Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Оқилона таклиф

Ғарбда сал гапга шов-шув қилишади: “Фалон нарса биринчи бўлиб бизда ихтиро қилинган”, “Пистон фаннинг отаси биздан чиққан”, “Писмадоннинг тарихи биздан бошланган” ва ҳоказо.

Лекин кўпинча бу гаплар Ғарбнинг ўзи учунгина янгилик бўлади-ю, билмаганлариданми, истамаганлариданми, уни жаҳон миқёсидаги воқеа-ҳодиса тарзида талқин этишаверади. Бир жиҳатдан, уларнинг бунга ҳаққи ҳам бор. Чунки ҳозирги замонда башарият ишлатаётган деярли ҳамма нарсани, хусусан, техника воситалари ва технологияларни европаликлар ихтиро қилгани – инкор этиб бўлмайдиган ҳақиқат. Аммо бунда Осиё халқларининг илмию ихтироларидан унумли фойдаланилгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Шарқ – оғир карвонроқ: “Шов-шув қилаверишсин-чи, охири ҳақ барҳақ бўлар...” – дейди-қўяди. Лекин бу ён беришда, таассуфки, Шарқнинг асрлар мобайнида Ғарбдан ортда қолганини тан олиш ҳам ётибди.

Ер юзида олий таълим тизимининг пайдо бўлиши тарихига муносабат ҳам шунга ўхшайди.

Яна бир нарса. Қонга тушган бирор-бир касаллик вирусини бирданига, қисқа фурсатда қувиб чиқариб бўлмагани каби, қарийб 60 йиллик чор ҳукумати, 74 йил шўро давлати мустамлакаси бўлган халқ ҳам бирданига, ҳатто 28 йилда ҳам бутунлай ўзига келиши қийин экан. Очиғини айтганда, ҳали-ҳамон миллат ва халқ, мамлакат ва давлат миқёсида халқаро даражадаги бирор-бир янги ғояни илгари сурмоқчи бўлсак, у ёқ-бу ёғимизга қараймиз, ҳалигача кимдир бошимизда калтак тутиб тургандек сезамиз ўзимизни. Бу яхши аломат эмас. Бу иллатдан энди ҳам қутилмасак, келажак авлодлар бизни кечирмайди.

Самарқанд давлат университети ректори, таниқли олим, профессор Рустам Холмуродовнинг “Самарқанд университети қачон ташкил топган?” мақоласида Самарқанд давлат университетини 1420 йили буюк Соҳибқирон Амир Темурнинг суюкли набираси қурдирган Мирзо Улуғбек мадрасасининг бевосита вориси, деб ҳисоблаш тўғрисидаги таклифи эса ана шу “темир” тақиқларни синдириб ташлаб айтилган фикр бўлди.

Бу таклифни тўла-тўкис қўллаб-қувватлаш лозим. Шундагина адолат бўлади. Шундагина дунё бизни борлигимизча тан олади. Шундагина башариятга биз ким бўлганимиз, ҳозир ким эканимиз ва эртага ким бўлажагимиз ҳақида бонг урган ҳисобланамиз.

Юртимизда олий таълим тизими бўлган. Мақола муаллифи Абдурауф Фитратга таяниб, тўғри қайд этганидек, ўтган аср бошларида биргина Бухоройи шарифнинг ўзида 200 га яқин мадраса фаолият юритган ва унинг 33 таси олий мадраса ҳисобланган.

Ҳозирги замон олий таълим муассасаси кафедраларида, асосан, ўқитувчи, катта ўқитувчи, доцент, профессор лавозимлари бор. Алишер Навоийнинг “Вақфия” асаридан билиб оламизки, ўша даврларда ҳам мадрасаларда мударрисларнинг илмий-таълимий даражасига қараб, турли лавозимлар жорий этилган экан.

Алишер Навоий ўзи қурдирган “Ихлосия” мадрасаси вақфини, жумладан, “арбоби вазойиф”ни батафсил баён этади. “Арбоби вазойиф” бугунги тушунчалар билан ифодалаганда “штатлар жадвали”га тўғри келади. Чиндан ҳам, унда мадрасада меҳнат қилаётган ходимлар сони, ҳар бирининг вазифаси ва оладиган маоши миқдори аниқ-тиниқ баён этиб берилган.

