Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Отаси тенги одамга аранг салом берган “каттакон” шу тизимда маънавиятчиларнинг раҳбари экан

Меҳнат фаолиятим давомида хизмат тақозоси билан бошқармаларнинг бошлиқлари, ҳокимлар, бир неча вазирларнинг қабулида бўлишимга тўғри келган. Ўзимнинг анча ёшлигим, уларнинг лавозими жуда юқорилиги сабабли қабулга киришдан олдин қаттиқ ҳаяжонланганман. Лекин уларнинг қабулларига киришим билан бутунлай бошқача  ҳолатни кўриб, ҳаяжонларим йўқолган, ўз фикрларимни ҳам тортинмасдан билдира олганман. Чунки, улар кабинетларига киришим билан саломимга алик олиб, ўринларидан туриб, қўл бериб саломлашиб, ўтиришим учун жой кўрсатишган. Ҳатто айримлари дарров бир пиёла чой ҳам тутишган. Кетишимда ҳам эшиккача кузатиб қўйишган.

Шундан бўлса керак, мен ҳам иш юзасидан бўладими, шахсий масала юзасидан бўладими, ҳузуримга келганларни худди шундай ҳурмат билан қабул қилишга одатланганман.

Аслида, одамлар билан, айниқса, катта ёшдагилар билан кўришганда ўриндан туриб, уларнинг ҳурматини жойига қўйиб саломлашиш халқимизга хос қадриятлардан ҳисобланади.

Ҳозирги кунда кўплаб бошқарув органларида ёшлар ишламоқда. Бу жуда яхши, албатта, билимдон ёшлар келажагимиз. Лекин уларнинг маънавияти қандай?

Ушбу масалага деярли эътибор берилмаяпти, деб ўйлайман. Хизмат юзасидан давлат идораларига кирсангиз, “мансаби ҳам ўзига яраша” ёш йигитлар ўтирибдики, гўё улардан катта одам йўқ, салом бериб қўл узатсангиз, эринибгина, кибр билан, ўтирган “позасини” ўзгартирмасдан зўрға қўл узатади. Ҳолбуки, унинг ёнида кўпни кўрган, ёши отасидан ҳам катта инсон турибди, балки унинг “йигитчага” илтимоси ҳам йўқдир, аксинча, ёрдами тегар ёки бўлмаса унинг ишини ҳал қилиш учун келгандир. Буни “йигитча” тушунмайди, тушунишни ҳам хохламайди, чунки у “катта одам”.

Яқинда худди шундай ҳолатнинг гувоҳи бўлдим. Иш юзасидан вилоят бошқармаларидан бирининг масъул ходими билан учрашдим. У мени “ёши катта ўқитувчи ёки тизим ходимларидан бўлса керак”, деб ўйлади, шекилли, ўтирган жойида эринибгина қўл узатди. Ҳайрон қоласан киши, нотаниш киши ҳузурингга кириб келди,  кўриниб турибди ёши ҳам сендан анча катта, отанг тенгидир балки, ёши ҳам майли, у балки балки биронта юқори ташкилотдандир, мабодо мансабига қараб саломлашадиган бўлсанг? Умуман олганда фарқи нима? Ҳузурингга келган одам билан, одоб нуқтаи назаридан ўрнингдан туриб саломлашсанг, ҳурматинг пасайиб қоладими? Ажабланарлиси шундаки, бу “каттакон” шу тизимда маънавиятчиларнинг раҳбари экан!

Хуллас, шу каби ҳолатлар ҳаётимизда кўп учрайдиган, кейинги пайтларда  ёшларнинг ўзидан катталарга ҳурматсизлиги танқид қилинганда ушбу масала ҳам кўтариладиган бўлиб қолди. Кўчадаги ёшларни ўша жойнинг ўзида танқид қилса бўлар,  лекин “катта лавозимдаги йигитчалар”га ким панду-насиҳат берар экан?

Абдуқодир Нишонов,

“Нуроний” хайрия жамғармасининг

Самарқанд вилоят бўлими ходими.