Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

“Очиқ мулоқот”дан сўнг муаммолар ечим топяпти...ми?

– Иккинчи гуруҳ ногирониман. Бир нафар ўғлим бор. Турмуш ўртоғим вафот этган. Ота-онам қарамоғида яшайман. Шароитим оғир бўлганлиги учун Маҳалламиз раисига бир йилдан буён моддий ёрдам сўраб мурожаат қиламан. Афсуски фойдаси бўлмаяпти. Шу масалада амалий ёрдам беришингизни сўрайман.

Бу Самарқанд вилояти Пайариқ тумани Баҳрин маҳалласида яшовчи Дилноза Шокированинг 2018 йил 16 декабрь куни Пайариқ тумани ҳокими А.Жўраев ва сектор раҳбарлари, корхона-ташкилотлар мутасаддилари иштирокидаги вилоят телерадиокомпанияси орқали тўғридан-тўғри намойиш этилган “Очиқ мулоқот” кўрсатувига қилган мурожаати. Хўш, кўрсатувдан сўнг туманда қандай ўзгаришлар юз берди? Фуқароларнинг мурожаатлари ўз ечимини топдими?

Ушбу мурожаатдаги муаммони ўрганиш мақсадида Д.Шокирова билан телефон орқали боғландик.

– Отам ҳам имконияти чекланган фуқаро, – дейди у. – Ҳар сафар маҳаллага моддий ёрдам сўраб борганимда “Сиз ота-онангизнинг қарамоғидасиз, улар шахсий томорқасига эга”, дея турли сабабларни келтиришади. Аммо маҳалла ходимлари ёлғиз она, уй-жойга муҳтож, деб далолатнома тузишган. Қилинган мурожаатдан сўнг бу масалани ҳеч ким келиб ўрганмади. Ўғлим 8 ёшга тўлди. Афсуски, совуқ кунлари мактабдан қолишга мажбур. Чунки қишки кийим-бош олиб беришга ҳам имкониятим йўқ.

Демак, мутасаддилар “Очиқ мулоқот”да баён этилган мурожаатлар билан қизиқмаган. Ёки мавжуд муаммоларнинг уларга дахли йўқми?

– Челак шаҳрининг бирорта кўчасида тунги ёритгич чироқлари йўқ, – дейди Қумчиқ маҳалласи фуқароси Азимжон Баҳриддинов. – Бу турли жиноятларнинг содир этилишига олиб келиши табиий. Бугунги кунга қадар бу муаммо масъул ходимларни қизиқтирмагани тушунарсиз ҳолат. “Очиқ мулоқот”га қилган мурожаатим ҳам жавобсиз қолмоқда.

Б.ХОНКЕЛДИЕВ.