Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ноқонуний тутилган балиқлар қариялар уйига беғараз топширилди

Хоразм вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича инспексия ходимлари томонидан ўтказилган навбатдаги экологик назорат рейд тадбири давомида Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғида яшовчи фуқаролар Н.Қ. ва Э.Й. томонидан леска тўрлар ёрдамида Янгиариқ тумани Чиқирчи қишлоғи ҳудудидаги «Бўриётоқ» табиий кўл сув ҳавзасидан ноқонуний равишда жами 244 дона турли балиқларни ноқонуний овлаганлиги аниқланган.

Аниқланган ҳуқуқбузарлик бўйича 6 та леска тўрлар ашёвий далил сифатида вақтинчалик сақлаш учун олиб қўйилди. Ҳолат юзасидан табиатга етказилган зарар миқдори 50 миллион 175 минг сўмни ташкил қилди.
Ушланган балиқлар вилоят ҳайвон касалликлари ташхиси ва озиқ-овқат маҳсулотлари хавфсизлиги давлат марказида текширилиб, истеъмолга яроқли деб топилгандан кейин Урганч туманида жойлашган «Хоспис-мурувват» қариялар уйига беғараз топширилди. Бу ҳақда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси хабар бермоқда.
Ҳозирги кунда мазкур ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 202-моддасида кўрсатилган жиноят аломатлари мавжудлиги сабабли, суриштирув ва тергов ҳаракатларини олиб бориш учун тўпланган ҳужжатлар Орол табиатни муҳофаза қилиш прокуратурасига юборилди.