Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нотариус "ягона дарча" асосида хизмат кўрсатади

Хусусан, нотариал хизматлар кўрсатишнинг сифати ва самарадорлигини ошириш, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатларнинг олдини олиш мақсадида вилоятимизда ҳам 15 та нотариус, шунга мос равишда котиб, нотариус ёрдамчиси лавозимлари учун штат бирликлари ажратилди. Шу билан бирга, нотариуслар томонидан нотариал ҳаракатларни бевосита аҳоли пунктларига чиққан ҳолда амалга ошириш йўлга қўйилди.

Давлат божи, герб йиғими, ҳуқуқий ва техник тусдаги бошқа йиғимлар ундиришнинг шаффофлигини таъминлаш, шунингдек, аҳолини нотариат тизимига бўлган ишончини ошириш ҳамда коррупция кўринишлари пайдо бўлишига ўрин қолдирмаслик учун "Нотариус" автоматлаштирилган тизими орқали ўтадиган электрон тўлов – "Биллинг" тизими жорий этилди.

Қарорга кўра, 2019 йил 1 январдан бошлаб ижара шартномаларини давлат солиқ хизмати органларида мажбурий ҳисобга қўйиш тартибини ўрнатиш орқали кўчмас мулкни ижарага бериш ва текин фойдаланиш шартномаларини мажбурий нотариал тасдиқлаш бўйича талаб бекор қилинди.

Васиятномаларни имзолаш жараёни, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг "Нотариат тўғрисида"ги қонуни 34-моддаси иккинчи қисмида назарда тутилган ҳолларда (агар фуқаро жисмоний нуқсони, касаллиги туфайли ёки қандайдир бошқа сабабларга кўра, битим, ариза ёки бошқа ҳужжатни ўз қўли билан имзолай олмаса) битим, ариза ва бошқа ҳужжатларни имзолаш жараёнида мажбурий аудио ва видеоёзувларидан фойдаланилади.

Бундан ташқари, нотариал ҳаракатни амалга ошириш чоғида фуқароларнинг зарур маълумотнома ва ҳужжатларни тўплаш учун идорама-идора юришларининг олдини олиш учун нотариал идоралар идоралараро электрон ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда "ягона дарча" тамойили асосида фаолият олиб боради.

Яна бир муҳим янгилик шуки, 2019 йил 1 январдан бошлаб нотариал ҳаракатларни амалга ошириш учун мурожаат қилган шахсларнинг шахсини аниқлаш бармоқ изларини сканер қилиш ва уларни паспортдаги (фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг биометрик ҳаракатланиш ҳужжатидаги) биометрик маълумотлар билан солиштириш орқали амалга оширилади.

Ф.ХУРСАНДОВ,

Ургут тумани 2-сон давлат нотариал идораси нотариуси.