Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

Оқ сурат ёхуд Афғон уруши иштирокчиси ҳаётидан ҳикоя

Ривоятга кўра инсон дунёга келгач тўрт оёқлаб эмаклайди, кейин икки оёқлаб югуради, сўнгра уч оёқлайди ёхуд йиқилади…

Бу хусусда кўп ёзилган, гапирилган. Ёзаётганларим эски фикрдек туюлса, узр! Тўғриси, нимадан бошлашни узоқ ўйладим. Янги гап тополмагач, шу эски синалган ва қулай усулга мурожаат қилдим…

   Менга Ҳотам ҳақида ёзиш оғир – уни яхши танирдим. Аммо ўйлаб кўрсам, инсон сифатида билмас эканман. Унинг қиёфаси элас-элас эсимда сақланибди. Қанча интилсам-да Ҳотамнинг чехраси, сурати кўз ўнгимда тўлиқ тикланмади. Нигоҳи хотира сандиғимнинг энг тубига тушиб кетгандай – ҳеч аниқ-тиниқ кўролмайман: гўё, қора-оқ сурат бутунлай оққа айланади. Одатда, орамиздан кетганларнинг руҳи, уларнинг жисмлари соясини ҳам олиб кетишганида шундай бўлади.

Ҳотам табиатан оғир, сипо, оддий қишлоқ йигити эди. У билан университетда, филфакда, бир курсда ўқиганмиз. Орадан ўн йил ўтиб, курсдошларнинг биринчи учрашуви бўлганди, аммо Ҳотам келмади. Кимдир айтди – у Афғондан қайтмабди…

У пайтлар олий мактаб талабалари ўқишни тугатгач, аскарликка олинарди. Ҳотам Афғонистонда хизматда экан. Ҳалок бўлибди, қаҳрамонларча!

Курсдошлар учрашувининг сўнгида Турди деган йигит ўқиш пайтида тутган кундалик дафтарини ўқиб берди…

Университет хиёбонининг салқин бурчагида талабалик йилларимизни хотирлаб, қайта-қайта Турдининг кундалик дафтарига мурожаат қилдик. Гоҳ кулги, гоҳ ташвиш билан дўстларни эсладик. Дўстлар суҳбатини тинглар эканман, Турдининг кундалик дафтаридаги Ҳотам тўлдирган саҳифа кўз ўнгимда тураверди. Турдидан дафтарни сўраб олдим.

 Кимдир Ҳотамларникига фотиҳага боришни таклиф қилди. Йигитлар рози бўлишди: машинада йўлга тушдик.

   Шаҳар биқинидаги қишлоқни осон топдик. Ҳотамнинг ота-онаси уйида экан. Мен билганимча тиловат қилдим…

   Ҳотамларнинг ҳовлиси жуда бежирим, сердарахт эди. Лекин мен ҳовлининг ҳикоямда келтиришим мумкин бўлган бирон нарсасини эслаб қололмадим. Ҳотамнинг ҳалокати бутун вужудимни ларзага солган эди. Эсимда қолган нарса бизга таниш – бир вақтда ўқиган эканмиз – синглисидан Ҳотамнинг хатлари сақланганми,  деб сўраганим бўлди, холос. Яхшиям саволимни кўпчилик илғамади, бўлмасам ноқулай бўлармиди… Машқларимдан  хабардор қизгина «У ҳақда ёзасизми?» деб сўради. «Эҳтимол, - дедим  ишончсизлик билан, - агар материал топсам…». «Хатлари онамда, бермайдилар, - шивирлади Ҳотамнинг  синглиси оғринқираб, - аммо армияда ёзган кундалик дафтари менда сақланиб қолган». Юрагим хаприқиб кетди: «Илтимос! Шу дафтарни менга беринг!» - деб юборганимни билмай қолибман. Қиз юзимга бир зум тикилиб, ўйчан сўз қотди: «Лекин дафтар тўрт ёки беш сахифа, холос, қолгани қуролдошларининг адреслари-да?!». «Барибир менга беринг!» – хокисор сингил илтимосимни қондирди.

Шу тарзда Ҳотамнинг турли даврда, турли жойда ёзган кундалик дафтарлари, аниқроғи, шундай дафтардаги саҳифалар қўлимга тушиб қолди. Мен бир йил давомида мавжуд саҳифаларни улаб, ўзимча бир нарсалар ёзмоқчи бўлдим. Охир-оқибатда ҳеч нарса ёзолмаганимдан кундаликларни Ҳотам қандай ёзган бўлса, шундайлигича чоп қилишга қарор қилдим. Токи Ҳотамнинг руҳи шод бўлсин. Фақат баъзи исмларни ҳар эҳтимолга қарши ўзгартирдим. Матнни айрим жузъий камчиликларни тўғриладим ва бадиийлаштирдим.

