Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Нуробод тумани ҳокими бошқудуқликлар муаммосини тинглади. Қишлоқдаги қайси масала ҳал этилади?

Бошқудуқ жойлашуви жиҳатдан ноқулай ҳудудда бўлиб, бу маҳалланинг траспорт хизмати, инфратузилма ва бошқа соҳаларда ривожланишига тўсиқ бўлиб келмоқда.

Хабарингиз бор, Президент администрацияси аҳоли муаммоларини ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида энг олис, чекка, ижтимоий-иқтисодий ривожланиши паст бўлган, тоғли ҳамда чегара ҳудудларига янада чуқурроқ кириб боришлари зарурлиги ҳақида вилоят, туман (шаҳар) секторлари раҳбарларига топшириқ берган эди.

Топшириқ ижросини таъминлаш, хусусан, бошқудуқликларни қийнаб келаётган муаммоларни ўрганиш мақсадида туман ҳокими ҳудудда сайёр қабул ўтказди.

- Аҳоли сони йил сайин кўпайиб бормоқда, - дейди Улжон Қалқонов. - Бироқ ҳамон ўша бир замонларда қўйилган трансформатордан фойдаланиб келяпмиз. Туман электр тармоқларига борсангиз дастурга киритишни ўйлаб кўришдан нарига ўтмайди. Шу масалада амалий ёрдам берсангиз.

Муаммо аниқ, аммо уни ҳал этишга масъул корхонада бунга молиявий имконият йўқ. Давлатимиз раҳбари айтганидек, халқ эртага эмас, бугун бахтли яшаши керак. Шу боис бу борада туман ҳокимлиги захира маблағлари ҳисобидан маблағ ажратилиши белгиланди.

- Қишлоғимизда сизот сувлари яқин жойлашган, - дейди Ғулом Ортиқов. – Зах туфайли деҳқончилик қилолмаётганимиз ўз йўлига, аммо иморат ва иншоотларимиз ҳам нураб боряпти.

Ўрганиш натижасига кўра, ҳақиқатда қишлоқ ҳудудидаги зах ва сизот сувларни пасайтиришга мўлжалланган зовур лойқа босиб, тўлиб қолганлиги аниқланди. Бугуннинг ўзида зовурни қазишни бошлаш ва якуни бўйича шахсан туман ҳокимига ахборот бериш тўғрисида тегишли масъулларга топшириқ берилди.

Шунингдек, Бошқудуқ қишлоғига кириш автомобиль йўлини 2020 йилда таъмирлаш, бунинг учун барча зарур чораларни кўриш белгилаб олинди.

Сайёр қабул давомида 15 нафардан ортиқ фуқароларнинг 20 га яқин мурожаатлари тингланди. Кўтарилган муаммоларни бартараф этиш бўйича тегишли ташкилотлар раҳбарларига топшириқлар берилиб, аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқилди.

Нуробод туман ҳокимлиги ахборот хизмати.