Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ўтган йил шов-шувларга сабаб бўлган 64-сонли мактаб-интернатида айни пайтда қандай ишлар амалга ошириляпти?

Ўтган йил ижтимоий тармоқларда Самарқанд шаҳридаги 64-сон алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб-интернати тарбияланувчиларининг калтаклангани, собиқ директор Ш.Саъдиновнинг жиноий жавобгарликка тортилиши ҳақидаги хабарлар одамлар орасида шов-шувларга сабаб бўлди. Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида айни пайтда қандай ишлар амалга оширилаётгани билан қизиқдик ва муассаса директори Абдуҳалим МЕЛИЕВни суҳбатга тортдик.

– Муассасада кадрлар ҳам, тизим ҳам тубдан ўзгарди, – дейди А.Мелиев. – Тарбияланувчилар билан индувидуал ҳолатда ёндашишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ҳар ҳафтанинг жума куни директор ва белгиланган гуруҳ аъзолари иштирокида ҳар бир тарбияланувчи билан суҳбат олиб бориш йўлга қўйилди.

– Сиз раҳбарлик қилаётган муассаса бошқа мактаб-интернатлардан нимаси билан фарқ қилади?

– Ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва уларнинг касб-ҳунар тайёргарлиги ҳамда ижтимоий-педагогик реабилитациясини амалга ошириш учун хизмат қилади. Шунингдек, ёшларни жисмонан ва руҳан соғлом вояга етказиш, меҳнатсеварлик, ватанпарварлик ғояларини шакллантириш мактабнинг асосий вазифаларидан. Ушбу муассаса республикада ягона бўлиб, болаларнинг ёшига мос бўлган психофизио­логик мойилликлари, шу билан бирга, қизиқишларига, ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда ақлий, эмоционал ҳамда жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи ишлар амалга оширилади.

Бу ерда ишлаётган педагог ва тарбиячилардан умумий ўрта таълим мактаблари ходимларига нисбатан кўпроқ билим, малака ҳамда ҳаётий тажриба ва фидойилик талаб этилади. Мазкур муассасада болаларнинг ҳар томонлама назорати йўлга қўйилган бўлиб, уларнинг тарбияси учун қилиниши керак бўлган барча ишлар амалга оширилади. Болаларга бу ерда таълим-тарбия берилади ва касб-ҳунар ўргатилади.

– Бу мактабни битирган болалар соғ­лом турмуш тарзига қайтадими?

– Таълим-тарбия жараёнидан четда қолган, ўқитувчилар ҳамда ота-оналар ва ўртоқлари билан нормал муносабат ўрната олмаган, қалб туйғуларини ошкор этишнинг тўғри йўлларини тополмаган ёшлар тарбияси оғир болалар сирасига киради. Кузатишлардан маълум бўлишича, тарбияси оғир болаларнинг сони қаерда ва қачондир уларга алоҳида эътибор қаратмаслик оқибатида кўпайиб боради.

Тарбияси оғир болаларда қайсарлик, ўжарлик, қўполлик сингари салбий хусусиятлар мактабга келмасданоқ бошланиши мумкин. Бу албатта, у яшаётган муҳит билан боғлиқ. Баъзи бир оилаларда ота-оналар фарзандларига етарли эътибор бермайдилар ёки уларни эрка қилиб ўстирадилар. Оналар эса болаларининг ёмон хулқ-атвори ва хатти-ҳаракатини оталаридан яширишга уринади. Оқибатда бундай оиладаги болалар тарбияси оғир бўлиб вояга етади.

Ҳар бир тарбияланувчига индивидуал ёндашган ҳолда муносабатда бўлиб, уларнинг маънавий оламини эзгулик ғоялари билан бойитсак, албатта, соғлом турмуш тарзига қайтишига эришамиз.

– Аввалгидек кўнгилсиз ҳолат юзага келмаслиги учун ўқитувчи ва тарбиячилар билан қандай иш олиб борилди?

– Қонун бузилиши ҳолатлари, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият туғдирган шарт-шароитларни бартараф этиш мақсадида "Таълим тўғрисида"ги қонун, Вазирлар Маҳкамасининг 2010 йил 26 ноябрдаги қарори билан тасдиқланган "Алоҳида шароитларда таъминлаш, тарбиялаш ва таълим беришга муҳтож болалар учун ихтисослаштирилган мактаб тўғрисида"ги низом талабларининг аниқ ва тўғри бажарилиши юзасидан тегишли чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилди.

Жумладан,

– давлат таълим стандартлари талабларининг тарбияланувчилар томонидан ўзлаштириш мониторинги олиб бориш ва аниқланган камчиликларни бартараф этиш йўлларини амалга ошириш;

– болаларни юқори профессионал даражада ўқитиш ва тарбиялаш, ўз касбий кўникмаларини ва педагогик маҳоратини доимий равишда такомиллаштириб бориш;

– педагог ахлоқ-одобига риоя этилиши, болаларнинг қадр-қиммати ҳурмат қилиниши, болаларни тазйиқдан ҳимоя қилиш, уларни меҳнатга, ота-онага ҳурмат, атроф-муҳитга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш руҳида тарбиялаш каби мақсадлар асосида зарур чора-тадбирларни амалга ошириб келмоқдамиз.

Болаларнинг тарбияси учун ўқитувчи ва тарбиячилар орасида ҳам ҳушёрликка алоҳида эътибор қаратиляпти. Қолаверса, бинонинг ҳар бир қисми видеокузатув орқали назорат қилиб борилмоқда.

Болаларни баркамол вояга етказиш мақсадида уларнинг Самарқанд шаҳридаги турли тарихий ёдгорликлар, диққатга сазовор жойлар, ҳарбий қисм ва таълим муассасаларига саёҳати ташкил қилинмоқда. Бундан ташқари, болаларнинг ота-оналари билан ҳам мақсадли ҳамкорликни йўлга қўйдик. Албатта, бу ишлар ўз самарасини беришига ишонамиз.

Абдужаббор ПЎЛАТОВ суҳбатлашди.

Таҳририятдан: Мазкур мақола саҳифаланаётганда "Facebook" интернет тармоғида мактаб-интернат раҳбари А.Мелиевнинг қуйидаги гапларини ўқидик:

"Мана, олти ойки, шу интернатга мен раҳбарлик қиляпман. Муҳит жуда оғир, болаларнинг ички дунёси унданда оғир. Ш.Саъдинов бу ерда 5 йил қандай чидаб ишлади экан, дейман баъзида.

Интернатга болалар республика бўйича турли хил жиноятга қўл уриб, суднинг ҳукми билан келтирилади. Улар орасида оғир жиноят қилганлари ҳам бор. Тасаввур қилинг, уйингизда битта тўполончи бола билан қанчалик қийналасиз. Интернатда эса уларнинг сони 150-160 нафар. Бугун бир гапни айтган бола эртага бошқа гапни айтади. Уларни тарбиялаш, йўлга солиш жудаям қийин. Интернат ҳовлисидан чиқиб кетиш учун ҳар қандай ишдан қайтмайдиганлари бор. Ҳаммаси ҳам эмас, албатта..."