Зукко ўқувчи бундай кундаликларни кўпини ўқиган бўлса, эҳтимол. Мени Ҳотамнинг ёзувларида ўзлиги, ўз «ШАХСИ» учун курашаётган инсон қиёфаси ҳайратга солди…

Ўқувчида бу ҳикоя бадиий ёки ҳужжатли эканлиги ҳақида савол туғилиши мумкин. Бу ёғи ўқувчининг ўзига ҳавола. Ахир бу асосий нарса эмаску?!

I

  1. Хонтўраев Ҳотам Бўронович

Минг тўққиз юз олтмиш олти,

Булутли кун, йигирманчи март,

Мен дунёда пайдо бўлибман

Шундан буён булутли сийрат.

Манзилим: Ўзбекистон, Самарқанд вилояти, Санчиқул қишлоғи.

  1. Кутган кунимни сўрабсиз – у мени кутаётган кун. Илойим ҳозиргидек Ҳотам бўлай!.. Фақат шубҳам катта. Уйлансам – қанақаси учрайди, кимга айлантиради, во дариғ!

Бу ҳазил эди. Жиддий айтадиган бўлсам мен бугун билан яшайман. Мени кунлар эмас, дақиқалар қизиқтиради. Мен оташман! Мен куним борлиги учун эмас, менинг борлигим учун қуёш чиқиб, кун келса дейман ва ишонаман. Мен – умрман! Мен ҳаёт ҳокимиман! Кунларни эмас, кунлар мени кутсин! Мен инсонман, ҳоқонман, шаханшоҳман!!!

  1. Сизми? Сиз – дўстим, авваламбор, кўнглингизга олманг, ростини айтаман, латтасиз! Ўзингизга ҳеч қачон шоҳ бўлолмайсиз. Ҳатто ўз умрингизнинг ҳокими эмассиз. Сиз – ожиз банда, омма фикридан қўрқадиган, катталар ва кўпчилик аталмиш мавҳум зотлар қулисиз. Сизнинг салоҳиятингиз ва эркак сифатидаги қудратингиз хотин, бола-чақангизга етар, балки. Бу ҳам чечамга боғлиқ. Ўткир аёл чиқадиган бўлса бир умр нотавон, сўзи хотинига ўтмас, бечора эр бўлиб яшайсиз. Хулоса қиладиган бўлсам, безиён аёлманд йигитсиз. Хафа бўлмангку-я, ҳатто сизнинг “Турди” исмингизда ҳам киноя, раҳм-шафқат, керак бўлса қисмат олдида ўтинч ва ёлвориш мавжуд. Аммо барибир ёмонликдан пешсиз. Буёғи пешона!

Аччиқ гапларим учун кечирасиз – дўст ачитиб гапиради.

  1. Ўзимни бир сўз билан ким деб аташим мумкин?.. Жўра, саволларингиз пухта ўйланмабди. Ҳар қалай жавоб берадиган бўлсам, мен – Ёқимсизман! Ҳайрон бўларсиз. Биламан, кўплар характеримни ёқтиради. Ўзим эса… менинг сийратимни ҳеч ким англамайди. Машраб айтганидек, “Дилда дардинг бўлмаса, сардафтарим ковлама”.

Кундан кунга ўзгариб бораётганга ўхшайман. Авваллари ҳаммага яхши кўринишни ҳохлардим, ҳозир эса ундаймас. Кўпга ёқаман десанг, ўзингга ўзинг ёқмай қоларкансан. Ҳотам бўлиб туғилдим, қанийди унинг давлатига ҳам эга бўлиб олсам…

  1. Ижодимдан намуна сўрабсиз, биласиз насрда ёзаман, аммо ҳеч кимга кўрсатмаганман. Шу кундалик дафтарингиз мендек тарихий шахсни ихтиро эта қолсин:

НИЦШЕГА ТАҚЛИД

(фалсафий асардан саҳифа)

Сиз баландликка интилганингизда юқорига қарайсиз, мен эса пастга – чунки мен юксалиб бўлганман.

Ф.Ницше. “Зардуштий шундай деган”.

Шахс ҳалокати ҳақида.

