Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Одам савдосидан жабрланганларнинг 80 фоизи аёллар

Халқаро терроризм ва дин ниқоби остидаги зўравонлик, наркотик моддалар билан шуғулланаётган жиноий  уюшмалар фаолиятидан ташқари яна бир иллат  борки, бу – одам савдоси. Уюшган жиноятчилик, хусусан, одам савдосининг ҳар қандай кўринишига қарши курашиш миллий қонунчилигимизда мустаҳкамлаб қўйилган.

Ҳар йили дунё бўйича тахминан 2 миллион 700 минг киши одам савдоси каби оғир жиноятнинг қурбонига айланмоқда. Жабрланганларнинг 80 фоизини аёллар ёки ёш болалар ташкил этаётгани инсоният учун глобал мусибат саналади.

Республикамизда ҳам охирги уч йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига мингдан ортиқ фуқаролар томонидан одам савдоси қурбони бўлганлиги ҳақида аризалар келиб тушган. Ушбу мурожаатлар асосида 700 та жиноят иши қўзғатилган. Жумладан, жиноят ишлари бўйича вилоят суди ва туман (шаҳар) судлари томонидан 2018 йилнинг 11 ойи давомида 17 нафар шахсга нисбатан 10 та жиноят иши кўриб чиқилди.

Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, фуқароларни фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида турли алдов йўллари билан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Жанубий Корея, Япония давлатларига олиб чиқиб кетиш ҳолатлари кузатилмоқда.

Бу иллатнинг илдизига болта уриш учун фарзандларимизнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, маҳалла, айниқса, таълим муассасаларида тарғибот ишларини олиб бориш, миллий қонунчилигимизни улар онгига сингдиришга масъулият билан ёндашиш лозим.

У.ВАХАБОВА, жиноят ишлари бўйича вилоят судининг судья катта ёрдамчиси.