Android qurilmalar uchun Zarnews.uz mobil ilovasi. Yuklab olish x

“Осон хизмат” вакиллари Халқ қабулхонасида бўлди

Мамлакатимизда меҳмон бўлиб турган Озарбайжон Республикаси “Осон хизмат” фуқароларга давлат хизматлари кўрсатиш ва ижтимоий инновациялар агентлиги раҳбари Азад Жафарли бошчилигидаги делегация 16 январь куни Самарқандга келди.

Меҳмонлар дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президентининг Самарқанд вилоятидаги Халқ қабулхонаси фаолияти билан танишди.

Президентимиз ташаббуси билан ташкил этилган мазкур тузилма фуқароларнинг мурожаат ва таклифлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш, жойларда юзага келаётган муаммо ва камчиликларни тезкор бартараф этиш, аҳолининг давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига мурожаат қилиш ҳуқуқини кафолатлашга хизмат қилаётгани таъкидланди.

Азад Жафарли Халқ қабулхоналарида аҳоли учун барча зарур шарт-шароит яратилгани, давлат бошқаруви органлари, ҳуқуқ-тартибот идоралари ва бошқа ташкилотлар шу ерда сайёр қабуллар ўтказишини ўрганса арзигулик тажриба деб баҳолади. Халқ қабулхоналарининг туман ва шаҳарларда ҳам ташкил этилгани эса аҳоли учун жуда катта қулайлик эканлигини таъкидлади.

Озарбайжонлик меҳмонлар Самарқанднинг муқаддас қадамжо ва тарихий обидаларини ҳам зиёрат қилди.