Ўлим ҳам яшайди. Ҳаёт қанчалик ҳақиқат бўлса, ўлим шунчалик мавжуддир. Ўлимдан қўрққан киши шахс бўлолмайди. Аммо шахслар ҳам ўлади, фақат секинроқ ва бўлимларга бўлиниб. Мен бировнинг қисман ўлишини кузатганман.

Бир кун мардлик қилмоқчи бўлдим.

Бир дўстимга ҳаёт ҳақиқатини айтдим. Айтганда ҳам ўз тилимда пардалаб, ҳатто қоғозга тушириб айтдим. Бу иримчи дўстим барибир ўзини таниб қолди. Мен одатдаги тажриба сифатида унинг буюк асарларини майда, унинг қудратли руҳини ожиз деб атадим.

Унинг мардлиги йиғлаб юборди. Донолиги сочилиб кетди, илло ранжиди. Менинг қотиллик қилаётган илҳомим чеҳрасига қараб, рақибим бир нималар деб наъра тортди. Аммо у ўзидаги ҳақоратнинг заҳарли тиғи билан яраланиб улгурган эди. Шундай тарзда шахснинг ўзи учун нотўғри бўлган гапга сабр-бардоши вафот этди.

Майда қурбонлик беришнинг арафаси уйқу ҳисобланади.

Уйқу қўрқинчлидир. Ухласанг оёғинг остидан таянч кетади. Уйқу энг катта ўғри - у тафаккурингни ўғирлайди. Тафаккурини йўқотган кимса ўз холини англамасдан алжирайди – оқни қора деб атайди.

Тоғни силжитганлар қир-адирни ҳам силжитади.

Сен хилватга бор! Сен буюклар шовқинидан ва чивинлар чақишидан зада бўлибсан, кўрдим.

Ўлим сен ҳали узоқ яша, фақат биздан нарироқ.

Зардуштий шундай деган бўларди.

 Ҳотам Ал-Париж.

  1. Қаерга боришни ҳоҳлайсиз?..

Шунақа ҳам савол бўладими? Албатта, Нью-Йорк, Париж, Макка ва ҳоказо. Умуман, бу саволларингиз мени болаликка ҳайдамоқда. Чиндан қаерга боришни ҳоҳлайман? Парижга! Фақат Парижга! Тасаввур қилинг, Турди! Сиз - чироқчилик, мен – санчиқуллик ўзбеклар Нотрдамни зиёрат қилаяпмиз! Кейин Эйфель минорасининг олдига бориб, унга Регистондан салом айтамиз. Агар парижликлар ва у ердаги тарихий миноралар биз билан гаплашмаса, унда устимиздаги оқ смокинг ва капалак галстукларимизни ечиб ташлаб, қандайдир сунъий юлдузлар эмаслигимизни, хатто тижорат ва ўғирлик қонимизда йўқлигини айтамиз – “Биз ҳақиқий жайдари ўзбеклармиз” – деб жар соламиз, қўшиқ айтиб, шеърлар ўқиймиз. Мабодо гаплашаверишмаса, Париждан хафа бўлиб кетамиз. Қайсидир самарқандлик шоир айтганидек: “О Париж, мен бораяпман!”

Турди,  Парижга бориш учун ҳеч бўлмаса фрак – думли кастюм тиктиринг. Бўлмасам, шаҳарга киритишмайди. Отангиз берган пулга “ҳа” деб Самарқанднинг бозори нонидан емай, буханка истеъмол қилинг! Ахир, бу ҳолда Парижга бориб бўладими… Мана мен стипендиямни йиғиб юрибман, бўлмасам туфлимдан жимжилоғим чиқиб қолган. Шуни ҳам тиктирайми – бу ёғи ёз, тезда шиппакка ўтамиз. Йўқ, ахир сиз ўйлаб кўринг, Париж-а!

Дўстим! Бу гапларим услубий жиҳатдан ва ҳоказо томонлардан нотўғридир, аммо кўнглимдаги гаплар эканлиги ҳақ рост. Орзуга, айб йўқ. Қишлоқ -  шаҳар, шаҳар – қишлоқ, қишлоқ – шаҳар… зерикдим. Жуда-жуда зерикдим: “О Париж, мен бораяпман!”.

Р.Ғ.  Турди кундалигининг шу ерида Ҳотам яна санани ёзиб имзо чеккан - Ҳотам Ал-Париж. Нима эди бу – шунчаки олифталик, ёшлик бебошлиги, жаҳоншумулликка бўлган эҳтиёж, анъаналарга нописандлик, оддий тахаллус? Мени буни изоҳлолмадим… Қандайдир ноаниқлик ҳисси кўнглимда қолди.

