Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбек-қирғиз киноижодкорларидан туҳфа

Самарқанд шаҳридаги «Шарқ юлдузи» кинотеатрида буюк қирғиз адиби Чингиз Айтматовнинг «Сарвиқомат дилбарим» асари асосида ишланган бадиий фильм Самарқанд жамоатчилигига тақдим қилинди.

Тақдимотда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, маънавият ва маърифат маркази вилоят бўлимлари, вилоятдаги олий ўқув юртлари мутасаддилари, касб-ҳунар таълими муассасалари вакиллари, ижодкорлар иштирок этди.

- Президентмизнинг жорий йил 2 апрелдаги «Буюк адиб ва жамоат арбоби Чингиз Айтматов таваллудининг 90 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида ишланган ушбу фильм Ўзбекистон ва Қирғизистон киноижодкорларининг ҳамкорлиги маҳсулидир, - дейди «Республика кинопрокат маркази» давлат унитар корхонаси вилоят филиали раҳбари Ф.Розиқов. - Фильм қаҳрамонларининг икки миллат вакиллари эканлиги азалий қардошлигимиз, урф-одат ва қадриятларимиз муштараклигини ифодалайди.

- «Сарвиқомат дилбарим» қиссасини ҳаяжон билан мутолаа қилмаган китобхон бўлмаса керак, - дейди  Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлими раҳбари Т.Тугалов. - Бугун 180 дан зиёд тилга таржима қилинган бу муҳаббат қиссаси ҳамон севимли асар ҳисобланади. Инсон кўнглининг оташин куйчиси қиссаси асосида икки қардош халқ киночилари томонидан суратга олинган янги фильм асарнинг бадиий қимматининг ошишига хизмат қилади.

«Ўзбеккино» миллий агентлиги буюртмаси асосида «Ёшлар ижодий тажриба студияси» томонидан ишланган фильм Тошкент, Наманган вилоятлари, Қирғизистон Республикаси ҳудудида тасвирга олинган.

Ёш режиссёр Сарвар Каримов экранлаштирган фильмда Матёқуб Матчонов, Бобур Йўлдошев, Улуғбек Қодиров сингари тажрибали актёрлар асар қаҳрамонларини талқин этишган.

Бош қаҳрамон Илёс образини Адиз Ражабов, Асал ролини Қирғизистон академик театри актрисаси Мадина Талипбек, Хадича ролини яна бир қирғиз актрисаси Элина Абай қизи маҳорат билан ижро этган.

Нигора АҲМЕДОВА.