Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олис мактабларга янги асарлар кириб бормоқда

Юртбошимиз ҳар бир раҳбар ўзи таълим олган мактаб кутубхонасига китоблар  совға қилиш орқали ёшлар маънавиятини юксалтириш, китобхонликни ривожлантириш билан бирга фарзандларимиз тарбиясига ижобий таъсир кўрсатиши мумкинлиги тўғрисидаги эзгу ташаббусни илгари сурган эди.

Самарқанд вилоятида ҳам барча раҳбарлар ушбу ташаббусни фаол қўллаб-қувватлаб ўзларини шу даражага етишида катта ҳисса қўшган мактабларига китоблар совға қилишмоқда.

Вилоят Давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Ш.Аҳмедов Нуробод туманидаги Анжирли қишлоғида жойлашган 18-умумий ўрта таълим мактабига 100 дона китобларни туҳфа қилди.

 - Албатта, Муҳтарам Президентимизнинг ушбу эзгу ташаббуси ўқувчиларимизнинг китобга ошно бўлишида муҳим роль ўйнайди, - дейди мактаб директори Қаҳрамон Суяров. - Бизнинг мактабимиз каби узоқ ҳудудларда жойлашган мактабларга энг янги жаҳон ва ўзбек адабиётининг дурдона асарлари кириб бормоқда. Шу билан биргаликда ўқувчилар айнан шу мактабда ўқиб бугунги кунда юқори лавозимларда фаолият юритаётган ҳамқишлоқлари билан суҳбатлашишга, яқиндан танишиш имконига эга бўлмоқда. Бу суҳбатлар ўқувчиларимизнинг ҳам янада кўпроқ ўқиб изланишларига, ҳамқишлоқларидек юрт равнақига ҳисса қўшадиган етук кадр бўлишларига ундаши шубҳасиз.