Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Очиқ мулоқот" кўрсатуви ваъдалар майдони эмас

Шу йил 17 февраль куни вилоят телерадиокомпаниясининг "Очиқ мулоқот" кўрсатувида Самарқанд тумани ҳокими Ш.Жамолов, сектор ҳамда корхона ва ташкилот раҳбарлари иштирок этиб, аҳолидан тушган 40 дан ортиқ мурожаатга жавоб қайтарган эди.

Мазкур мулоқотдан қарийб икки ой ўтиб, айрим мурожаатчилар билан телефон орқали боғланиб, муаммолари нечоғли ҳал этилгани билан қизиқдик. Ҳолат эса туман ва мутасадди ташкилот раҳбарлари ваъда қилгандек бўлиб чиқмади. Ачинарлиси, 11 апрель куни туман ҳокимлигида бўлганимизда мулоқотдан тушган мурожаатларнинг умумий ижроси бўйича бизга маълумот берадиган ходим топилмади. Хуллас, 08:47 дан 15:10 га қадар ҳокимликнинг қайси эшигини қоқмайлик бу масалага ечим йўқ...

"Очиқ мулоқот"дан сўнг газетамиз ва унинг расмий веб-сайти орқали туманнинг Юқориқайнама маҳалласида яшовчи Алишер Хушвақтов томонидан "Битта хонадонда учта оила қийналиб яшаяпмиз. Уй олиш учун ёзган аризамизни ҳам олишмаяпти. Қонуний уйга эга бўлишга ҳақимиз борми? Бунинг учун кимга учрашишимиз керак?", деб йўлланган мурожаати ва унга туман раҳбарининг "Бу муаммони тез фурсатда бартараф этишга ваъда берамиз", деган жавобини маълум қилган эдик. Хўш, натижа қандай бўлди? Бунга жавобни А.Хушвақтовнинг ўзидан олдик:

- Қилган мурожаатим бўйича бир мартагина телефон қилишди. Ҳеч ким келиб уйимдаги шароитни ўргангани йўқ. Очиғи, бу уйда яшаш жуда оғир бўляпти. Менга уй беришса бўлди, бошланғич ва кейинги тўловлар учун ҳеч кимни безовта қилмайман.

Яна бир фуқаро Мирзо Улуғбек (эски номи Хўжа Аҳрор Вали) маҳалласида яшовчи Мадина Акрамқулованинг мурожаати эътиборимизни тортди ва туман ҳокимининг ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Зулфия Вафоева ёрдамида у яшаётган хонадонга бордик. М.Акрамқулова "Очиқ мулоқот" кўрсатувига "2018 йилда турмуш ўртоғим вафот этган, 3 нафар фарзандим бор. Қайнонам билан келишиб яшолмаяпман. Шу боис, уй-жой ва иш масаласида ёрдам берсангиз", деб мурожаат қилганди. Унга туман ҳокимининг ўринбосари тушунтириш берса-да, қайнонаси билан ҳеч муроса қилолмаган ва муаммо муаммолигича қолиб кетган. Уйдан чиқиб кетиш керак, тамом. Масаланинг охирига етиш бошқаларни ўйлантирмагани аниқ.

Иккинчи масала, у ўрта махсус тиббий маълумотга эга бўлишига қарамай мутасадди ташкилотлар томонидан ишга қўйиш бўйича ёрдам кўрсатилмаган. Аммо М.Акрамқулова мажбур бўлгач, тумандаги хусусий клиникалардан бирига фаррош бўлиб ишга жойлашган. Маошни эса уч фарзандни боқишга етказиш мушкул. Қаровчисини йўқотганлик бўйича бериладиган сумма билан эса уй қуриб бўлмайди.

З.Вафоева мурожаат эгасига 2020 йил якунига қадар уй беришини, бошланғич тўловлар давлат томонидан қопланишини ваъда қилди. Бу келишувга М.Акрамқулованинг қайнонаси ҳам розилик билдирди.

- Туманимизнинг "Газчилар" маҳалласидан 4 сотихли намунавий лойиҳа асосида қурилган уй олган эдим, - дейди "Очиқ мулоқот"га мурожаат қилган Рустам Жўрақулов. - Аммо 2017 йил сентябрь ойида топширилиши керак бўлган уй ҳанузгача қуриб битказилгани йўқ. Бу муаммо бўйича бормаган жойим қолмади. Икки йилдан буён яшамаган уйимга кредит тўлаяпман. "Очиқ мулоқот"га шу бўйича мурожаат қилганимда ҳал қилиб беришларини билдиришганди.


Рустам Жўрақуловнинг айтишича, жорий йил 6 март­да "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси Самарқанд филиали бош мутахассиси Ш.Жўраев ва пудратчи "Самарқанд ашё" масъулияти чекланган жамияти директори Б.Исматов мурожаатчининг уйига уста олиб келиб, кўрсатилган камчиликларни бартараф этишга ваъда беради ва уни ишонтириб, розилик далолатномаси тузади. Бироқ уларнинг иши битгач, вақтинча олиб келинган усталар ҳам ишни чала ташлаб кетади.

Қурилиш ишлари нима сабабдан пайсалга солинаётгани билан қизиқиб, Б.Исматов билан боғландик. Ундан эса "Бу уйларни аллақачон топширганман, бу бўйича қўлимда ҳужжат ҳам бор", дея телефонни ўчириб қўйди.

Ҳолат бўйича туман ҳокимининг капитал қурилиш ва коммуникация масалалари бўйича ўринбосари Ш.Жумаевни топишнинг имкони бўлмагач, телефон орқали гаплашдик: "Бу менинг ишим эмас. Бундай ишлар билан "Қишлоқ қурилиш инвест" инжиниринг компанияси шуғулланади", деб изоҳ берди у. Ажабландик. Ахир, кўрсатилаётган уй-жой, коммунал хизматлар даражаси ва сифатини оширишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш туман ҳокимининг шу масалалар бўйича ўринбосарининг функционал вазифа ва мажбурияти эмасми?...

Хуллас, нега раҳбарлар "Очиқ мулоқот" кўрсатувида фуқаролар муаммосини ҳал этишга ваъда беради-ю ечимига келганда ҳафсала қилмайди? Ахир, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири ётибди. Наҳотки, бу оддий ҳақиқатни Самар­қанд тумани раҳбарлари тушунмайди...

Абдужаббор ПЎЛАТОВ,

"Зарафшон" мухбири.