишда беназир эди. Бунақаси кўплаб билимдонларнинг қўлидан келмасди. У ўйлаб ўтирмасдан шеър тузарди. Йиғинлар ва суҳбатлар пайтида олдида қандай девонни очишмасин, ўша шеърларнинг исталган вазни ва қофиясига мослаб, бадиҳа шеър тўқиб ташларди…

Хон йиғинлар пайтида тўқиган бадиҳалардан айримларини мен эслаб қолганман…

Қайси гулшаннинг юзингдек бир гули

раъноси бор?

Қайси гулнинг бир манингдек булбули

шайдоси бор?.."

Аязбек-қўшчи. Ёркент хонлигининг дастлабки йилларида саркардалик қилган. У "Маҳмуд­нома", "Жаҳоннома" достонларининг муаллифи ҳисобланади. Аязбекнинг қуйидаги шеъри унинг шоирлик салоҳиятидан далолатдир:

Соқий майи фараҳбахш тутким баҳор келди,

Ишрат замони етди ул гулъузор келди…

Даврон айру-ишрат беш кун эрур ғанимат,

Чун чархи бемурувват напайдарпайи келди.

Абдурашидхон (1510-1569). Султон Саидхоннинг ўғли, шоҳ (1533-1569) ва шоир, адабий тахаллуси – Рашидий. Шоир ғазалидан парча:

Ҳақ йўлида жон чекиб бир жустужўйи

қилмадим,

Тавба суйидин танимни шустушуйи

қилмадим.

Ваҳ, нечук мақбули бўлғай, ваҳ,

намозимким менинг,

Чунки хуноби жигар бирла вазуйи

қилмадим.

Абдурашидхон она тилидан ташқари, форс тилида ҳам ажойиб шеърлар яратган. "Тарихи Қашқар" асарида келтирилишича, Абдурашидхон ниҳоятда саводхон бўлиб, она тилида ва форс тилларида ажойиб шеърлар ижод қилган.

Аманнисахон (1534-1567). Нафисий тахаллуси билан ижод қилган. Абдурашидхоннинг қуйи табақадан чиққан иккинчи хотини, шоира, хаттот ва истеъдодли санъаткор. Асарлари – "Девони  Нафисий", "Қалблар шарҳи", "Ахлоқи Жамила" рисоласи.

Мулла Юсуф Қодирхон Ёркентий (? – 1571). Аманнисахоннинг устози, Абдурашидхоннинг бош вазири, машҳур мусиқашунос, шоир. "Девони Қодирхон" номи билан девон тартиб берган.

Жаҳон хўжа Ёқуб Арший. Тахминан 1724-1730 йиллар оралиғида Бухоро, Самарқанд, Қўқон мадрасаларида ўқиган. Арший тахаллуси билан туркий, форс ва араб тилларида шеър­лар ижод қилган. Ёркент ҳокими (1735-1759) бўлган. Арший ҳар пайшанба куни "Олтин" мадрасасида талабаларга дарс берган. Улар орасида Қўқон хонлигидан бўлган талабалар ҳам таҳсил олишган. Маълумотларга қараганда, Жаҳон хўжа афсонага айланган ёри, Маҳдуми Аъзам авлоди Ипархон (1734-1788) нинг хожаси бўлган.

Обид Қумулий. Асосан ғазал ва рубоий жанрларида ижод қилган. Қумул шаҳри ҳокими Убайдулла ўозибек ҳомийлигида фаолият олиб борган. Хитойнинг СУАР (Урумчи)даги адабиёт музейида сақланадиган "Баёз"да шоирнинг 34 ғазали ва 69 рубоийси келтирилган.

Мулла Фозил. Адабий тахаллуси "Кичик". 1653 йилда туғилган. Шоирнинг Алишер Навоий асари таъсирида 1705 йили ёзиб тугатилган "Лайли ва Мажнун" достони бизгача етиб келган. Асарнинг Алишер Навоий "Лайли ва Мажнун"идан асосий фарқи тилининг соддалиги, халқ оғзаки ижодидаги образ ва тушунчаларнинг акс этишида кўринади. Қўлёзма 254 саҳифадан, 5592 мисрадан таркиб топган.

Муҳаммад Хароботий (тах. 1638-1730). Қаш­қар ва Бухоро мадрасаларида таълим олган. Абдулла Хароботий маҳаллий ҳукмдор билан чиқишолмаганлиги ҳақида ўзининг "Маснавийи Хароботий" асарида бир неча марта шаъма қилади ва маснавийнинг ҳар боби сўнгини қуйидаги мурожаат билан тугаллайди:

"…Ман нечук айлай кўнгулни шодлар,

Қайси бир ғамдин қилай фарёдлар?".

