Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқишга киритишни ваъда қилган домла 12 минг доллар билан ушланди

Ўткир олий маълумотли. Бир неча йиллардан бери университетда ўқитувчи бўлиб ишлайди, деб ёзмоқда “Адолат сари” газетаси.

Бир куни унинг олдига таниши Нилуфар иш топишда ёрдам сўраб келди. Ёз ойлари, айни абитуриентлар олийгоҳларга ҳужжат топшираётган пайт эди. Улар қабул комиссиясига яқин жойда гаплашаётганди.

Ситора ҳар йили ҳужжат топширади. Лекин ҳеч омади чопмайди. Йиқилган курашга тўймас деганларидек, шу йил ҳам ҳужжатларини олиб университет томон йўл олди. Унга қайнопаси Баҳора ҳам қўшилди. Улар дугонаси Нилуфарни кўриб қолишди.

- Неча йилдан бери имтиҳонлардан ўтолмайман. Иш сўраб борган жойларим олий маълумот сўрайди. Мана, яна келяпман. Ҳужжатларимда камчилик йўқмикан, аввал бир кўрсатишим керак, - деди Ситора. 

- Мана домла, кўриб берадилар, – деди Ўткирга ишора қилиб.

Ўткир ҳужжатларга кўз югуртириб, ўзини таништирди. Анча йилдан бери университетда ўқитувчи бўлиб ишлаши, агар истаса Педагогика факультети Бошланғич таълим ва спорт тарбиявий иш йўналишининг сиртқи бўлмига ўқишга киришида ёрдам қилишини айтди.

- Ўқиб ҳам ишласак бўладими? – деб сўради абитуриентлар.

- Албатта, бўлади - деб телефон рақамини берди домла.

Ҳужжатларни қабул қилиш муддати тугагандан кейин Ситора домлага қўнғироқ қилди. Улар келишилган жойда кўришди.

- Сизга ишонсак бўладими? Ўқишга киришимизда қандай ёрдам қиласиз ўзи? - деб сўради Ситора.

- Тест бўладиган хонада одамларим бўлади. Сизларникини ҳам “ишлаб” беради. Фақат бунинг учун анча харажат қилишингиз керак, - деди домла.

- Қанча бўлади?

- Бир кишига 6.000 доллар.

Ситоранинг капалаги учиб кетди. Лекин сездирмасликка уринди.

- Қайнопамга ҳам ёрдам қилишингиз керак. Мен кириб, у киши киролмаса хафа бўлади, - деди.

- Икки кишига 12.000 бўлади. Тест кунигача олиб келишингиз керак, - деб қўшимча қилди домла.

Ситорага домланинг таъмагирлиги ёқмади. ИИБ идорасига бориб домла устидан арз қилди.

Орган ходимлари тезкор тадбир ўтказишди. Холислар иштирокида 12.000 АҚШ долларига кимёвий ишлов бериб, овоз ёзиш мосламаси ва пулларни Ситорага беришди.

Ўткир таниши Нилуфар орқали Ситорадан 12.000 доллар олган пайт қўлга олинди.

Суд ҳукми билан Ўткир 2 йил мансабдорлик ва моддий жавобгарлик лавозимларида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилинди. Иш ҳақининг 20 фоизини давлат даромадига ушлаб қолган ҳолда 3 йил муддатга ахлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди. 

Рустам ДАМИНОВ,

вилоят прокуратураси уюшган жиноятчилик ва

коррупцияга қарши курашиш бўлими терговчиси.