Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўксик қалблар қувончга тўлди

Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Самарқанд шаҳридаги Меҳрибонлик уйларида карантин қоидаларига қатъий риоя қилинган ҳолда хайрия тадбирлари ташкил этилди.

1-меҳрибонлик уйида Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ҳамда "Самарқанд Фаровон Савдо" масъулияти чекланган жамияти ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда вилоят халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов, "Самарқанд Фаровон Савдо" МЧЖ раҳбари Нарзиқул Холиқов сўзга чиқиб, тарбияланувчиларни қувончли айём билан табриклади. Барча тарбияланувчиларга, жумладан, ўқув йили давомида билими, иқтидори билан тенгдошларига намуна бўлган ўқувчиларга ўқув қуроллари, спорт анжомлари, болажонларга турли ўйинчоқлардан иборат совғалар топширилди.

Ушбу Меҳрибонлик уйининг илк қалдирғочлари - 7 нафар 11-синф битирувчиларига олий таълим муассасаларида давом этажак ўқишларига муваффақият тилаб, илк бор 1-синфга қадам қўядиган жажжи кичкинтойларга оқ йўл тиланди. Тадбир тантаналарга боғланди.

Худди шундай тадбир 10-меҳрибонлик уйида ҳам бўлиб ўтди. С.Усмонов тарбияланувчиларни байрам билан табриклаб, ҳомийларнинг эсдалик совғаларини топширди.

Иқтидорли тарбияланувчилар томонидан ажойиб рақс ва куй-қўшиқлар, шеърлар ижро этилди. Меҳмонларнинг ташрифи, улашилган совғалар мурғак қалбларга бир олам қувонч улашди.

 

Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.