Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Одобнома: Салом бериш энг савоб иш

Бир куни бадавлат кишининг ҳузурига хизматкори кириб, салом берди ва унга қўлидаги бир тутам райҳонни узатди.

Шунда у хизматкорига:

- Сен энди озодсан, - деди.

Ёнида турган кишилар:

- Хизматкорингизни бир тутам райҳон олиб келгани учун озод қилдингизми? - дейишди.

Шунда у:

- Аллоҳ таоло: “Қачонки, сизга бир саломлашиш ила салом берилса, сиз ундан кўра яхшироқ алик олинг ёки худди ўзидек жавоб беринг”, демаганми? Унинг саломига бундан яхшироқ жавоб тополмадим, - деб жавоб берди.

Юқоридаги ҳикояда айтилганидек, кимда ким чин кўнгилдан салом берса, кишиларга яхши сўзларни сўзласа, унинг ўзига ҳам яхшилик қайтади.

Қуръони каримнинг «Нур» сурасида «Қачонки, уйларга кирсангиз, бир-бирларингизга Аллоҳ ҳузуридан бўлган муборак, покиза саломни айтингиз», дейилади.

Имом Бухорийдан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳдан: “Исломда энг яхши амал қайси?”, деб  сўраганида Пайғамбаримиз алайҳиссалом: “Очларнинг қорнини тўйғазиш ва таниган-танимаган кишиларга салом бериш”, дедилар.

Бу ҳақда фарзандларингизга сўзлаб беришни унутманг!

«Одоблар хазинаси» китобидан.