Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Ойдаги тўқнашув ёхуд Ер йўлдошини ўзлаштириш нега тўхтаб қолганди?

Россия ва АҚШнинг бугун Ойни ўзлаштиришга яна қизиқиб қолгани беихтиёр кишида қатор саволлар туғдиради: Ўтган асрнинг 70-йилларида СССР ва АҚШ нега бир вақтнинг ўзида космик дастурларини Ойни тадқиқ этиш ва келажакда уни мустамлакага айлантириш сари буриб юборишди. Ва… ва нега ўша лойиҳалар кутилмаганда тўхтаб қолган эди?

ОЙДАГИ БИРИНЧИ ОДАМЛАР ВА НУЖЛАР

2019 йилда дунё АҚШ астронавтларининг Ойга қўнганлигининг 50 йиллигини нишонлайди. Бу инсоният тарихида мисли кўрилмаган жасорат, одамзод ақл-заковатининг буюк кашфиёти эди. Лекин савол туғилади: нега шу оламшумул воқеадан сўнг Ойни ўзлаштириш бўйича НАСА илмий дастурини узоқ 30 йилга музлатиб қўйди? Ахир НАСА 1978 йилдан 1980 йилгача Ой атрофи орбитасига одам яшайдиган станция чиқаришни режалаштирган, кейинроқ 1983 йилда Ойнинг ўзида доимий станция базасини қуришни мўлжаллаган эди-ку.

Нега Ойда "Звезда" базасини қуриш бўйича совет академиги В.Бармин раҳбарлигида ишлаб чиқилган лойиҳа стол тортмасида қолиб кетди?

Агар Ойни ўзлаштириш бўйича СССР ва АҚШ дастурларининг амалга ошмай қолгани ҳақида расмий маълумотларга ишониладиган бўлса, бу лойиҳаларни рўёбга чиқариш жуда қимматлик қилган экан. "Йўқ, бу асосий сабаб эмас", деб ёзишади таниқли муаллифлар И.Осовин ва С.Почечуев ўзларининг "Ойнинг махфий цивилизацияси" китобида. "Апполон-10" астронавтлари Ой орбитасидан Ерга 8 та аъло даражадаги рангли репортаж узатдилар.

Савол туғилади: унда биринчи одамларнинг Ойга қадам қўйгани қайд этилган тасвирлар нега оқ-қора ва ўта хира эди? Нимадир халақит бердимикан? Нега?

…2006 йилда ВВС телеканалида шов-шувга сабаб бўлган ҳужжатли фильм намойиш этилди. Унда дунёда иккинчи бўлиб Ойга қадам қўйган Эдвин Олдрин "Апполон-11" экипажи кутилмаганда НУЖ-номаълум учувчи жисм билан тўқнашгани ҳақида сўзлаб берди: "…объект бир-бирига уланган иккита эллипс ёки қўнғироққа ўхшарди… чамаси бир соат давомида "Апполон-11"ни таъқиб этди".

"ОЙПАРАСТ"ЛАР ҲАҚИДА  ГУВОҲЛАР КЎПАЙМОҚДА

Сал бўлмаса фалокат билан тугаёзган Ой экспедицияси иштирокчиси Жон Свайгрет 10 йил ўтиб, шундай хотирлаган эди: "Апполон-13" экспедицияси жараёнида биз стакан шаклида оқ-сариқ объектни кўрдик. Унинг икки томони ўткирланган қаламга ўхшарди. Бу ғалати объект "ювошгина" кўринарди, на у ёққа, на бу ёққа қимирламасди. "Апполон-13"дан 100-150 метр нарида гўё бизни томоша қиларди. Сўнгра худди момиқ булутга ўхшаб тусини ўзгартирди ва ўзидан оппоқ нур йўналтирди. "Апполон-13" космик кема иллюминатори худди сут сепилгандай оқариб, у орқали ҳеч нарсани кўриб бўлмай қолди. Кутилмаганда объект қизил нур чақнатди, астронавтлар саросимага тушиб қолишди, асосий кислород идиши портлади. Кема командири Жеймс Лоуэлл музлаб қолган команда хизмат бўлмасига ўтиб, пульт орқали Ерга - учишни бошқариш марказига жой тайёрлаб, кемани қўндиришга рухсат сўрамоқчи бўлганида пульт ишдан чиққан, бўлма ағдар-тўнтар бўлиб ётарди. Бўлмада кимдир бўлган эди. Аммо ким, қаердан кирган? Ахир люк маҳкам ёпиқ эди-ку!

Бундан ҳам шов-шувли воқеа 2008 йил 23 июлда рўй берди. 1971 йил февралда "Апполон-14" экипажи таркибида Ойда бўлган Эдгар Митчелл ўз интервьюсида ўзга сайёраликлар мавжудлигини очиқ айтди. Аммо ҳукумат уларнинг Ерга ташрифини яшираётганини таъкидлади. 77 ёшли Митчелл келгиндилар билан алоқада бўлган НАСА ходимлари уларни "Бизга ўхшаш, аммо митти одамлар" сифатида тасвирлаганини айтди.

- Мен сайёрамизга НУЖлар ташрифининг гувоҳи бўлганимдан бахтиёрман. Бу ҳақиқат, - дейди Эдгар Митчелл. - Аммо кейинги 60 йилдан кўпроқ вақт давомида ҳукумат, ҳарбий маҳкамалар вакиллари буни билишса-да, негадир оммадан сир тутиб келишмоқда. Лекин биз барибир чинакам ўзга сайёраликлар билан юзма-юз учрашадиган дам келиши аниқ. 1947 йилда Американинг Розэлл шаҳри яқинида ўзга сайёраликлар ҳалокатга учрагани ҳам ҳақиқат. АҚШ ҳарбийлари келгиндиларнинг жасади, кемаси қолдиқларини олиб кетиб, сир сақлашган. Оммани ҳарбий самолёт ҳалокатга учради, деб чалғитишганди.

Ушбу тадқиқотларда энг қизиғи, астронавтлар Ой ўзга сайёраликлар томонидан бизни кузатиш, олис сайёраларга парвоз чоғида қўниб учиш учун, Ер атрофида айланиш учун қолдирилган қадимий ва махфий яшаладиган космик кема деган тахминни инкор этишмайди. Савол туғилади: НУЖлар ва "Ойпарастлар" ҳақида бевосита Ер йўлдоши - Ойда бўлган одамларга ишонмай, кимга ишониш мумкин?

Агар шундай бўлса, ерликларнинг Ойни ўзлаштиришга уриниши яхшилик билан тугамайди... Яна ким билади дейсиз.

"Мир новостей" (2018 й.

47-сон)дан қисқартирилган ҳолда Т.ШОМУРОДОВ

таржимаси.