Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Онлайн мусобақалар қандай самара беряпти?

- Бугунги шароитда спортчи-ўқувчиларимиз ўртасида онлайн мусобақалар қандай ташкил этилди, умуман натижа қандай бўлмоқда?

Юлдуз БЎРИЕВА, Самарқанд шаҳри.

-   Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан жорий йилнинг 28 апрель 10 май кунлари “Уйда қолиб спорт билан ҳаётга қўшил!” шиори остида ўтказилган челленжда спортчиларимиз фаол иштирок этди. Жумладан, 29 апрель куни видеоролик танлови якунига кўра, Нарпай тумани Оқтош шаҳарчаси Исломобод маҳалласида яшовчи Рашидовлар оиласи иккинчи ўринни қўлга киритиб, ташкилотчиларнинг махсус совғаси велотренажёр билан тақдирланди.

Шунингдек, вазирлигимиз томонидан апрель ойида ташкил этилган киберспорт-компьютер бўйича 6 ёшдан 60 ёшгача бўлган спортчилар ўртасида “Minsport onlayn kubogi”нинг “FIFA-20” йўналишида Самарқанд шаҳрида яшовчи Муроджон Жўрақулов биринчи ўринни, Самарқанд туманида яшовчи Азиз Ҳамдамов учинчи ўринни қўлга киритди.

***

- Республикамиз бўйича илк бор шахмат бўйича онлайн мусобақа ўтказилди. Бундай мусобақа карантиндан кейин ҳам ўтказиладими?

Муқаддас МУСАЕВА, Жомбой тумани.

- Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги томонидан шахмат бўйича ҳаваскорлар ўртасида биринчи “O'zbekiston Online chempionati” бўлиб ўтди. Қувонарлиси, унда самарқандлик 29 ёшли Жамшид Мустафоев энг яхши натижа кўрсатди.

Ўтказилган мусобақа биз учун ҳам синов ва тажриба бўлди. Бу каби онлайн чемпионатларни келгусида ҳаваскорлар ва профессионаллар ўртасида туман ва вилоят миқёсида ўтказишни режалаштирдик.

***

-  Вилоятимиз спортчиларининг неча нафари бу йил олий таълим муассасаларига имтиёз асосида ўқишга қабул қилиниши мумкин?

Илҳом БОБОЕВ, Иштихон тумани.

-  Президентимизнинг шу йил 24 январдаги “Ўзбекистон Республикасида жисмоний тарбия ва спортни янада такомиллаштириш ва оммалаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига асосан республика ва халқаро мусобақалар ғолиблари ҳамда совриндорларини олий таълим муассасаларига имтиёзли ўқишга қабул қилиш ишларини ташкил этиш тўғрисида  шу йил 20 апрелда вазирлигимизнинг буйруғи қабул қилинди.

Шундан келиб чиқиб, жорий йилнинг 25 апрелидан 1 июнига қадар имтиёзга эга спортчиларимизнинг 2020/2021 ўқув йилида олий таълим муассасасига кириш бўйича ҳужжатлари вилоят комиссияси томонидан электрон шаклда қабул қилиниб, республика комиссиясига юборилмоқда. Бугунга қадар 25 спорт тури бўйича вилоятимиздан 139 нафар спортчимизнинг ҳужжатлари  жўнатилди. 8 спорт тури бўйича 50 нафар спортчининг ҳужжатлари айни пайтда вилоят комиссияси томонидан ўрганилмоқда.

Саволларга вилоят жисмоний тарбия ва спорт бошқармаси бошлиғи Шуҳрат РЎЗИЕВ жавоб берди.