Ҳар ким ўзича тушунгани маъқул.

Мен бебахтнинг навбатдаги дафтарини варақлашга тушаман.

II

198___ 17 май

Уйдан чиққанимга бир ойдан ошди. Бир ой Туркманистоннинг Казанжиқ деган жойида карантинда бўлдик. Қум, чангни инобатга олмасак, олатасир солдат ҳаётининг эътиборга молик жиҳати йўқ. Охирги кунгача фол очдик: биров Германияга, биров Венгрияга олиб кетади дейишди. Мен Казанжиқда ҳамшаҳарларимни топдим – шу ердаги полкда хизмат қилишар экан. Улар ўз полкларида омборчи бўлиб қолишимни таклиф қилишди. Қайси нодон Европани қумликларга алмаштиради?

27 май

Венгрияга келиб тушдик. Бутун ҳаракатларимиз ўта махфий. Бу ерга учишимиздан олдин Украинанинг бир шаҳрида Казанжиқда кийган аскар кийимларимизни “гражданка”га алмаштиришди. Етмишдан ортиқ йигит импорт кастюм-шим, шляпа, галстук тақишди. Ўлай агар, қишлоғимиздаги Шоди буғолтернинг ўғли ҳам бу кийимларни киймаган. Жеймс Бонднинг ўзи бўлдик-қолдик. Энг қизиғи, Венгрияга келгач, уч кун Хаймашкер деган шаҳарда изғидик. Ҳеч бир назорат йўқ – эҳтимол бўлгандир?! Ақл бовар қилмайди - мен Европада кезиб юрибман! Ҳар қалай бу туш эмас эди. Мен мудом ўзимни назорат қилишга уриндим, айрим йигитлар ичиб олишибди…

Венгрияда ўтган уч кунда жинни бўлиб қолаёздим. Мени бу ҳолга мусича галалари солди – улар ўта кўп экилган чинор баргларидан ортиқ эди. Бу “мусичаи-безарар”ларнинг ғу-ғулаши миямни қоқиб қўлимга берди. Паркда мусича, майдонда мусича, йўлда мусича!

Хайрият, уч кунда бизларни йиғиштириб, Москвага жўнатдилар.

18 июнь

Сўнгги ёзувимдан назаримда бир аср вақт ўтди. Дастлаб ҳарбий сирни очиб қўймайин, деб ёзмадим, энди эса зерикиш ва … ўлиб кетишдан қўрққанимдан ёзаяпман.

Мен А Ф Ғ О Н И С Т О Н Д А М А Н!

… Мен бор-йўғи бир кун Москвада бўлдим, аммо шаҳарнинг “ш” ҳарфини ҳам кўрмадим. Қандайдир ҳарбий қисмда бизни уч кишилик гуруҳларга бўлиб инструктаж ўтказишди: афғонга жўнарканмиз. Қандайдир ҳарбий маслаҳатчиларга тан қўриқчилик қиларканмиз. Кўнглимни ҳам ғурур, ҳам қандайдир шубҳали ташвиш қоплади. Ҳеч нарсани билмасдим, аниқроғи, у кунлар билмасдим – тасодиф тақдиримни бошқарарди.

Москвадан самолётда учдик. Тошкентга қўндик, аммо тушмасдан Қобулга жўнатдилар. Мен олий маълумотли эканлигимни доим ёдда сақлаб, ўзимни сипо тутишга уриндим, лекин эҳтирослар оғушида ҳали уруш-уруш ўйнаётган болалик мени ўз бағрига олиб кетди ўшанда.

Орадан уч кун ўтгач, болалигим ва менинг аскарлик ҳаётим ўртасида асрлар ётган бўлади.

Болалигим ўлиб қолади.

Борлиқни даҳшатли афғон тунлари қоплади!

23 июнь

Хизмат жойим тоғ бағри. Хизматдошларим учта рус ва бир тожик офицери ҳамда тўққизта аскар. Атрофимизда афғон армияси – улар “душманларга” қарши уруш олиб боришади. Биз қўриқлайдиган офицерлар расмий афғон ҳукумати армиясининг маслаҳатчилари экан…

24 июнь

Кундалик дафтар тутиш ман қилинган экан. Шу сабабли ёзганларимни доим чўнтакда олиб юраман.

