Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одобнома: Отангга қилганингни болангдан кўрарсан

Бир одам узоқ умр кўриб ўғлининг жонига тегибди. Ўғил отасини тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида қопга солиб, йўлга тушибди. Чарчаб, бир дарахт остида тўхтаганда отаси кулибди. Ўғил бундан ажабланиб: «Нега куляпсиз?», деб сўрабди. Шунда ота дебди: “Мен ҳам отамни қопга солиб тоғу тошга ташлаб келиш мақсадида орқалаган эдим. Тасодифни қарагинки, худди шу ерга келганимда мен ҳам дам олиш учун тўхтаган эдим. Отамга қилган одобсизлигим жазосини энди кўриб турибман. Отамга қандай муомала қилган бўлсам, бугун ўшандай муомала ўз ўғлимдан қайтди. Нимани эксанг, шуни ўрасан, деб жуда тўғри айтганлар. Мен отамни ҳурмат қилмадим, дилларини оғритдим...”.

Йигит отасининг сўзларидан таъсирланиб, қилаётган ишидан пушаймон бўлиб, кўз ёш тўкибди. Дарҳол отасини қучоқлаб, ундан узр сўрабди. Ота эмасми, у ҳам ўғлининг гуноҳини кечирибди, унинг кўз ёшларини артиб, қучоғига олиб эркалабди...

Имом Муслимдан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз оталарингизга меҳрибон бўлинглар, шунда сизлар ҳам фарзандларингиздан меҳр-мурувват кўрасиз, дейдилар.

Бу ҳақда фарзандларингизга сўзлаб беринг.

«Одоблар хазинаси» китобидан.