Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Олий Мажлис депутати туғилиб ўсган қишлоғида мўъжазгина кутубхона очди

Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев ўзи туғилиб ўсган жой – Янгийўл тумани Қўшёғоч қишлоғида мўжаз кутубхона очди. Бу ҳақда у ўзининг Facebook саҳифасида маълум қилди.

У бу ҳақдаги постида қўйидаги гапларни ёзган:

“Мактабларга китоб улашиш баҳонасида анчадан бери ният қилиб юрган ишни қилдик.

АҚШда одамлар гавжум ерларда кичик уйчали кутубхоналарни кўргандим. Шундан бери бу хаёлимни банд қилиб юрганди.

Кеча ёмғир бўлишига қарамай дўстларимизнинг кўмаги билан ўзим туғилиб ўсган Янгийўлнинг Қўшёғоч ҳудуди марказига мўжаз уйчали кутубхона ўрнатдик. Номини мини, макро, сити деб ўтирмай ҳаммага тушунарли қилиб “Кичик кутубхона” деб атаб қўя қолдик.

Ундан ҳар ким чекловсиз, бепул фойдаланиши мумкин. Шарти фақат ўқиб бўлгач, келтириб қўйиш. Биз одамларга шунчаки ишонамиз!

Китобларнинг барчаси шахсий кутубхонамдан ҳозирча”.

Депутат Расул Кушербаевнинг ушбу ишини кўриб, излаган, албатта имкон топишига яна бир бор амин бўлдик. Ўйлаймизки бошқалар ҳам ундан ўрнак олади.