Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нега талабалар 3 ойлик стипендиясини ололмади? Самарқанд ветеринария медицинаси институти муносабат билдирди

Жорий йилнинг 11 сентябрь куни “Фейсбук” ижтимоий тармоғидаги “Мнение народа - Халқ фикри” гуруҳида, шунингдек, “Сиздан телеграм” расмий-оммабоп каналида Самарқанд ветеринария медицинаси институти талабалари номидан ёзилган шикоят хати эълон қилинган.

Унда айтилишича, институт талабалари 3 ойлик стипендияларини ололмаётган бир пайтда институт ректори Х.Юнусов янги “Malibu”  автомобили харид қилган. 

Ушбу маълумот бўйича қуйидагиларни маълум қиламиз:

Тан олиш лозимки, хатда айтилган фикрлар қисман тўғри. Олий таълим муассасаси ректори ва олийгоҳ мутасаддилари бунинг учун талабалардан узр сўрайди ва вазиятга аниқлик киритади.

Маълумот интернет тармоқларида тарқатилган куннинг эртасига, яъни 12 сентябрь куни талабаларнинг бир ойлик (июль ойи учун) стипендиялари тўлаб берилди.

Ўтган йиллар мобайнида июль-август ойлари учун стипендиялар куз мавсуми давомида тўлаб берилганлиги талабаларга маълум. Шунингдек,  жорий йилнинг январь, июль ойларида (йил ҳисобидан икки марта) ўқитувчи-профессорларнинг ойлик маошлари оширилганлиги ҳам талабалар стипендияларининг кечикишига маълум маънода сабаб бўлиши мумкин. Устозларга маош тўланиши учун таълим муассасаси  “Ипотека” банкидан 1 миллиард сўм миқдорда кредит олганлигини илова қиламиз.

“Malibu” автомашинаси масаласига келсак, Самарқанд ветеринария медицинаси институти Ўзбекистон Республикаси Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан молиялаштирилади. Қўмита раиси Б.Норқобиловнинг 2019 йил 24  июндаги  43 и/ч-сонли буйруғига кўра, “Malibu 2 А/Т” автомашинаси институт раҳбариятига тақдим этилган. Демак, автомашина институт ҳисобидан харид қилинмаган.

Маълумот учун. Одатда талабалар ҳар ой учун стипендияларини ойнинг 20-санасига қадар олишади. Сентябрь ойи учун ҳам шундай тартиб амалда. Август ойи учун стипендия эса мавжуд молиявий имкониятлар ҳисобга олиниб, сентябрь ойининг 17 санасига қадар тўлаб берилиши қатьий назоратга олинади.