Бир ғорда яшаймиз. Бизникилар уни “Ажал ғори” деб аташади. Ғорга ҳарбий палатка қурганмиз. Тунда уч киши-уч кишидан бўлиб ғор оғзини қўриқлаймиз. Кундузи бир киши постни эгаллайди. Узоқроқда афғон армиясининг навкарлари қоровуллик қилишади. Афғонлар орасида ўзбеклар ҳам бор экан…

Бугун кечаси житомирлик Сашани ўлдиришди. Биринчи марта ҳақиқий отишмада иштирок этдим. Шу вақтга қадар отишма бизга тегишли эмасдай туюларди, чунки кўпроқ вақтимиз афғон постларида кечарди. Аммо бу сафар душман мўлжалли ўқ узди. Ғорнинг унча катта бўлмаган оғзи “Замин-замин” ПТУРСларидан ўққа тутилди. Мен ой ёруғида тошларни паналаб югураётган одамларга, тирик зотларга қарата илк марта ўқ уздим. Тегдими, йўқми, билмадим.

Сашанинг ўлими мени бир кечада тошбағир қилиб қўйди. Мен жангчига айландим!

Саша мендан бир йил олдин хизматни бошлаган эди. Бечора доим ярим яланғоч бўлиб олиб “Бизга эса барибир” (“А нам серовно”) қўшиғини хиргойи қилганича қурол тозаларкан, афғонлар сўзига қулоқ солар ва тинимсиз мендан таржима қилиб беришимни сўрарди. Нималар кўнглидан ўтар экан шу пайтлар бечоранинг? Биз доим бир вақтда постга чиқардик. Мен урушнинг гўё майда-чуйда бўлган, аммо кўпинча ўлимдан сақлаб қоладиган ҳийлаларини Сашадан ўрганиб қолдим. У неча марта менинг бошимни ўқдан сақлаб қолган. Мен унинг жонсиз бошини тиззамга олиб ўтирган бир неча лаҳзада шу хаёллар бошимдан кечди…

Сашанинг ўлимидан роппа-роса тўрт соат ўтгач, у ҳақида ёзаяпман. Маслаҳатчи офицерлар бошлиғи полковник М. “Қора лола” – вертолёт мурдани олиб кетгач, бу икки йил давомида ғордаги 13-мурда эканлигини айтиб, барча солдат ва офицерларга юз граммдан ароқ улашди ва тунги кутилмаган душманлар ҳужумида расмий афғон аскарларининг “қўли” борлигини қистириб ўтди.

26 июнь

Мен ҳар кун бир ёшга улғаяяпман. Мана ғорнинг ташқарисида афғон аскари Аҳмад билан палов пишираяпмиз. У камгап, оғир одам. Мен ундан гап сўрайман, Аҳмад иложи борича жавобга чап беради. Гоҳ форсча, гоҳ ўзбекчалаб бола-чақаси ҳақида сўрасам, нашани мириқиб тортиб олгач, бечора афғон “Мурдаги!” деганича қовоқ осиб, оловга зўр беради; рус офицерлар уймалашаётган тепаликка қараб ғудранади. Унинг раҳмат айтмаётганини тушунаман.

Аҳмад менга ҳам совуқ, синовчан назар ташлади-да, бир хулоса чиқармоқчи бўлгандай наша ўралган папиросини тутатади, мен ҳам бир тортиб қайтиб бераман – ёқмайди, кейин банги бўлиб қолишдан қўрқаман. Аҳмад “ўрис-шўролар”ни ошириб сўкади-да, ўз тарихини афғончалаб айтиб беради.

Тоғда чўпонлик қилар экан. Бир кун совет десантлари уларнинг ўтовига бостириб келибди. Бешта аскар экан. Наша талаб қилишибди. Отаси чиқариб берибди. Наша чекиб маст бўлган аскарлар Аҳмаднинг хотинига ташланишибди. Келинини ҳимоя қилмоқчи бўлишганда чол ва кампирни отиб ташлашибди. Аҳмад бу пайт қўй боқиб кетган экан…

Кун бота бошлайди. Афғон аскари номоз ўқийди. Қуръоннинг майин оҳанги таралади. Мен паналаб омин қиламан.

