Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Нефтчи” ва “Турон” ўйинида вужудга келган тартибсизлик юзасидан жиноят иши қўзғатилди

Кеча ижтимоий тармоқларда “Нефтчи” ва “Турон” футбол жамоалари ўртасида вужудга келган жанжал ифодаланган видеотаъсвир ижтимоий тармоқларда тарқалган эди.

Терговга қадар текширув жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг 1 декабрь куни соат 14:00 да Фарғонанинг “Нефтчи” ва Ўзбекистон туманининг “Турон” Pro liga жамоалари ўртасида “Истиқлол” стадионида футбол мусобақаси бўлиб ўтган эди. Учрашув якунига кўра, “Нефтчи” жамоаси 1:0 ҳисобида мағлуб бўлди. Ушбу ҳолат “Нефтчи” ПФК ўйинчилари томонидан учрашув ҳакамидан норози бўлиб, жанжаллашган, жанжал давомида ўйингоҳга ташриф буюрган “Нефтчи” жамоасининг тахминан 8 нафар мухлислари майдонга тушиб, тартиббузарликни вужудга келтирган.

Шу вақтда “Нефтчи” ва “Турон” жамоалари футболчилари, захирадаги ўйинчилар, мураббийлар ва стадион стюардлари майдонга жанжални тўхтатиш ва тинчлантириш учун тушган. Фарғона вилояти ИИБ ходимлари саъй-ҳаракати билан жанжал тўхтатилиб, қонунбузарлар ушланиб, майдондан четлаштирилди.

Жанжал оқибатида бош ҳакамда юз қисми лат ейиш ва танасининг шилинмалари, ёрдамчи ҳакамларга эса танасига турли кўринишдаги жароҳатлар етказилганлиги аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Фарғона шаҳар ИИО ФМБ ҳузуридаги тергов бўлими томонидан ЖКнинг 277-моддаси 3-қисми “в” (оммавий тадбирлар ўтказилаётган вақтда содир этилган безорилик) банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Ҳозирда, жиноят иши доирасида 6 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишда иштирок этишга жалб қилинган бўлиб, яна 2 нафар фуқаронинг шахсини аниқлаш чоралари кўрилмоқда.

Бундан ташқари, 5 нафар фуқарога нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 183-моддаси (майда безорилик) кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликлари учун тегишли тартибда ҳужжатлар расмийлаштирилган.

Тергов ҳаракатлари давом этмоқда ҳамда тартиббузарлик содир қилган барча шахсларнинг қонун олдида жавоб бериши таъминланади, дея маълум қилди ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.