Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оби Машҳад ариғининг Эроннинг Машҳад шаҳри билан қандай яқинлиги бор?

Оби Машҳад ариғи Самарқанд шаҳар Галаосиё маҳалласининг Кўприки Мирзо (Мирзо Улуғбек қурдирган кўприк)да Қорасув билан қўшилишидан ҳосил бўлган. Аслида ариқ Шаар ариғидан бошланиб, Найзатепа, Шўрбои, Равонак, Сочак, Бадал қишлоқлари бўйлаб Қорасув ариғига қўшилгач, Афросиёб харобалари, Шоҳи Зинда мажмуаси ва Хўжа Дониёр қабри ёнидан Зарафшон дарёси томон оқиб ўтади.

Қадим замонларда Оби Машҳаднинг теварагида тўқайзорлар, тепалик ва ғорлар бўлиб, уларда кўплаб ёввойи ҳайвонлар ва паррандалар яшаган. Шу туфайли овчиларнинг маскани ҳисобланган.

Абу Тоҳирхожа Самарқандийнинг «Самария» асарида Оби Машҳад ариғи тўғрисида қисқача сўз боради. Унда Оби Машҳад ариғи Самарқанд шаҳар Сиёб ҳудудининг чеккасида икки мил (тахминан 5 чақирим) узоқликдан оқиб ўтади, дейилган. Шунингдек, бошқа тарихий манбаларда «…Кўҳак (Зарафшон) дарёси Самарқанд шимолидан оқиб келади. У иккита катта дарё ҳисобланган Оқдарё ва Қорадарё ҳамда шаҳарга қараган ўнлаб ариқларга бўлинади. Бу ариқлар шаҳарни жануб, шарқ ва ғарб қисмидан кириб борган. Шулардан Самарқанднинг шарқий қисмидан кириб боргани Жўйи Чокардиза, деб аталган ва ҳозирги Қаландархона мавзеси ёнидан оқиб ўтган. Қолган икки ариқ Жўйи Мазохин деб номланиб, унинг 45 та шохобчаси бўлган ва уларнинг ҳар бири Оби Машҳад чашмаси бўлиб, у шаҳарнинг жануби-шарқий томонидан келиб шаҳар девори ва Афросиёб қўрғони тагидан ўтади ҳамда Сияҳобда қуйилади. Айтишларича, Пайғамбаримиз (с.а.в.)нинг амакиваччаси бўлмиш Қусам ибн Аббос ушбу чашма-булоқ ёқасида кофирлар томонидан яраланган ва унинг яқинидаги чоҳга кириб кетганлар. Шунинг учун кишилар томонидан «Машҳад» (шаҳид бўлган жой) деб номланган экан», дейилган.

Бошқа маълумотларга қараганда, Эрон вилоятининг Машҳад шаҳридан оқиб келган дарё сувлари ушбу чашмага қўшилганлиги боис «Оби Машҳад» деб номланган экан. Ривоятларга қараганда, одамлар кўпинча ушбу чашма-булоқ ёқасида Ҳазрати Хизрга йўлиқиб муродларига етар эканлар. Бу чашма суви жуда шифобахш бўлиб, кўп дардман кишилар дардига шифо бўлган экан. Чор Россияси Ўрта Осиёни босиб олгандан сўнг маҳаллий кишилар ҳашар билан Оби Машҳад ариғи устига ғиштдан кўприк қурдириб, унинг ўнг томонида беш қаватли иморат солганлар. Ҳозирга қадар бу иморат сомон бозори олдида жойлашган бўлиб, тамаки ишлаб чиқариш корхонаси сифатида фойдаланиб келинган.

Яна бир ривоятда Кафтархона ва Пулимўғоб қишлоғи ўртасидан ўтувчи Машҳад ариғи устига кўприк қурилган бўлиб, у Пулимўғоб кўприги деб аталган, дейилади. «Пулимўғоб» сўзи суғд тилига хос бўлиб, текис, ўртаси бўш деган маънони билдиради. Бундан сув устида қурилган текис кўприк деган маънони англаш мумкин. Бу кўприк Кафтархона маҳалласининг чекка қисмида бўлиб, бошқа шаҳарлардан келадиган савдо карвонлари шу кўприк ва Кафтархона орқали шаҳарга кириб борганлар. Пулимўғоб кўпригида ишлатилган қадимий пишиқ ғиштлар унинг кўп асрлик тарихига эга эканлигидан далолат беради.

Талъат АБДУЛЛАЕВ.