Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

"Оила" маркази: янги бино, янги шароит, янгича вазифалар

 Ўзбекистон Республикаси Президентининг "Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги фармони ҳамда "Ўзбекистон Республикасида оила институтини мустаҳкамлаш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида"ги қароридан сўнг "Оила" илмий-амалий тадқиқот марказининг ҳудудлардаги бўлимлари базаси такомиллаштирилмоқда.

Хусусан, Самарқанддаги барча шаҳар ва туманларда "Оила" илмий-амалий тадқиқот маркази ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, уларга ҳокимликлар томонидан замонавий бино ҳамда жиҳозлар ажратилди. Вилоят ҳокими ташаббуси билан марказнинг вилоят бўлими ҳам янги, замонавий бинога эга бўлди.

Ҳар бир шаҳар, туман бўлимларида камида икки нафардан ходим маош асосида фаолият кўрсатмоқда.

Табиийки, эндиликда марказларга қўйилаётган талаблар ҳам ўзгарди. Оилалардаги муаммоларни ўрганиш, ажралиш ёқасидаги оилаларга ёрдам кўрсатиб, бунинг олдини олиш, оиладаги унутилаётган баъзи қадриятларни тиклаш тизимли тарзда амалга оширилмоқда. Шу мақсадда ёш оила қурувчиларни оилага тайёрлаш учун ҳафтанинг чоршанба куни "Оила куни" деб эълон қилиниб, барча туман ва шаҳарларда ФҲДЁ бўлимлари билан биргаликда машғулотлар ўтказилмоқда.

Тажриба сифатида ажримлар сони ошган Самарқанд шаҳар, Пайариқ, Ургут, Иштихон туманларида оилавий ажрим ёқасида турган, ажрим қайд этилган 476 оила ўртасида сўровнома уюштирилди. Бунинг сабаблари ўрганилиб, "Йўл харита"лари тузилди.

Йилнинг биринчи ярмида вилоятимизда 1750 та оила никоҳидан ажрашган, оилавий ажрим қайд этилган 680 нафар фуқародан сўровнома ва анкеталар олиниб, илмий ўрганиш мақсадида республика марказига тақдим этилди. Марказ бўлимлари томонидан бугунги кунгача ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда 564 та оила яраштирилди. Ўрганишлар давомида аниқланган ночор шароитдаги оилаларни бу ҳолатдан чиқариш бўйича секторлар кесимида туман, шаҳар ҳокимларига маълумотлар тақдим этилган. Аҳоли репродуктив саломатлиги ва демографик ривожланишини, унинг фаровонлигини ошириш масалалари бўйича Самарқанд давлат университети ва соғлиқни сақлаш бошқармаси билан биргаликда тўртта илмий иш олиб борилмоқда.

Зебинисо ШОДИЕВА,

"Оила" илмий-амалий

тадқиқот маркази вилоят бўлими раҳбари.