Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нобель мукофоти совриндори Лев Ландаунинг “бахт формуласи”

Машҳур физик, академик, Нобель мукофоти совриндори, назарий физика илмий мактабининг асосчиси Лев Ландау ўзининг “бахт формуласи”ни мисли кўрилмаган асар, деб ҳисоблаган. Бу нуфузли олим учун ғалати мавзу, шундай эмасми? Бироқ Ландау бундай ўйламасдан, мавзуни жуда жиддий қабул қилган: “Агар ҳамма бу ҳақда мен каби жиддий ўйлаганда эди, ҳаётимиз анча осонлашган бўларди”, дейди у. Ландаунинг бахт формуласи учта муҳим элементдан иборат.

Олим маҳорат билан бахтнинг оддий формуласини ишлаб чиқди. Унинг фикрига кўра, ҳар бир инсоннинг бахт-саодати учта таркибий қисмдан иборат: иши (меҳнат фаолияти), муҳаббати ва одамлар билан қилган мулоқоти. Ландау меҳнатни биринчи ўринга қўяди. У меҳнат инсон ҳаётидаги асосий восита, деб ҳисобларди. Ўз-ўзидан маълумки, бунга исбот ҳам талаб қилинмайди. Олим шундай деб ёзган: “Агар сиз меҳнат қилишда тўхтасангиз, думингиз ўсиб чиқади ва дарахтларга тирмашиб чиқишни бошлайсиз”.

Ландау муҳаббатни жуда жиддий қабул қилган. У энг бахтли одамлар ўз вақтининг 30 фоизини севган кишиларига бағишлашига амин эди. Масалан, ҳар ким яқинлари бахтли бўлиши учун ўз ҳиссасини қўшиши кераклигини уқтирарди. Ландау хотинига “Менинг биринчи даражали вазифам – бу сени бахтли қилишдир, хотини бадбахт бўлган эркак ҳеч қачон бахтли бўла олмайди”, деб айтган.

Одамлар билан мулоқот Ландаунинг формуласида назарда тутилганидан кўра кўпроқ вақт талаб қилади. Бироқ ушбу банд ортиғи билан бажарилди. Унинг кўплаб дўстлари ва танишлари бор эди. Уйининг эшиги эса кечга яқин ҳам ёпилмасди, кимдир кетаяпти, бошқалари эса келяпти. Уйидан ҳазил, кулги овозлари эшитилар, ҳаёти қизиқарли ва шовқинли ўтарди. Унда академик тарзда ҳаётдан ажралишликдан ҳеч вақо йўқ эди, албатта, у ишлаган куннинг биринчи ярмини ҳисобга олмаганда.

Ушбу “ғалати” олимнинг айрим ҳикматлари, ҳаёт ва бахт ҳақидаги иқтибосларини тақдим этамиз:

  1. Инсон бахтга интилиши керак, у ўзига бахтни мақсад қилиб олиши ва ҳеч қандай ҳолатда ундан воз кечмаслиги лозим.
  2. Ўзингизни чин дилдан бахтсиз, деб билишдан кўра, бахтли қилиб кўрсатиш яхшироқдир.
  3. Ғамгин инсон – адашган инсондир. Умидсизлик ботқоққа ўхшаб уни ўз домига тортади. Баъзилар вазиятни тушуниб олиш ўрнига, у ҳақда ўйлашни истамайди ва умидсизликка берилади.
  4. Кўпчилик хаёлига келган ёқимсиз фикрларни ўзларидан ҳайдашади. Улар ҳатто бу муаммо тўғрисида чуқур мулоҳаза қилишни истамайди. Ҳаётда содир бўлган вазиятни ўргана билиш қобилияти ҳар кимга ҳам берилмаган. Бу ерда ҳаётдан завқ олиш ва ўзига бахтли бўла олиши учун нима халақит бераётгани биринчи сабабларини таҳлил қила олиш одатини шакллантириш зарур. Бу ишни ўрганган киши учун қарор қабул қилиш ҳам, яшаш ҳам осон бўлади.
  5. Маъюслик, омадсизлик, аламзадалик роли менга тўғри келмайди. Менинг бошқа режаларим бор.
  6. Одамлар бахт бизнинг ўз ичимизда эканлигини тушунишдан қатъий бош тортишади, кўп нарсани мураккаблаштиришни яхши кўради. Лекин мен аксинча, доимо соддаликка интиламан. “Мураккаб” ва “қийин” тушунчаларни чалкаштириб юбормаслик керак. Беҳуда қўрқув ва ташвишлар биз ўйлашни ва фикрларимиз устидан ҳукмронлик қилишни ўрганганимиздагина орқага чекинади.
  7. Асосийси, ҳамма нарсани иштиёқ билан бажариш. Бу ҳаётингизни ниҳоят даражада безайди.
  8. Гуноҳларнинг энг каттаси – бу зерикиш. Вақти келиб ўзингизга “Нега ҳаётнинг барча афзалликларидан баҳраманд бўлмаганман”, деган савол берасиз. Жавоби эса аниқ: “Ўзимга ишонмагандим, баъзи бир нарсаларга қизиқмадим, уларни зерикарли, деб ўйладим” ёки аксинча “ҳаддан ташқари ўзимга ишонардим, бир-иккита мақтовга учиб, комиллик даражасига етганман, деб ўйлагандим”.
  9. Муносиб ҳаёт кечириш учун ҳар кимда етарли куч бор. Ҳаёт ва давр қийинчилиги тўғрисидаги гаплар ҳаракатсизлигингиз, дангасалик ва турли хил умидсизликларни оқлашнинг бир тури. Ақлий ва жисмоний меҳнат қилинг, қарабсизки, давр ҳам ўзгаради.
  10. Ахир биз фақат бир марта яшаймиз, бизга бошқа ҳаёт берилмайди. Берилган муддат эса жуда оз. Ҳаётимиз янада ёрқинроқ ва қизиқарли ўтиши учун ҳар бир лаҳзадан, ҳар бир имкониятдан фойдаланишимиз шарт.

 

Баҳора МУҲАММАДИЕВА таржимаси.