Бу таълим муассасасида 22 нафар талаба таҳсил олган бўлса, мадраса ва унинг рўпарасида бунёд этилган хонақоҳда жами 21 нафар ходим меҳнат қилганини билиб оламиз. Унинг рўйхатини тузсак, қуйидаги манзара намоён бўлади: мударрис – 2 нафар; мусаддир – 1 нафар; сойир – 5 нафар; шайх – 1 нафар; воиз – 1 нафар; имом (хатиб, мактабдор) – 1 нафар; муқри – 1 нафар; хонақоҳ таббохи – 1 нафар; табақчи – 1 нафар; фаррош – 1 нафар; ходим – 2 нафар; мутаваллий – 1 нафар; навкар – 2 нафар; мушриф – 1 нафар.

Кўриниб турибдики, 22 талаба учун 14 турдаги лавозимда жами 21 ходим ишлаган. Қарийб ҳар 1 талабага 1 ходим тўғри келаяпти. Бу – ҳозирги мезонлар билан ёндашилганда ҳам жуда катта кўрсаткич. Масалан, 1 минг талаба таҳсил оладиган олий таълим муассасасида 1 минг киши ишлашини тасаввур қилиб кўрайлик.

Энг муҳим факт шуки, талабалар ҳам муайян маош билан таъминланган. Демак, бу ҳозирги стипендия тушунчасининг айнан ўзини англатади. Талабаларга уч хил даражадаги стипендия тўланган. Биринчиси – аъло (бу ҳозирги “аъло стипендия”тушунчасига айнан мос келади). Унга ҳар ой 24 нақд олтин ва йилига 5 юк буғдой берилган. Иккинчиси – авсат (ўрта, бу ҳозирги “яхши стипендия”). Унга ҳар ой 16 олтин ва йилига 4 юк буғдой берилган. Учинчиси – адно (паст, бу ҳозирги “қониқарли стипендия”). Унга ҳар ой 12 олтин ва йилига 3 юк буғдой берилган. Демак, “аъло стипендия” ўртача ҳисобланадиган“яхши стипендия”дан 1,5, “қониқарли стипендия”дан эса 2 баробар кўп миқдорни ташкил этган.

Бироқ бу ерда бир нарсага аниқлик киритилмаган. Талабанинг“аъло”, “авсат” ёки “адно” даражадаги стипендия олиши билимига қараб белгиланганми ёхуд ўқиётган йилларига, яъни бугунги тушунчадаги босқичига қарабми? Бу саволга тарихий факт ва далиллар асосидагина тўғри, аниқ-тиниқ илмий жавоб бериш мумкин, холос. Ҳозирча тахмин қилишдан нарига ўтолмаймиз. Биламизки, ўрта асрларда мадрасани биров 5 ёки 6, бошқа кимдир 7 ёки 8 йилда тугатган. Шундан келиб чиқиб, айтиш мумкинки, “аъло стипендия” битириш арафасидаги талабаларга берилган. Яъни, бу ҳам илм даражасига, ҳам ўқув босқичига қараб белгиланган. Эҳтимолки, бу даражага биров камроқ, иккинчиси эса кўпроқ йиллар сарфлаб эришган.

Мадраса ва хонақоҳда меҳнат қиладиганлардан энг кам маош – муқриники. У йилига 100 олтин ва 5 юк буғдой олган. “Аъло стипендия”нинг миқдори эса бундан қарийб 3 баробар кўп. Чунки у йилига 288 олтин ва 5 юк олади. “Яхши стипендия” эса ундан қарийб 2 баробар кўп. Чунки у йилига 192 олтин ва 4 юк буғдой олади. “Қониқарли стипендия” ундан қарийб 1,5 баробар кўп – йилига 144 олтин ва 3 юк буғдой олади. Бу кўрсаткичлар талабанинг обрўйи нақадар баланд бўлганидан, ўша замонда ҳам мутахассис тайёрлашдан маблағ аялмаганидан далолат беради.

