Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўзбекистон орқали транзитга – «Яшил чироқ»

Автомобилда юк ташувчиларнинг транзит ҳаракатланиши: кўпроқ вақт берилди, янги йўналишлар «очилди»

Транзит транспорт воситалари мамлакатимизга кирган кунидан бошлаб чиқиб кетиши керак бўлган муддат 5 кунгача (илгари 3 кундан ортиқ бўлмаган муддатни ташкил этарди) узайтирилди.

Бундан ташқари, хорижий автоташувчиларнинг Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб транзит ҳаракат қилиши учун мўлжалланган 47 та янги йўналиш очилди. Уларнинг аксарияти Тожикистон (18 та йўналиш) ва Туркманистон (12 та йўналиш) чегарасидан кириш қисмида жойлашган.

Энди хорижий автотранспортдан товарларни миллий ташувчиларнинг автотранспортига белгиланган транзит йўналишларига кирмайдиган жойларда жойлашган божхона омборларида божхона назорати остида қайта юклашга ҳам рухсат берилади.

 

Хорижий автоҳаваскорларнинг Ўзбекистон орқали ўтишлари осонлашди

Умумий қоидага кўра, Ўзбекистон ҳудуди орқали автотранспортда транзит ўтувчи хорижий фуқаролар фақат халқаро автомобиль қатнови учун очиқ бўлган йўллар ва йўналиш варақасида кўрсатилган йўналиш бўйича юришлари мумкин.

Унга истисно киритилди. Энди ушбу чеклов мамлакатимиз чегаралари орқали сафар йўналиши қайд этилган автотранспортда (тунаш учун қайта бутланган ер усти автотранспортида) туристик (нотижорат) мақсадларда транзит ўтаётган чет эл фуқароларига татбиқ этилмайди.

Махсус юклар транзитига тезроқ рухсат берилади

Ўзбекистон ҳудуди орқали махсус юклар ва ҳарбий таркиблар транзитига рухсатномалар бериш жараёни тезлаштирилди. Рухсатнома бериш ёки беришни рад этиш, шу жумладан ҳужжатнинг ўзини бериш тўғрисида қарор қабул қилишнинг умумий муддати ариза ва барча ҳужжатлар олинган кундан бошлаб 20 кундан (илгари – 30 кундан) ошмаслиги керак. Тегишинча, ушбу тартиб-таомилнинг айрим босқичларидаги муддатлар ҳам қисқартирилди. Рухсатноманинг амал қилиш муддатини узайтириш (1 марта рухсат берилади, таҳр.) ҳам тез амалга оширилади.

Энди рухсатнома роппа-роса 3 ой амал қилади. Олдинги формулировка («ўттиз кундан ошмаслиги керак», таҳр.) ҳужжатни камроқ муддатга бериш мумкинлигини англатар эди. Мудофаа вазири бўлмаган тақдирда эса рухсатномани унинг биринчи ўринбосари имзолаши мумкин.

Ҳужжат Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2018 йил 17 декабрдан кучга кирди.

 

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси

Ахборот хизмати.