Айрим хитойлик адабиётшунослар фикрича, шоир бир қанча лирик ва эпик асарлар ёзган, бироқ бизга унинг фақат "Куллиёти маснавийи Хароботий" асари маълум. Мазкур асар XVII аср биринчи чорагида яратилган дидактик адабиётнинг йирик намунаси ҳисобланади.

Муҳаммад Эмин Хўжамқули Хирқатий (Гумном) (1634-1724) ўн олти йил мобайнида Самарқанд ва Қашқар мадрасаларида таълим олиб, туркий, араб ва форс тилларини мукаммал билган. Қашқарда, Офоқ хўжа даргоҳида Раҳимбобо Машрабга сабоқдош бўлган.

Хирқатий ижодининг чўққиси унинг 1670 йилда ёзилган "Муҳаббатнома ва Меҳнаткам" деб аталувчи мунозара жанридаги достони ҳисобланади. Хирқатий бу маснавийси билан туркий тилдаги достончилик мавзусини бойитиб, анъанавий ишқий кечинмалар акс этган муҳаббат мавзусини меҳнат мавзуси билан омухталаштиришга эришади.

Хирқатийнинг иккинчи тахаллуси Гумном. Унинг "Девони Гумном" шеърий тўплами 109 саҳифадан иборат бўлиб, 85 ғазал (1550 мисра), 14 мухаммас, 25 рубоий, бир таржиббанд ва бир маснавийдан таркиб топган.

Муҳаммад Сиддиқ Залилий (1676-1755). 40 ёшида укаси Далил ва шоир дўсти мулла ўазал билан Туркистон бўйлаб узоқ сафарга отланади. Сафар таассуротлари заминида Залилий "Сафарнома" (1718), "Тазкираи Чилтан" (1734), "Тазкираи хожа Муҳаммад Шариф" (1744) асарларини яратади. Бундан ташқари, унинг 196 туркий, 56 форсий ғазаллари, 27 рубоий, шунингдек, мустаҳзод, қасида, соқийномалари бизгача етиб келган.

Навбатий Хўтандий (1691-1760) асарлари Қашқар мадрасаларида Абдураҳмон Жомий, Алишер Навоий асарлари билан бир қаторда ўқитилган. Навбатий шеърлари тўплами 1954 йилда Кучар шаҳрида аниқланган. Мажмуа тахминан 1740 йилда тартиб берилган. Қўлёзма 107 ғазал ва 31 рубоийни ўз ичига олади. Китобга Ҳувайдонинг 69 шеъри ҳам киритилган.

Муҳаммад Сиддиқ Рушдий (тах.1708-1788) Ёркентнинг таниқли адиби. 1780 йилда Фаридиддин Атторнинг "Тазкиратул авлиё"си заминида "Тазкират ул-авлиёи туркий" асарини яратди. Бу тазкира Алишер Навоийнинг мутасаввуф ижодкорлар ҳақидаги "Насойимул муҳаббат" асаридан кейин туркий тилда яратилган шу мазмундаги асар ҳисобланади. "Тазкират ул-авлиёи туркий"да тўқсон беш мутасаввуф ҳақида маълумотлар келтирилади.

Абдураҳим Низорий (1770-вафот этган йили номаълум) Алишер Навоий ижодидан илҳомланиб, "Фарҳод ва Ширин", "Лайли ва Мажнун" достонлари яратган. Бу эпик анъанани замондошлари Норузохун Зияйи ва Турди ўарибий, ХIХ асрнинг иккинчи ярмида эса Садир Полвон, Саид Муҳаммад Коший, Мулла Шокир, Акмал Тошкандий, ўиёсиддин Умар Марғилоний, Имом Али Қундузий, Писандий, табиб Ҳасан Хўжа кабиларнинг асарларида ҳам давом этди.

Бу маълумотлардан кўринадики, Алишер Навоий нафақат бизнинг ҳудудда ижод қилган адиблар асарларига, балки чет элдаги, хусусан, Хитой халқлари адабий муҳитига ҳам самарали таъсир кўрсатган.

Бугунги кунда ўзбек-хитой алоқалари ривожи янги босқичга кўтарилган даврда Алишер Навоийнинг Ёркент хонлиги адабий муҳитига таъсирини ўрганиш, ўзбек-хитой халқлари тарихининг муштарак жиҳатларини ёритиш халқлар ўртасидаги алоқаларнинг янада мустаҳкамланишига замин яратади.

Эркин МУСУРМОНОВ,

филология фанлари номзоди,

доцент.