Талабалар гуруҳларга бўлинган. Ҳар бир гуруҳда 11 толиби илм таҳсил олган.

Мударриснинг маоши, фақат бериладиган олтинлар ҳисобга олинганда ҳам, “аъло стипендия”дан 4 баробардан ошиқроқ марта кўп. У йилига 1200 олтин олади. Мадрасадаги “мударрис”лавозими ҳозирги “профессор” тушунчасига яқин маънони англатса, “мусаддир” “доцент”га яқин маънони билдиради. “Ихлосия” мадрасаси мударриси мусаддирдан қарийб 2,5 баробар кўп маош олган (қиёсланг: 1200:500=2,4). Мадрасанинг ҳам раҳбари бўлган ва албатта у ҳаммадан кўп маош олган. Бу – мутаваллий. Ҳозирги тушунчадаги “ректор”га тўғри келади. Унинг қўлида 2 навкар ҳам бўлган. Улар мадрасага вақф қилиб берилган ерлардаги деҳқончиликни тартибга солиш, назорат қилиш билан шуғулланган. Мутаваллийга йилига 3 минг олтин ажратилган. Лекин бунинг 6 дан тўртини ўзи олган, қолган 2 қисмини 2 навкарга бўлиб берган. Аниқлашадики, ўзи 2 минг олтин маош олган, навкарлар 500 олтиндан. Демак, мадрасадаги энг катта маош мутаваллийга тегишли бўлган. Мутаваллий мадрасанинг ер-мулкини идора қилган, яъни хўжалик фаолиятини бошқарган, иморатни таъмирлаш ишларини амалга оширган. Иккинчи ўринда эса мударриснинг маоши туради. Учинчи – шайхнинг маоши. Бироқ шайх хонақоҳда фаолият юритган, мадрасада эмас. Хонақоҳда сўфийлар шайх пирлигида тасаввуфий тарбия топган.

Бу 14 лавозим эгаси нима иш билан шуғуллангани, яъни мадраса ва хонақоҳда иш тақсимоти айнан қандай амалга оширилгани ҳам бугун учун ўта аҳамиятли масала. Бироқ буни аниқлаштириш учун биргина “Вақфия”нинг ўзи камлик қилади. Бу масалани махсус ўрганиш, айни мавзуни ёритиш учун кўп-кўп бирламчи мўътабар манбаларни топиш ва кўриб чиқишга тўғри келади.

Бундай батафсил маълумот келтиришдан мақсад шуки, Мирзо Улуғбек мадрасасида ҳам айнан шунга ўхшаш штатлар жадвали бўлган. Бу далиллар эса унинг ўз даврининг олий таълим муассасаси бўлганини тўла-тўкис исботлайди.

Шундай экан, янаги, яъни 2020 йили Самарқанд давлат университетининг 600 йиллигини нишонлаш, бунинг учун тегишлича қонуности ҳужжати қабул қилиш лозим, деб ҳисоблаймиз.

Мирзо Улуғбек мадрасасида Самарқанд давлат университети музейини жойлаштириш, унинг экспонатларини 600 йиллик давр материаллари билан тўлдириш мақсадга мувофиқ.

Самарқанд давлат университетини Мирзо Улуғбек мадрасасининг вориси сифатида тан олсак, мамлакатимизда зиёрат туризмини ривожлантириш борасида ҳам муҳим бир қадам ташланган бўлади. Ана шунда юртимизга ташриф буюрган хорижлик сайёҳлар олти асрдан буён савлат тўкиб турган бу муҳташам иморат, аввало, жуда катта илмий ҳисоб-китоб билан қурилганига, энг муҳими, у айнан илмни ривожлантириш учун бунёд этилганига яна бир карра амин бўлади. Бу эса бизнинг халқ ва давлат сифатида бугунги ва келажак обрў-эътиборимизни янада оширади.

Султонмурод Олим,

филология фанлари номзоди,

“Нақшбандия” журнали

бош муҳаррири.​

ЎзА