Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

“Ошиқ Ота” ким бўлган?

Паст Дарғом тумани Гўзалкент шаҳарчаси ҳудудида, Зарафшон (Қорадарё) дарёсининг жануб қирғоғида “Ошиқ Ота” зиёратгоҳи бор. У худди шу ном билан аталган маҳаллада жойлашган. Бу ерда “Ошиқ Ота” авлиё мақбараси ҳам барпо этилган.

Мақбара атрофида ўз даврининг азиз уламолари бўлган зотлар - Абу Муъин Шайх (таваллуд вақти маълум эмас, вафоти 1112 ҳижрий йил),  Амир Ҳайдар Ибн Амир Муҳаммад Хуросоний (вафоти ҳижрий 958 йил) нинг ҳам қабри, ўз даврида “Мўминлар шайхи” мақомида бўлган Шайх Абдул Карим (вафоти ҳижрий 1017 йил) каби бир неча улуғ алломанинг қабр тошлари бор. 

Мақбара соҳиби ҳақида Самарқанд давлат музейи қўриқхонаси қўлёзмалар фондида сақланаётган “Самарқанд авлиёлари қабри” қўлёзма рўйхатида қайд этилган ва бу зот “Ошиқ Атойи” номи билан машхур эканлиги айтилган. Мавлоно Ошиқ Ота аслида ўз замонасининг тасаввуф олимларидан бири бўлган. «Ошиқ Ота»нинг асли исми мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ деб қайд этилган. Шунингдек, ушбу ҳужжатларда мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота зиёратгоҳига тегишли ерларнинг вақфи тўғрисидаги ҳужжатлардан қимматли маълумотлар олиш мумкин.

Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота асли ким бўлган, касби нима, қаерда, қачон туғилган, деган саволлар бироз ўйлантирса-да, аммо бу ернинг зиёратига бир келиб кетилса, киши кўнгли равшан топиб, қалбида илоҳий бир сокинлик пайдо бўлади.

Бу табарук зот ҳақида ажойиб таърифлар ҳам айтилган: “Ҳазрати мавлоно Неъматуллоҳ Ошиқ Ота таълим-тарбия ривожида, устозлар хизматида, шогирдлар камолоти негизида, йиллар давомида нур сочиб, Яратганнинг ишқидаги мажзублиги оқибатида муршид ва муридлар нигоҳию таъбирида «Мавлоно Ошиқ Ота» нисбатини олдилар. Бу зотни исмига Ошиқ Ота номини қўшиб айтилишига сабаб шуки, Аллоҳни хақиқий ошиқларидан бўлганлигига нисбат берилган. Ота номини қўшилишига эса бутун мусулмон оламига маънавий ота ҳисобланган. Жумладан, тарихдан маълум бўлишича, Аллоҳнинг пайғамбарлари ва авлиё бандалари бошқа барча инсонларга маънавий жиҳатдан ота ҳисобланган. Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота улуғ авлиёлардан бўлиб, кўплаб каромат соҳиби бўлган. Ўз замонасида қаттиқ дардга чалинган инсонлар бу зотнинг дуолари сабаб Аллоҳнинг изни билан шифо топганлар.

Мана бир неча йилдирки, Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Отанинг қабрлари устида қад кўтарган мақбара пойи қадамига одамлар келиб, зиёрат қилиб, руҳий сокинлик ва маънавий озуқа олиб келишмоқда”. 

Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота ўз фаолияти давомида ижод билан ҳам шуғулланган, унинг етук шеъриятдан олий мақомот соҳиби бўлганлиги, ҳатто “Девон” тузганлиги ҳақида маълумотлар бор. Мазкур девон “Девони ошиқ” номи билан Тошкент давлат шарқшунослик институтининг музей фондида сақланмоқда.  

Хўш, биз нима учун ўтмишда ўтган азиз авлиёларимизни қабрларини зиёрат қилиб келамиз?

Бу саволга қуйидагича фикрлар келтирилган: «Аллоҳ таоло ўз каломи бўлмиш Қуръони Каримда “Аллоҳнинг йўлида қатил бўлганларни ўликлар деб ҳисобламанглар, балки улар тирик, Роббилари ҳузурида ризқланмоқдалар” ("Оли Имрон" сураси, 169-ояти) деб марҳамат қилинган. Мутааххирин уламоларнинг таърифида шундай дейилган: “Қилич қинидан чиққанда, унинг кескирлиги кучли бўлганидек, авлиёларнинг руҳи танасидан чиққач, уларнинг руҳи ҳам шу қилич каби ўткир бўлур, “Огоҳ бўлингким, Аллоҳнинг дўстларига хавф йўқдир ва улар хафа ҳам бўлмаслар. Улар иймон келтирганлар ва тақво қилгандирлар. Уларга дунёда ҳам, охиратда ҳам хушхабар бор” ("Юнус" сураси, 62-63-оятлар).

Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо салоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида “Олимлар пайғамбарларнинг меросхўрларидир” дейилган. Шу сабаб азиз авлиёлар ва олимларнинг дунёдан ўтгандан сўнг ҳам ҳурмати жойига қўйилиши шарт, деб қаралади. Бизнинг мусулмон диёрларда азиз-у авлиёлар ва олимларга мақбара барпо қилиш шу сабабли жорий қилинган.

Хуллас, бугунги кунда ҳам Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Ота ҳурматини жойига қўйиб, ихлос билан келиб зиёрат қилган киши, албатта, ул азиз авлиёнинг баъзи кароматларини билади. 

Дарвоқе, бу зотнинг мақбараси ёнида Сугал ота қабри бор, бир томонидагисини эса Чилла ота қабри дейишади. Зиёратгоҳ соҳибларига нисбатан айтилишича, бу қабрлардаги зотларнинг номларини Сугал ота ва Чилла ота деб аталишининг сабаби бор эмиш. Зеро, бу зотларнинг зиёратига ихлос билан келиб, хоки-покларини ният билан қўлларига суртганда сугаллари тўкилган ва чашма сувида ювинганда чилла касалликларидан шифо топишган ҳамда ўша сувдан истеъмол қилганда кўк йўталдан қутулган эканлар. Аммо аҳоли «Бу каби шифоли ҳодисалар аслида Ҳазрати мавлоно Мир Неъматуллоҳ Ошиқ Отага Аллоҳ инъом қилган кароматлардандир», дейишади. 

Усмон Санақулов,

СамДУ профессори.