Аҳмад тунда бизга қарши жангга кириши мумкин ва шундай қилишига ишонаман. Сашани ҳам у ўлдирган бўлса эҳтимол. Кўнглим қарама-қарши ўйларга тўлиб, қўрқув аралаш палов солинган челакни олиб “Ажал ғори”га шошиламан. Аҳмад “Баҳор шав, бача!”, деганича шивирлаб қолади. Урушда жуда қийин экан-да дунёни тушуниш – ҳам ошини ейсан, ҳам қонини тўкасан…

29 июнь

Кеча тунда қаттиқ ҳужум бўлди. Майор оғир яраланди – ўнг қўлини ўқ чўртта узиб кетибди. Бечорани “Қора лола”га ортар эканмиз тинимсиз урушни, Москвани, душманларни сўкиб алахсиради. Унинг оқариб кўриниб қолган сўнгаклари атрофида шалдираб ётган ярасидан оққан қондан кийимларим шалоббо бўлди. Кийимларимни алмаштирганимча кўнглим айниб расвом чиқди. Тонготарда ўтган куни Аҳмад берган нашадан катта папирос ўраб чекиб ухлаб қолибман.

7 июль

Уруш қуёши қизил бўлади. Тун урушда жуда узоқ кечади. Урушда кундуз кунлари қуёш ботмайди. Қуёш нуридан ажал уруғи баҳра олади.

19 июль

“Ажал ғори”да вазият оғирлашди. Деярли ҳар куни ҳужум бўлиб турибди. Тунда бизни вертолётда ўзимизнинг қисмимизга олиб кетадиган бўлишди. Ғорда яна бир киши ўлди, икки киши оғир яраланди. Тошкентлик Омон бедарак йўқолди. Бир взвод - ўн беш кишидан иборат десант келиб бизга қўшилди.

21 август

Бир ҳафтадан буён “Ўлик сукунат”дамиз. Бу ҳарбий малаҳатчилар қароргоҳи учта чодирдан иборат. Ҳарбий маскан дара этагида жойлашган. Маҳаллийлар билан алоқамиз йўқлиги сабабли қишлоқлар, жойлар номини ҳарбий, махфий хариталаридан – гиёҳванд, ароқхўр, аламзада офицерларнинг гапларидан билиб оламиз.

Дара ўрмон билан ўралган. Ўрмон пасткам, дарахт деса дарахт эмас, бута деса бута бўлмаган кўм-кўк пуштлардан иборат. Оҳ! Қани эди бу кўкатлар қуриб қолса, ўт олса! Бу ўрмонсимон чангалзор бағри душманлар уясидан иборат. Тунлари постда сергак турсак душман-афғонларнинг товушларини эшитиб қоламиз. Қош қорайгандан уларнинг командалари буйруқлари эшитила бошлайди - аламзада, бир-биридан “серифода”, “тиш синдирадиган” – “дандон шикастаги” ҳайқириқлар! Мен Аҳмаднинг тарихини ўйласам, уларни тушунган бўламан…

Подполковник М. маслаҳатчи бўлган ҳукумат қўшинлари “Ажал ғори” атрофидаги ҳудудни ташлаб чиққач, бутун маслаҳатчилар таркиби алмашди: ёшгина иккита капитан ва қандайдир “жаримачи”, яъни ўзига хос қатағонга учраган полковникка тан қўриқчилик қиляпмиз. Офицерларнинг исм-шарифини айтиш одат эмас, қолаверса ҳарбий ҳаракатлар пайти, ким билади бу дафтар кимнинг қўлига тушади?

22  август

Ёш капитанчалар ўта олифта одамлар – биринчи ўликни кўриб ўқириб йиғлашди. Полковник уларни роса сўкди. Умуман, полковник “молодой” офицерларга қараганда ҳақиқий “дед”. Капитанчалар биз, солдатларга на ичиради, на чектиради. Лекин аскарлар ўз билганларича яшайдилар – урушнинг ўз қонунлари бор…

27 август

Иккита йигитимизни кеча “тил” қилиб олиб кетишибди. “Ўлик” сукунат-атрофидаги қишлоқларни тит-питини чиқардик. Қанча эркак-аёл, қари-ёшни ёстиғи қуриди.

Барига сабаб ўша икки йигитнинг “калла-поча” қилиниши бўлди.

Мен одамзод шундай ишларга қодирлигига ишонмайман. Худога минг имон келтириб айтаманки, бу соғлом одам боласининг қўлидан келадиган иш эмас.

