Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўқитувчи билим билан бирга тарбия ҳам бериши керак

Таълимни тарбиядан, тарбияни эса таълимдан ажратиб бўлмайди, деб бежиз айтилмаган. Уларни бир-бирига ҳамоҳанг олиб боришда ўқитувчиларнинг ўрни ва масъулияти катта. У талабаларга сабоқ берар экан, аввало, уларнинг маънавий камолотига ҳам эътибор бериши лозим.

Президентимиз раислигида маънавий-маърифий ишлар тизимини тубдан такомиллаштириш, бу борада давлат ва жамоат ташкилотларининг ҳамкорлигини кучайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида таъкидланганидек, жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони, руҳи маънавиятдир. Чунки маънавий асосларсиз, маънавий негизларсиз, маънавий қадриятларсиз, маънавий-миллий руҳсиз ҳеч бир давлат ўзининг юксак мақсадларига эриша олмайди.

Таълим даргоҳларида ҳам таълим ва тарбияни бир-бири билан узвий олиб борган ҳолда “Талаба-ёшлар билан ишлаш, маънавий-маърифий ва тарбия йўналишида амалга ошириладиган ишлар режаси” тузилди. Унга кўра, бир қатор амалий ишлар бажарилди. Жумладан, талабаларнинг бўш вақтини мазмунли ўтказиш мақсадида профессор-ўқитувчилар ва талабалар ўртасида спортнинг волейбол, баскетбол, мини-футбол, шахмат, шашка, енгил атлетика турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. “Беш ташаббус юлдузлари” мега-лойиҳаси доирасида туркум танловларда талабаларимиз фаол иштирок этди.

Шу билан бирга дарс машғулотлари жараёнида ўқитувчилар таълим ва тарбия сифатига алоҳида аҳамият бермоқда. Зеро, таълим-тарбиянинг бир қисми сифатида ақлни ривожлантиради ва сайқаллаштиради. Инсон таълим олиш орқали ҳаётида керак бўладиган илму маърифатни, турли маълумотларни ўрганади. Тарбия орқали эса миллий қадриятларимизга ҳурмат, эзгулик, ватанпарварлик каби фазилатларни қалбига сингдиради. Бежиз мактабларда ҳам фарзандларимизни ҳар томонлама баркамол вояга етиши учун “Тарбия” фани қўйилмади. “Тарбия” фанида ватанпарварлик, тадбиркорлик, иродалилик, мафкуравий иммунитет, меҳр-оқибатлилик, масъулиятлилик, бағрикенглик, ҳуқуқий маданият, инновацион фикрлаш, меҳнатсеварлик каби кўникмаларни шакллантиришга алоҳида урғу берилгани келажакда фарзандларимизни жамиятда муносиб ўрнига эга бўлишида жуда муҳим.

О.Ҳайитов,

Самарқанд давлат архитектура-қурилиш институти ёшлар билан ишлаш бўйича проректори.