Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нега байрам шукуҳи сезилмаяпти?

Яна 18 кундан кейин мамлакатимиз тарихида туб бурилиш яасаган кун – мустақиллик байрами нишонланади.

Жорий йилда 28 йиллиги бўлиб ўтадиган улуғ айёмга тайёргарлик қандай кечмоқда? Атрофдаги воқелик, одамлардаги кайфият энг азиз байрамга тайёргарлик етарли эмаслигини кўрсатмаяптими?

Аслида ҳар йилгидек ушбу тарихий санага давлат даражасида катта эътибор қаратилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг 8 июль куни “Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма саккиз йиллик байрамига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори қабул қилинди. Шунга асосан вилоят, ўз навбатида туман ва шаҳарлар ҳокимларнинг қарорлари қабул қилинди.

Ушбу ҳужжатларда тегишли ташкилий ва тарғибот ишларини амалга ошириш чора-тадбирлари белгиланган. Бироқ, қайси туман ёки шаҳарда мустақиллик байрами шукуҳи сезилади? Бу саволга аниқ, жўяли жавоб бериб бўлмайди.

Шу боис, вилоят ҳокимлигида ўтказилган йиғилишда бу масала атрофлича муҳокама қилинди.

Таъкидландики, Самарқанд шаҳрининг бирор бир кўчасида байрамни акс эттирувчи панно, бильбордлар йўқ. Шаҳардаги 17 та катта ҳажмдаги реклама мониторларида ҳам истиқлолни, энг улуғ ва энг азиз байрамни тарғиб қиладиган роликлар жойлаштирилмаган.

Мирзо Улуғбек кўчасининг бошланишидаги Миллий банк вилоят бўлими пештоқида мустақилликнинг 27 йиллиги, деб ёзилган баннер турибди. Табиий савол туғилади: нега банк раҳбарияти бу ҳолатга бефарқ қараган?

Умуман, фақат назорат, доимий сўров бўлсагина байрамолди ишларини бажаришга ўрганиб қолдикми? Маънавият ва маърифат маркази, Тасвирий ойина ижодий уюшмаси кимдан, қандай топшириқлар бўлишини кутиб туришибди? Қайси бино ёки ташкилот пештоқига “Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!” деб номланган мустақиллик байрамининг бу йилги бош ғояси ёзилган баннер илинган? Янги йил байрамидан қолган тунги илюминацияларни алмаштириш вақти келмадими?

Йиғилиш давомида мутасаддилар шу каби саволларга жавоб беришди. Шарқ тароналари XII халқаро мусиқа фестивали билан бир вақтда бўлиб ўтадиган мустақиллик байрамини юқори савияда ташкил қилиш бўйича аниқ топшириқлар берилди.

Ё.ГАДОЕВ.