Бировга айтсанг ишонмайди – оёқ-қўл, бош, жинсий аъзолар қассоб томонидан аста-секинлик билан ўйланиб чопилган. Ё Худо! Ўзинг асра! Дод деб уйга қочиб кетгим келаяпти. Уйдагиларни жуда-жуда соғиндим…

30 август

Йигитларимиз Нурулло деган қурбошини асир туширишди. Петка, Вася, Миродил ва доғистонлик Руслан уни қўл оёғини чилвирлаб дарахтга осишиб, азоблашди. Узоқ қийноқлардан сўнг оғриққа дош беролмаган Нурулло ўзи қилган, қилмаган қилмишларни бўйнига олди – учта йигитни шахсан ўлдирган, ундан зиёдини “калла-поча” қилган. Мен баҳоли қудрат тилмочлик қилиб турдим. Ҳамма йигитлар қўрбошини бир таёқдан уришди…

Кечқурун Нуруллонинг жасадига бензин қўйилиб, ўтда ёқилди.

17 сентябрь

Навбад номли қишлоқда бир афғоннинг уйида ётибман. Нон ва сув ахтариб келиб қолдим. Шунчалик ўзбекона уйки, шошилиб ташлаб кетилган кўрпа-тўшаклар, пилтачироқ, Самарқанд яқинидаги пахса жаннатимни эслатди. Хаёл суриб, ўйга ботганимча бечора афғонлар кўрпачасида, порох ва тутун ҳидини бурқситиб, ухлаб қолибман. Туш кўрдим: тушимда қишлоғимизда, уйимизда ухлаб ётган эмишман. Оёғимни хом ғиштдан ясалган печка супасига қўйиб, ҳузур қилиб ухлармишман. Печка устидаги қозонда шўрва қайнармиш, қозоннинг ёнига иссиқ тандирнон қўйилган эмиш. Шўрва ва ноннинг ҳидини аниқ ҳис қилдим. Уйнинг бурчагида онам алла айтиб, урчуқ йигирармиш… Бирдан печка гуриллаб ёниб, олов оёқларимга тармашди…

24 сентябрь

Госпиталда ўзимга келдим.

Р.S. Шу ерда Ҳотамнинг кундалик дафтари жуда пухта одам томонидан «тузатилган». Дафтарнинг бир неча саҳифаси билиб бўлмас даражада текис қирқилиб, саҳифаларнинг қолдиғи кейинги варақларга елимланган ва хира муҳр босилган. Муҳр ўқилмайди. Шу сабабли мен ҳам афсус билан сўнгги саҳифаларни ўқишга мажбурман.

9 ноябрь

Амалда ҳеч бир моҳият касб қилмайдиган унвонлар ва даражалар турмуш ривожланишидаги энг катта тўсиқдир. Бундай ҳолда одамлар меҳнатининг мазмуни ва самараси эмас, балки сунъий мезон бўлган тимсоллар ижтимоий заруратга айланиб қолади. Кўп бахтсизликларимизнинг сабаби ана шунда.

Университетда қандай кўп эди бунақалар. У ерда маънавий зарар етган бўлса, бу ерда сунъий, кераксиз унвонлар, лавозимлар учун одамлар тупроққа бош қўйишди. Хай капитан бўлмай…

12 ноябрь

Кеча-ю кундуз постдаман.

Қишлоқ. Катта қишлоқ ўртасидан дарёча оқади. Кўприкнинг у ёғида душманлар, бу ёғи биз.

Кундуз соат иккига қадар одамлар кўприкдан ўтишлари мумкин. Пешин ўтиш қатъиян ман қилинади. Душман пешин уруш учун яшайди. Қанчалик даҳшат! Эрталаб биз томонга «меҳмон» бўлиб келган қари-қартанг, ёш-яланг (албатта ёш бола-ўсмирлар, эркаклар эмас) у тарафга кимнинг қариндоши ҳалок бўлганини етказишади. Қош қорайгач, душман қора қумурсқадек ташланади. Бундай пайтда ким томондан ўқ отилганлиги суриштирилмайди…

Шу кўприкка келганимдан бери кўнглим хижил. Зўрға ҳужумга дош бераяпмиз. Чунки орқа томонимиз ҳам афғон армияси. Уларга ҳам ишонч йўқ.

14 ноябрь

Ф.Достоевскийнинг «халқ қалби қарияптими ёки инқирозга юз тутаяптими?» деган саволи қанчалик долзарб!

Мен бу шарқона, тушуниб бўлмас, «кашталардан иборат» урушни англолмадим:

Мантиқ ва мақсад, сабаб ва оқибат… Бари-бари ўта мавҳум!

Жисмоний машаққатдан руҳий парокандалик кўпроқ қийнайди!

Уйга кетгим келади.

18 ноябрь

Мен одам ўлдирдим!

Мен аёл ўлдирдим!!

Мен қотиллик қилдим!!!

Бунга тўрт кун бўлди. Тушликдан сўнг, пешин пайти эди. Битимга биноан аллақачон кўприк беркитилган – на у томондан, на бу томондан бирон шарпа кўринмасди. Ушбу дафтарни эрмак қилиб, оқопдан кўприкни кузатардим…

Мен Афғонистонда кўп жангларда қатнашаяпман. Яраландим, асирларни уриб, отиб ўлдиришганликларини кўрдим, аммо ўзим бундай «қассобликда» қатнашмагандим. Чиндан, узоқдан мен отган ўқлардан йиқилганларни кўрганман – фақат жанг пайти… Қанчадан-қанча ўлик, парчаланган таналарни кўрганман, ташиганман, ортганман, лекин барибир кўнглимнинг қаърида ўлимдан қўрқув, қотилликдан қочиш ҳисси яшарди. Мен ўзимни бир неча марта синаб кўрганман. Лекин ўша куни даҳшатли, бир умр кечириб бўлмас хатога йўл қўйдим…

Кўприкдан паранжи ёпинган шарпа пайдо бўлиб, биз томонга кела бошлади. Бизнинг чегарадан ўтгунича индамай кутиб турдим. Сўнг афғончалаб, ўзбекчалаб, русчалаб “Қайт!”, “Тўхта!” командаларини бердим. Ёнимда иккита ёш аскар бор эди. Қарасам, уларнинг рангларида ранг йўқ. Ўзим ҳам қўрқиб кетдим. Ахир бирон бир мутаассиб ёки қасоскор паранжи ёпиниб, граната ёки мина олиб келаётган бўлса…

Автоматни “шақирлатиб” ўқлаб “Отаман!”, “Орқангга қайт!” буйруқларини бердим, бақирдим. Биздан йигирма қадамча нарида, йўл ўртасида силжиётган шарпа жуда секинлаб ҳаракат қила бошлади. Менинг жуда шубҳам ортиб кетди, ҳатто қўлида қуроли аниқ бордек кўринди! Мен осмонга огоҳлантирувчи ўқ уздим. Ўқ овози янграгач, паранжидаги киши қаттиқ сесканди… ва биз томонга, оқопимизга қараб икки-уч қадамни кескин ташлади. Менга ўйлаш учун вақт қолмаган эди: нишонга олиб ўтирмасдан бир сидра ўқ уздим. Паранжи овоз чиқармасдан йиқилди. Ҳатто ўқлар зарбидан бир қадам орқага силжиди ҳам…

Мен атрофимизда чуғурлашаётган қушлар ва шерикларимнинг «Бизникилар!» деган овозларидан ўзимга келдим. Командирга бўлган воқеани айтиб бердим. У мени мақтаб, биз қараб турамиз, мурдани дарё қирғоғига судраб ташланглар, деди. Мен икки шеригим билан жадал мурдани олдига бордим. Шерикларим қўлидан, мен оёғидан кўтардим. Мурда ўта енгил эди: кийимларидан унинг аёл киши эканлигини билдим. Дарё қирғоғида мурдани шерикларимга секинроқ қўйишни буюрдим ва қонталаш паранжини кўтариб мурдага қарадим…

Бу саксон ёшли кар ва гунг афғон кампири эди. Уни бу атрофда ҳамма танирди. Кўнглимда бир нарса «чирт» этиб узилгандек бўлди… Тўрт кундан буён ўлик кампирнинг чеҳраси кўз ўнгимдан кетмайди. Тушларимга кираяпти, бослиқиб чиқаяпман.

24/25 ноябрь

Бугун қайси кун эканлигини билмайман. Ҳафтадан ошди нашахўрликдан бошим чиқмаяпти. Ҳеч ҳам ўзимга келганим йўқ. Икки кун олдин БМП портлади. Уч киши бўлиб ўлик ортдик: олдин узилган бошларни, кейин таналарини, сўнгра оёқ-қўлларни.

Кеча-кундуз гоҳ мурдалар, гоҳ ажина кампир таъқиб қилмоқда. Бу даҳшатдан қутулишнинг энг осон йўли кўкнор ва ўқ отиш…

P.S. Шу ерда Ҳотамнинг кундалиги тугайди ва опасининг ўн икки кундан кейин ушбу дафтарни олганлиги ҳақида имзоси бор.

Эшқобил ВАЛИ.

Самарқанд, 1997-2017 йй.